Ўзбекистонда юқори сифатли француз виноси ишлаб чиқариш учун Франциядан токнинг "Каберне", "Савиньон" ва "Шардонне" навлари кўчатлари олиб келинган.
Франциядан винобоп¸ шакари кам узум кўчатлари олиб келиш билан шуғулланаëтган лойиҳа мутахассисига кўра¸ ”кимёвий ишлов берилган узум новдаси Ўзбекистонга олиб келиниб “ин витро” (пробирка ичида) усулида” кўпайтирилмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, Ўзбекистондаги 73 минг гектар узумзорнинг фақат 10 минг гектарида винобоп узум етиштирилмоқда:
Намангандаги “Янгиқўрғон шароб” вино заводи директори Машраб Мақсумовнинг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи ортидан мамлакат вино ишлаб чиқариш соҳасини модернизациялаш йўлида катта қадамлар қўйилган:
- Виночилик соҳаси деярли тўхтаб қолган эди. Чунки токзорлар чопиб ташланган эди. Энди Франциядан келган ва асосан "сухое вино"га мўлжалланган токлар ҳосилга кирса, нафақат Янгиқўрғон вино заводи балки бошқа заводлар ҳам тўла қувват билан ишлаб бошлайди.
Фанлар академияси вино билан шуғулланмоқда
Ўзбекистонда юқори сифатли француз виноси ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа мутахассисининг Озодликка айтишича, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги¸ “Ўзбекшаробхолдинг”, “Ўзшаробсаноат” ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг лабораторияларида юқори сифатли француз виноси ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш бўйича фаол жараëн кетмоқда.
Органик винолар ишлаб чиқарувчи ширкатларнинг Чехиядаги диллери Наталия Леганованинг Озодликка айтишича¸ “Ўзбекистоннинг қуëшли иқлими юқори сифатли вино қилинадиган узум етиштиришга имкон беради. Бу соҳа Ўзбекистон иқтисодига жуда катта фойда келтиради. Бугуннинг ўзида Ўзбекистоннинг вино маҳсулотини (вино хом ашëси) Испания ва Франция сотиб олмоқда. Шу фактнинг ўзи ўзбек виночилик соҳаси рентабелли эканлигидан далолатдир".
Озодлик суҳбатлашган «Ўзшаробсаноат» етакчи мутахассисининг Озодликка айтишича, виночиликни ривожлантириш учун давлат бюджетидан жорий йилда «Ўзшаробсаноат» ва Инновацион ривожланиш вазирлигига 30 миллиард сўм ажратилган:
- Бу сумма юқори сифатли вино ишлаб чиқариш технологиясини яратиш учун ажратилди.
Мутахассиснинг айтишича, "Бундан ташқари мамлакатдаги 62 та вино заводларини модернизацилашга алоҳида маблағ ажратилди. Бахмал туманида вино ишлаб чиқарувчи агрокластер яратиш лойиҳаси 75 миллиард сўм деб белгиланди. Бунинг 27 миллиардини инвесторлар киритди¸ 48 миллиарди эса, кредит ҳисобидан бўлади".
«Ўзшаробсаноат» етакчи мутахассисига кўра¸ Бахмалдаги агрокластер 5000 тонна узумни қайта ишлайдиган завод ва вино марказидан иборат бўлади:
- Вино маркази Ўзбекистонда вино туризмини ривожлантириш йўлидаги илк қадамдир. Бу масканга келган одам винолардан татиб кўриши ва Ўзбекистонда вино ишлаб чиқариш тарихи билан танишади. Масканда шоирларнинг шаробни улуғловчи ғазал ва рубоийлари янграб турадиган аудио қурилмалар бўлади.
Шароб соҳаси президент назоратида
Жорий йил августида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев вино ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича селектор йиғилиши ўтказиб “Бу соҳа 25 йил давомида қаровсиз қолгани ва уни ривожлантириш бугунги куннинг устивор” йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаган эди.
Ўзбекистон президенти ўша селектор йиғилишида токзорларнинг камайиб кетганидан хавотир билдирган эди.
Намангандаги “Янгиқўрғон шароб” вино заводи директори Машраб Мақсумовнинг айтишича¸ Ўзбекистондаги жами 73 минг гектар узумзорнинг фақат 10 минг гектарида винобоп узум етиштирилмоқда:
- Бу жуда кам. Вино заводларининг тўла қувватда ишлаши учун¸ айниқса сухой вино (шакари кам) ишлаб чиқариш учун токзорлар кўпайиши керак. Франциядан 60 минг кўчат олиб келинганини олқишлаймиз. Лекин бу кам.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ҳавотирлар
Айни пайтда "Ўздавкарантин" ташкилотининг Озодлик суҳбатлашган мутахассиси Франциядан олиб келинган токларда мавжуд бўлган филлоксера зараркунандаси Ўзбекистондаги токзорларни қириб юбормаслиги учун бу токлар махсус ишловдан ўтказилаëтганлигини айтди:
- Бу ишлов қилиниши зарур бўлган бирламчи ишдир. Яқинда Францияга бориб келдик. Францияда токнинг ашаддий зараркунандаси филлоксера борлигини кўрдик. Бу ҳашарот узум токига қўшилиб келмаслиги учун ток қаламчаларини “ин витро” (пробирка ичида) кўпайтиришга қарор қилдик..