Фарғона вилояти, Данғара туманидаги чорвачиликка ихтисослаштирилган “Тўлқин Данғара равнақи” фермер хўжалигига туман ҳокими қарори билан 32,5 гектар ер ажратиб берилди.
Озодлик фермернинг 37,5 гектар ери асоссиз равишда олиб қўйилиб, бошқа фермерга қўшиб берилгани ҳақида 2 апрель куни хабар берган эди.
Озодликка 23 апрель куни “Тўлқин Данғара Равнақи” фермер хўжалиги ишчиларидан келган мактубда бундай ёзилган.
“Ассалом алайкум, Озодлик журналистлари, сизларга минг раҳмат Мамадалиевлар хонадони ва 30 нафар ишчилар сизларнинг ёрдамларингиз билан юқори ташкилотларга ёзган аризалари назоратга олиниб, бугунги кунда Германиядан келтирилган 160 бош қорамол учун 33 гектар чорва ери ажратилиб, туман ҳокими С. Аминжонов қарор чиқариб берди. Илохим халқ дарди билан чарчаманглар!”
Фермер хўжалиги раҳбари 69 яшар Муроджон Мамадалиев ҳам 23 апрель куни Озодлик билан суҳбатда, чорва озуқаси учун ер ажратилганини тасдиқлади:
“Раҳмат, раҳмат. Озодликнинг шарофати билан ҳозир хурсанд бўлиб, ўғлим билан гаплашиб ўтирган эдим. Шунчалик қонун талаб қиладиганлар ҳам бор экан. 37,5 гектар ўзимни ерим ўша фермерда қолди энди, унга қарор чиқариб юборилган экан. Бизнинг чорвага 38 гектар ер керак эди, ҳоким 32,5 гектарга қарор чиқарди. Шунисига ҳам шукр. Бу ер ҳам ёмон эмас. Энди фақат чорва озуқаси учун экин экамиз. Лекин, у ерга ҳам ҳозир пахта, ғалла экиб қўйган¸ бўшаса кейин бизга ўтади. Аввалги еримдаги буғдой сомони ва такрорий экин ҳам сизники дейишаяпти”.
Муроджон Мамадалиев 1994 йилда ўзи бошқарган совхоз фермасини аукционда ютиб олиб, чорвачиликка ихтисослаштирилган “Зилола” хусусий фермер хўжалиги ташкил қилган ва унга чорва озуқаси учун 61 гектар ер берилган эди.
2009 йилда фермер сутни қайта ишлаб, пишлоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ва ўндан ортиқ одамни иш билан таъминлаган.
2016 йилда 150 бош қорамоли борлигига қарамасдан ўша пайтдаги Данғара тумани ҳокими Ш. Абдусаломов қарори билан қисқариб-қисқариб 37,5 гектарга тушиб қолган ер пахта, ғалла экиш учун давлат захирасига қайтарилган.
Мамадалиев яна тендерда ўз ерини ютиб олиб, “Тўлқин Данғара равнақи” фермер хўжалигини ташкил қилган ва ғалладан бўшаган ерга такрорий экин экиб, чорвачилигини ривожлантирган.
2019 йил январь ойидаги мақбуллаштиришга оид ҳукумат қарори чиқиши ортидан ўз ери бирор расмий ҳужжат тақдим қилмасдан¸ огоҳлантирувсиз бошқа фермерга қўшиб берилган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Айни пайтда, бу чорвачилик фермасида 160 бош зотли қорамол боқилмоқда.
Фермер пишлоқ ишлаб чиқариш цехини ҳам қайта ишга тушириш ниятида эканлигини айтди.