Бу йил Ўзбекистон олийгоҳларига ҳужжат топширмоқчи бўлган ҳижобли қизларга рўмолни орқадан ўраш талаби қўйилди, акс ҳолда улардан ҳужжат қабул қилинмади. Айни пайтда калта юбка ёки шортик кийган абитуриентларга ҳам очиқ кийинмаслик талаби қўйилди.
“Ҳижобли қизлардан ҳужжат қабул қилмадик”
Қўқон Давлат педогогика институтига ҳужжат топширмоқчи бўлган ҳижобли қизларга рўмолни орқадан ўраш талаби қўйилди.
Бу ҳақда Озодликка хабар қилган воқеадан хабардор манбага кўра, ҳижоб ўраган қизлар талаба бўлиш орзусида бу талабни бажарган:
“Қариндошларим ҳаммаси ҳижоб ўрайди. Пединститутга ҳужжат топшириш учун боришган пайти “ҳижоблиларни қабул қилмаймиз, рўмолингни еч ёки қулоғингни орқасидан ўзбекча қилиб ўра”, деган талабни қўйишган. Қизлар рўмолини орқадан ўрашга мажбур бўлишган”, дейди исмини очиқламасликни сўраган қўқонлик йигит.
Ушбу институтдаги қабул жараёнида маълум муддат иштирок этган талаба йигит шундай ҳолат бўлганига гувоҳ бўлганини айтди:
“Мен ҳижобга ўранган фақат битта абитуриент қизни кўрдим. Ундан ҳижобини ечишни талаб қилишмади. Фақат жуда мулойим қилиб тушинтиришди. Ҳамма жойда камера бор. “Камерага тушиб қолсанг, биз гап эшитишимиз мумкин”, деб илтимос қилишганди. Қиз рўмолини қулоғини орқасидан ўради”, деди ушбу институт талабаларидан бири.
Қўқон педогогика институтидаги қабул жараёнига масъул Ойбек исмли ходим Озодликнинг ҳижобли абитуриентлар билан боғлиқ саволини эшитиши билан телефон гўшагини қўйиб қўйди ва бошқа кўтармади.
Би-би-си Ўзбек хизмати ҳам Андижон Давлат Университетида ҳижоб ўраган абитуриент қизлардан ҳужжат қабул қилинмагани ҳақида хабар қилди.
Хабарга кўра, олийгоҳ масъуллари буни тасдиқлаб, Тошкентдан келган талаб боис, ҳижобли қизлардан рўмолини ечиш сўралганини таъкидлаган.
Озодликнинг Фейсбук саҳифасида шарҳ ёзган фойдаланувчилар мамлакатнинг турли ҳудудларидаги олийгоҳларда ҳам шу каби ҳолатлар кузатилгани ҳақида хабар қилди.
Расмий: Ибодат либосларида қаерда юришни биласизми?
Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ўзини таништирмаган расмийси жамоат жойларида ибодат либосларида юриш тартибини эслатиш билан чекланди.
Ўзбекистон маъмурий жавобгарлик кодексининг 184-моддаси 1-бандига кўра, диний ташкилотлар хизматчиларидан ташқари фуқароларининг жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланиши мумкин.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида ҳам “фуқароларнинг жамоат жойларида диний либосда юришларига йўл қўйилмаслиги” айтилган.
Айни пайтда Ўзбекистон Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга” дея белгиланган.
Шортикли абитуриентларга шим кийдирилди
Олийгоҳларда ҳужжат қабул қилиш жараёни 15 июндан 15 июлгача давом этди. Жойлардан олинган хабарларга кўра, жорий йилда калта юбка кийган ва шортикда келган абитуриентлар ҳам муаммоларга дуч келган.
“Жияним Жиззахдаги политехника институтига ҳужжат топшириш учун борганида калта шим билан борган экан, қайтариб юборди. Ўзи ҳужжатларидаги камчиликлар боис, олдин ҳам уч марта қайтаришган эди. Бешинчи мартасида ҳужжат топширди”, дейди жиззахлик аёл.
Озодлик суҳбатлашган олийгоҳлар, жумладан, Навоий педогогика институти ходимлари очиқ кийимдаги абитуриентлар қайтарилганини тасдиқлашди.
“Олийгоҳларда кийиниш одоб-аҳлоқини абитуриент пайтидан ўрганиши лозим. Кейин булар эртага ёш авлодга тарбия берадиган бўлажак ўқитувчиларку”, деди мазкур олийгоҳ ходими.
Ўзбекистон олийгоҳларида талабаларнинг кийиниши борасида қатъий талаблар борлиги ҳақида Озодликнинг аввалги мақолаларида ҳам айтилган.
Жумладан, Тошкент олийгоҳларида жинси шимда ўқишга келган қизлар дарсга қўйилмаган, Қўқонда эса галстуги йўқ талабалар қора ишларга мажбурланган.