Қозоқ тадбиркори Ўзбекистонда "тортиб олинган мулкини" қайтаришда Мирзиёевдан ёрдам сўрамоқда

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида яшаётган тадбиркор Назим Мамедов.

Тошкентда 1994-2016 йилларда фаолият юритган "Лифт Монтаж Созлаш" МЧЖ ҳамда "Каспий" МЧЖ қурилиш ширкатларининг эгаси Назим Мамедов тўрт йил аввал Ўзбекистонда мусодара қилинган мулкини қайтариб олишда ёрдам сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.

Қозоғистон фуқароси бўлган 56 яшар тадбиркорнинг Озодликка айтишича, 2016 йилда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати, Прокуратура ва бошқа давлат органларининг қора ниқобли ходимлари унинг ширкатида "маски шоу" ўтказган.

Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари Мирағлам Мирзаев бошчилигида ўтказилган рейдлар ортидан Мамедов ва ширкатнинг бошқа ходимларига иқтисодий жиноятлар, жумладан савдога оид қонунчиликни бузганлик айби қўйилиб, суд қарори билан унинг 5 млрд. сўмлик мол-мулки мусодара этилган.

Тадбиркорнинг ўзи эса 15 кунлик қамоқ ортидан Қозоғистонга бадарға қилинган ва унинг Ўзбекистонга кириши тақиқлаб қўйилган.

Ҳозирги кунда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида яшаётган Назим Мамедов 31 январь куни Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги ислоҳотлардан умидланиб, "асоссиз ва ноқонуний тортиб олинган мулки"ни қайтариб олишда ҳамда Ўзбекистонга қайтишга ва бизнесини давом эттиришга ёрдам сўраб Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилганини айтди.

5 миллиард сўмдан кўпроқ турадиган мулкимни Мирағламни одамлари тортиб олди.

- Мен Ўзбекистонда топталган ҳақ-ҳуқуқимни тиклашни, тортиб олинган мол-мулкимни қайтаришни сўраб президент Мирзиёевга хат жўнатдим. 5 миллиард сўмдан кўпроқ турадиган мулкимни Мирағламнинг одамлари тортиб олди. Камига Тошкентдаги квартираларимни ҳам мусодара қилди. Ўзимни эса 15 кунга қамаб, бадарға қилишди. Мана тўрт йилдирки Ўзбекистонга боролмайман. Ҳозир янги президент Мирзиёев ислоҳотлар қиляпти. Мени мулкимни тортиб олганлар қамалди. Тошкент зампрокурори Мирағлам Мирзаев ҳам қамалди. Шу ўзгаришлардан умидланиб Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига бордим, Мирзиёев номига ёзилган хатни уларга топширдим. Жавобни кутяпман, - дейди Назим Мамедов.

Қозоғистонлик тадбиркор Назим Мамедовнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ёзган хати.

2018 йилнинг июнь ойида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги бош прокурори Рашитжон Қодировга қарши қўзғатилган жиноят иши доирасида 24 шахсга айблов эълон қилинган, шулардан 21 нафари қамоққа олинган эди.

Ҳибс қилинган 21 шахс орасида Тошкент шаҳри прокурорининг собиқ ўринбосари бўлиб ишлаган Мирағлам Мирзаев, унинг рафиқаси ва ўғли борлиги хабар қилинганди.

2019 йилнинг июн ойида бўлган маҳкамада Қодиров 10 йилга қамалди, Мирағлам Мирзаев ва унинг рафиқаси ҳамда ўғли озод этилди.

Қозоғистонлик тадбиркор Назим Мамедовнинг Ўзбекистонда мулки асоссиз ва ноқонуний тортиб олингани ҳақидаги иддаолари юзасидан Озодлик Ўзбекистон Бош прокуратурасидан изоҳ ололмади.

Қозоғистонлик тадбиркор Ўзбекистонда Ислом Каримов президентлиги даврида қатор йирик хорижий ширкатларнинг беркитилиши, айрим чет эллик ишбилармонларнинг маҳкамага тортилиши ва уларга тегишли мол-мул тортиб олиниши сармоядорларни бу мамлакат бозорига киришдан чўчитиб қўйганини айтади.

Назим Мамедовнинг айтишича, Ўзбекистонда куйган тадбиркорлар холини кўриб инвесторлар Ўзбекистонни четлаб Қозоғистонга йўл олмоқда.

Йирик сармоядорлар Ўзбекистонга инвестиция олиб киришга эхтиёткор бўлиб қолишган.


- Йирик сармоядорлар Ўзбекистонга инвестиция олиб киришга эхтиёткор бўлиб қолишган. Улар Қозоғистонга келишмоқда. Президент Мирзиёев энди келинглар, шароит қилиб бераман, деяпти-да. Мен уни сўзларига ишоняпман. Ўзбекистонда бизнесимни қайтадан бошлашга тайёрман, лекин мени тортиб олинган мулким қайтариб берилиши керак, топталган ҳуқуқларим тикланиши лозим, - дейди Назим Мамедов.

Мамедов Ўзбекистонда Каримов даврида мол мулки тортиб олинган ягона тадбикор эмас.

2004-2011 йилларда Тошкентда "Туркуаз" савдо марказига асос солиб, фаолият юритган ширкат эгаси, 50 яшар Туркия фуқароси Воҳид Гунаш 2012 йил апрелида мусодара қилинган мол-мулкини қайтариш талаби билан Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилган.

Мурожаати эътиборсиз қолдирилгач, Гунеш Ўзбекистон ҳукуматига қарши даъво аризаси билан Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро марказ (International Centre for Settlement.of Investment Disputes -​ ICSID)ICSID га шикоят қилган эди.

Ўтган йил ноябр ойида марказ Ўзбекистон ҳукумати турк сармоядорига 40 миллион АҚШ долларилик товон тўлаши лозимлиги ҳақида ҳукм чиқарди.

Бундан ташқари 2006-2015 йиллар оралиғида МТС мобил телефон ширкати¸ “Вимм-Билль-Данн”, “Carlsberg”, Newmont Mining, Spentex Industries, Metal-Tech, Oxus Gold, United Cement Group каби ўнлаб ширкатлар Ўзбекистондан чиқиб кетган эди.