Таниқли олим ёш тадқиқотчилар орасида плагиатлик авж олгани ҳақида гапирди. Ишчиларига намоз учун шароит яратиб берган тадбиркор ноҳақ жаримага тортилган. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.
“Мисли кўрилмаган бедодлик” – профессор илмий жамоатчиликка мурожаат қилди
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев илмий жамоатчиликка мурожаат билан чиқди (www.kun.uz, 22 февраль).
“Келинг, ҳақиқатга тик қарайлик! Ўзбекистон илм-фани тобора жар ёқасига яқинлашмоқда. Илмга кириб келаётган ёш олимлар орасида плагиатлик авж олди. Scopus’да мақола чиқариш худди шўролар даврида қандай бўлмасин пахта планини бажариш каби бўлиб бормоқда. Илмий кенгашда ректорлар кафедра мудирларига очиқдан-очиқ “Кўпроқ мақола ёзинглар ва бизнинг институт Top 1000таликка кириши керак”, деб қайта-қайта таъкидламоқда. Натижада деярли 80-90 фоиз илмий мақола ҳаводан олиб ёзиб ташланмоқда, айниқса, тиббиётда ана шундай ачинарли аҳвол”, дейди Тошкент тиббиёт академияси профессори.
З.Ибодуллаев кемирувчиларнинг Сардоба сув омбори тўғонига таъсирини аниқлаш учун Фанлар академияси мутахассисларининг “илмий сафар”га юборилиши шармандали ҳолат эканини айтган.
“Аввалига буни ҳазил деб ўйладим. Кейин билсам, ростдан ҳам Фанлар академиясининг Зоология институти мутахассислари Сардоба сув омборига “илмий сафар”га юборилган. ФА матбуот хизматининг маълум қилишича, сафарнинг мақсади ёввойи кемирувчилар ва бошқа ҳайвонлар фаолиятининг Сардоба сув омбори тўғонига таъсирини аниқлаш бўлган... Ҳурматли олимлар! Ўзбекистон тақдири ва унинг келажагини ҳокимлар ёки сиёсатчилар эмас, илм-фан белгилаб беришини биздан яхши биладиганлар бўлмаса керак. Кўриб турганингиздек, давлатни талон-торож қилган, юртга миллиардлаб талафотлар келтирган ва оддий халқни уй-жойдан маҳрум қилган бу сиёсатчилар ўзларининг жирканч кирдикорларини ёпди-ёпди қилиш мақсадида Фанлар академияси ходимларини тулки ва кўрсичқон инини излаб топишга юборишган. Бу воқеани мен мисли кўрилмаган бедодлик ва шармандалик деб ҳисоблайман”, дейди З.Ибодуллаев.
Профессор Фанлар академияси илмнинг барча йўналишларида тўлиб ётган муаммоларни Президент девонига дадил олиб чиқиш ўрнига ухлаб ётганини таъкидлайди.
Мурожаатга жавобан баёнот берган Инновацион ривожланиш вазирлиги олимнинг фикрларини рад этган.
Иқтисодчи: Кучайиб бораётган табақалашиш яхшиликка олиб келмайди
Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Ўзбекистонда юзага келган йирик монополиялар ва табақалашув оқибатларидан огоҳлантирди (www.daryo.uz, 22 февраль).
“Биз борган сари монополияни яратяпмиз. У капиталистик монополия эмас, феодал монополия бўлмоқда. Яъни маълум бир ҳудуд ва маълум бир ишлаб чиқарувчи соҳаларга асосланган феодал монополияларни тузяпмиз, борган сари кўпайтиряпмиз”, дейди у.
Қайд этилишича, монополияни йўқотиш учун аввало элита хоҳиш-ирода кўрсатиши керак.
А.Абдуқодиров давлат ичида ижтимоий табақалашиш кучайиб бораётгани ва бу охир-оқибатда яхшиликка олиб келмаслиги ҳақида ҳам бонг урган.
“Бунинг тагида ижтимоий зиддият турибди ва у бир кун келиб ўзини кўрсатади. Мана, Қозоғистонда бўлган воқеаларни олайлик. Бу ижтимоий табақалашувнинг ваҳший ҳолга келиши. Лекин ким айта олади Ўзбекистонда воқеаларни худди шундай ривожланишига шароит йўқ деб? Бор. Россияда ҳам, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонда ҳам бор. ЕОИИга кирадиган мамлакатларнинг ҳар бирини олсангиз, кучли социал табақалашиш, монополистик структуралар мавжуд”, дейди эксперт.
Таъкидланишича, халқнинг, иқтисодиётнинг тўлов қобилияти кескин тушиб боряпти. Аҳолининг 10 фоизини янги қурилаётган уйларни сотиб олишга имконияти мавжуд, 90 фоизида эҳтиёж бор, аммо сотиб олишга имконият йўқ. Мутахассис ҳолатни ўзгартириш учун реал ислоҳотлар зарурлигини урғулайди.
Алишер Қодиров: Ишчиларига намоз учун шароит яратиб берган тадбиркор ноҳақ жаримага тортилган
Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги GTA Showroom компанияси раҳбари корхона биносида ишчи ва мижозларга намоз ўқишга шароит яратиб бергани учун 21 млн сўм миқдорида жаримага тортилди (www.xabar.uz, 24 февраль).
Суд мажлисида ҳуқуқбузар ёмон нияти бўлмагани, шунчаки ўз ишчиларига намоз ўқиш учун шароит яратгани, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.
Суд хулосасича, ҳуқуқбузар ушбу ҳаракатлари билан МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисмида (диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш) кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров ушбу қарор юзасидан муносабат билдириб, “Ибодат диний маросим эмас, у эътиқоднинг ўзаги, эркинлиги кафолатланган ҳуқуқдир”, деб ёзди.
Қодировнинг фикрича, судья тадбиркорга нисбатан МЖТКнинг 201-моддасини нотўғри қўллаган.
“Судья ибодат учун шароит яратган Фарҳод Раҳмоновга нисбатан МЖКнинг 201-моддаси иккинчи қисми билан жаримани хато қўлламоқда. Модда ибодат ёки ибодатга шароит яратганлик учун эмас, “диний маросим” ўтказиш талабини бузганлик учун қўлланади”, деб таъкидлади партияси етакчиси.
У инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор деб ҳисобланаётган Ўзбекистонда эътиқод қилувчиларга бутун дунёда кенг қўлланаётган амалиёт – жамоат жойларда ҳам ибодат амаллари учун қулай шароит яратиб берилиши кераклигини қайд этган.