Бюджет талон-торожи ортаётганидан хавотир билдирилди. Раматовага тегишли бўлган офшор ширкат аксилкоррупция агентлигида саволлар уйғотди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.
Бюджет талон-торожи ортмоқда: ғазначилик оппоқми?
Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш кетаётган бўлса-да, таассуфки, коррупцион ҳолатлар камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда (“Ишонч” газетаси, 5 апрель).
2020 йилда 2,5 мингдан зиёд давлат муассасасида 301 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағи талон-торож қилингани, давлат харидларини нархни сунъий ошириш орқали амалга ошириш ҳолатлари аниқланган. 2021 йилда эса Ҳисоб палатаси 338 миллиард сўмли камомад, ўзлаштириш ҳамда самарасиз харажатларни фош қилган.
“Рақамлардан кўриниб турибдики, коррупцион ҳолатлар йил сайин ортиб бормоқда. Ваҳоланки, бизда бундай ҳолатларни бартараф этиш учун ташкил этилган ташкилотлар ҳам бор! Масалан, ғазначилик тузилмасини олинг”, деб ёзади газета.
Қайд этилишича, ғазначилик бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назоратни амалга ошириши белгиланган.
“Бюджет маблағлари ҳисобига бунёд этиладиган ҳар бир қурилишнинг, шу жумладан, бошқа ҳар қандай харажатларнинг амалга оширилишида ғазначиликнинг “рухсати”ни олиш ўзига яраша “азоб” эканини кўп эшитганмиз. Аммо... Юқоридаги коррупцион рақамларда ғазначиликдаги мутасаддиларнинг заррача айби йўқ деган гапга ишониш қийин. Умуман, айни фаолиятнинг самарадорлиги қанчалик таҳлил қилинмоқда? Мазкур ҳолатларга жавобгарлик борасида ҳам уларнинг “бетараф” қолиши нечоғли тўғри?” дея савол қўяди “Ишонч” газетаси.
Виктор Алимасов: Қўрқоқликдан ҳамон қутулолмаяпмиз, қутулолмасак ҳам керак
Ақл, тафаккур уйғоқ туриши учун жамиятга танқидий фикрлар сув билан ҳаводек зарур, дейди фалсафа фанлари доктори Виктор Алимасов фикр ва сўз эркинлиги хусусидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан (www.kun.uz, 7 апрель).
“Эсингизда бўлса, Шавкат Мирзиёевнинг президентликка келгач ёзган биринчи китоби ҳам танқидий таҳлил ҳақида эди. Бу президентнинг ўтган ва янги даврга бўлган муносабати аслида. Тушунган одамга бу ўзига хос сигнал ҳам эди. Натижада охирги йилларда ўзбек жамиятида аста-секин танқидий фикрлаш қобилияти шакллана бошлади. Бу борада биз кўплаб чиқишларни, ҳурфикрлик ва плюрализмга ҳаракатларни ҳам кўрдик”, дейди олим.
Суҳбатдош кейинги йилларда сўз эркинлиги борасидаги ортга қайтишларга ҳам муносабат билдирган.
“Ўйлашимча, ортга қайтишлар президент билан боғлиқ эмас. Негаки, аслида қўрқоқликнинг ўзи халқимизга хос хислат. Биз қанчалик ҳалим, меҳрибон ва эҳтиёткор бўлсак, бу қўрқоқлик символидек кўринади. Биз ана шу ҳалимлик, қўрқоқликдан қутулолмаяпмиз ва фикримча, қутулолмасак ҳам керак. Чунки бу халқнинг қонида бор”, дейди В.Алимасов.
Олим эркин яшашни истамаган киши асло эркин бўлолмаслигини урғулайди.
“Инсон аввало эркинликни исташи керак. Бунинг учун майдонларда ҳатто қон тўкилган. Ҳа, Ғарбда одамлар эркинлик учун қон тўккан. Бизда бундай бўлмади. Шунинг учун ҳам биз уни қадрламасак керак”, дейди у.
Файласуф бугун тараққиёт учун ғоядан кўра амалий иш муҳимлигини ҳам қайд этган.
“Ўйлашимча, гап ғояларни ўйлаб топишда эмас. Гап одамлар фаровон яшашини таъминлай оладиган стратегияда. Агар одамларга ва айниқса ўзбекларга фаровон яшаш омилларини кўрсатсангиз ҳамда шунга имконият берсангиз, у сизга ҳеч қандай ғоясиз ҳам эргашади, бирлашади ва жонини жабборга бериб ишлайди”, деб хулоса қилади у.
Раматовага тегишли бўлган офшор ширкат аксилкоррупция агентлигида саволлар уйғотди
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовнинг рафиқаси Раъно Раматовага тегишли бўлган офшор ҳудудлардаги компаниялар ва Швейцария банкларида очилган ҳисоб рақамларни ўргана бошлади (“Рост24”, 5 апрель).
Жорий йил февраль ойида Credit Suisse банкида Раматова хоним номидаги ҳисобда 1 миллион доллардан ортиқ маблағ бўлгани ҳақида маълумот тарқалганди. Р.Раматова “Daryo” нашри билан суҳбатда бу маълумотни рад этиб, ҳеч бир хорижий банкда ўзи ёки унинг оила аъзоларига тегишли ҳисобрақам мавжуд эмаслиги, илгари ҳам бўлмаганини маълум қилганди.
Жорий йил 31 март куни эса “Рост24” нашри “Раматова хоним ортидаги миллиардларга етакловчи бизнес империя ошкор бўлди” сарлавҳали мақола эълон қилди. Унда Коррупция ва уюшган жиноятларни тадқиқ қилиш марказига таянган ҳолда, “Ўзбекистон темир йўллари”дан пул ўзлаштириш учун Р.Раматова номига махсус офшор компания очилгани баён қилинади.
“Коррупция ва уюшган жиноятларни тадқиқ қилиш марказининг кейинги очиқлаган маълумотлари Раматова хонимнинг фамилияси Ўзбекистондаги яширин йирик молиявий ўйинларга аралашганини тасдиқламоқда. Бу сафар тадқиқот маркази тақдим этган ҳужжат ва тафсилотларни шунчаки “фейк” дея инкор қилиш имконсиздек”, деб ёзади “Рост24”.
Эндиликда Очилбой Раматов 10 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг офшор ҳудудлардаги молиявий ўйинларига алоқадорлиги ўрганилиши кутилмоқда.
Аввалроқ Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов Ўзбекистон амалдорларининг хорижда ҳисобрақам юритиши қонунан тақиқланиши ҳақида айтган эди.