Оренбургда одам скелети ва унинг ёнидан ўзбек ватандошининг паспорти топилди

Оренбург областининг Россия-Қозоғистон чегарасига яқин Акбулак қишлоғидан топилган одам скелети.

Оренбург областидаги (Россия Федерацияси) Россия-Қозоғистон чегарасига яқин Акбулак қишлоғида одам скелети топилди.

Кимники эканлиги номаълум скелет ёнидан бир жуфт резина этик, қўлқоп ва 22 ёшли Сардор Норбоев номига берилган ўзбек фуқаросининг паспорти ва қўл телефони ҳам топилган.

Бу ҳолат ўзбек фуқароси бу йил қишда Қозоғистондан Россияга ноқонуний ўтаётиб музлаб қолган, деган тахминларни ўртага чиқарди.

Лекин антропология соҳаси мутахассисининг Озодликка айтишича, жасад қолдиқлари ҳолати фотосуратидан уни уч ой олдин ўлган одамники деб бўлмайди.

Оренбург вилоят Ички ишлар бошқармаси мулозими Акбулак қишлоғида топилган одам қолдиқлари ДНК анализи асосида ўрганилаётганини Озодликка билдирди.

Оренбург вилоятининг Акбулак қишлоғи Қозоғистоннинг шимолий-ғарбидаги Жайсен чегара масканидан 40 километр узоқликда жойлашган.

Ўтган ҳафта шу қишлоқ аҳолиси вакиллари одам скелетини топишди ва суратларини ижтимоий тармоқда эълон қилишди.

Кимники эканлиги номаълум скелет ёнидан бир жуфт резина этик, қўлқоп ва 22 ёшли Сардор Норбоев номига берилган ўзбек фуқаросининг паспорти ва кўл телефони ҳам топилган.

Жасад қолдиқлари ҳолатидан одам ўлимидан олдин резина этик ва қишки кийимда бўлганини англаш мумкин.

Скелет ёнидан 22 ёшли ўзбек ватандоши Сардор Норбоевнинг паспорти ва қўл телефони ҳам топилган.

Оренбургда топилган скелетнинг айнан Сардор Норбоевга тегишли экани ҳозирча маълум эмас.

Паспортга қаралса унинг эгаси Норбоев Қозоғистонга 23 январь куни "ер усти йўли орқали киргани" ва шу куни Қозоғистондан чиққанини тасдиқловчи Қозоғистон чегара хизмати муҳрларини кўриш мумкин.

Скелет ёнидан топилган паспортга қаралса унинг эгаси Сардор Норбоев Қозоғистонга 23 январ куни ер усти йўли орқали кирган ва шу куни Қозоғистондан чиққан.

Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидан бўлган 22 ёшли Сардор Норбоевнинг шу йил январь ойида Қозоғистон ва Россия орасидаги чегара ҳудудида бедарак йўқолганини унинг танишларидан бири тасдиқлади.

- Сардор январь ойи охирларида айнан шу ҳудудда йўқолган эди. Охирги марта у бизга 23 январь куни алоқага чиқиб, яқин фурсатда Жейсанда бўламан, деб айтганди. Ўшандан бери у билан боғлана олмаганмиз. Ҳозир Оренбургда топилган скелет шуники бўлса керак, деб тахмин қиляпмиз, - деди марҳумнинг дўсти - исми очиқланмаслигини сўраган йигит.

Январь ойи охирларида танишлари ижтимоий тармоқлар орқали 1996 йилда туғилган Норбоев Сардор Музаффарович йўқолганини эълон қилишганди.

Сардорни унинг яқинлари январ ойидан бери қидиришаётганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Россияга ишлаш учун 18 январда йўлга чиққан Сардор Норбоев бедарак йўқолгани ҳақида унинг онасидан маълумот тушганини 19 апрель куни Озодликка билдирди.

"Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидан бўлган Норбоев 2019 йил 18 январь куни Россия Федерациясига ишлаш учун кетиб, бедарак йўқолгани ҳақида унинг онаси Саломова Раима Азамовна шу йилнинг 26 февраль куни Навоий шаҳар прокуратурасига маълум қилган. Норбоев оҳирги марта жорий йилнинг 23 январь куни телефон орқали Қозоғистон ҳудудида эканлигини маълум қилган. Шундан сўнг, оила аъзоларига умуман қўнғироқ қилмаган", - дейилади Бош прокуратура билдирувида.

Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси бедарак кетган ўзбек ватандоши ҳақида ўз линияси бўйича мазкур воқеага алоқадор мамлакатларга расмий сўров юборган.

- Жавоб бўлиши билан хабар берамиз, - дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати билдирувида.

22 ёшли Сардор Норбоев шу йил январ ойида Қозоғистон-Россия чегарасидаги ҳудудда бедарак йўқолган эди.

Жорий йил январь ва февраль ойларида Қозоғистон шимоли ва Россиянинг Қозоғистонга туташ айрим митақаларида аномал совуқ қайд этилди.

Мазкур ҳудудда ҳаво ҳарорати тунда - 40 даражагача тушгани маълум.

Лекин, антропология соҳаси мутахассисининг Озодликка айтишича, жасад қолдиқлари ҳолатидан унинг уч ой олдин ўлган одамники деб бўлмайди.

​Айни пайтда Оренбург вилоятининг Акбулак қишлоғида топилган одам қолдиқларини вилоят Ички ишлар бошқармаси ДНК анализи асосида ўрганмоқда.

- Ҳозир текширяпмиз, натижалари маълум эмас, - деди Оренбург ИИБси матбуот хизмати вакили 19 апрель куни Озодлик мухбирига.

Қозоғистон ва Россияга иш излагани автобус ёки машиналарда йўлга чиққан ўзбек муҳожирлари йўлда музлаб қолиши ҳар йили қишда бўладиган ҳодисалардан саналади.

Россияда миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинган ўзбекистонликлар эса йўлда совуқ қотиб қолишдан қўрқмай Россия чегарасини айланма йўллар орқали пиёда кесиб ўтишади.