Йил бошидан бери Фарғона вилоятида алимент пулларини ўз вақтида тўламаган 64 нафар эркак 15 суткага қамалди.
Куни кеча Наманганда Тўрақўрғон тумани суди икки эркакни алимент тўламаганлик айби билан 15 суткага қамади.
Ўтган ҳафта Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ҳам икки эркак айни айблов билан 15 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Алимент тўлашдан бўйин товлаб келган оталарни маъмурий жавобгарликка тортиш амалиёти бутун мамлакат бўйлаб давом этмоқда.
Алимент тўламаганлик айби билан қамалганларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас.
Айни пайтда болалари учун алимент ололмаётган оналардан Озодликка келаётган шикоятлар кўлами озайгани йўқ.
Оиласи билан ажрашган айрим эркаклар эса пандемия сабаб ишсиз қолганликлари боис алимент тўлашга пул топа олмаётганликларини айтмоқда.
“Алимент ундириб беришмаяпти”
Қўқон шаҳрида яшовчи 33 яшар Нигорахон Мўйдинова собиқ эридан фарзандлари учун алимент ундира олмаётган ўзбек аёлларидан бири.
Икки фарзанднинг онаси Нигорахон Мўйдинова ҳисоб-китобича, 6 йил давомида эри "жами 25 миллион сўм алиментни тўламаган":
Мавзуга алоқадор ФАРҒОНА – “МИБ "билмай қолгани" учун турмуш ўртоғим алимент тўламай юрибди”
“2013 йил Россияга ишлашга кетган пайтимиз ажрашгандик. Икки йилдан кейин алимент учун мурожаат қилдим. Ҳозирда ота-онам билан Фарғона вилояти Данғара туманида яшамоқдаман. Шу масалада бир неча бор йўл узоқ бўлса ҳам ёлғиз аёл бошим билан Фарғона туман МИБга бордим. Алиментни ундириш бўйича ҳеч қандай амалий ёрдам бўлмаяпти. Шу боис амалий ёрдам сўраб, президент порталига, прокуратурага, Республика МИБига мурожаат қилдим, лекин самара йўқ. Телевизорда кўрсатишяпти, алиментдан арзимаган 5-6 миллион сўм қарзи бўлса, 15 сутка ё бошқа қатъий чора кўриляпти. Менинг алиментим ундирилиши бўйича эса ҳеч қандай натижа йўқ”.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри Тараққиёт маҳалласида яшовчи Феруз Қурбонова ҳам собиқ эридан икки боласи учун алимент ундира олмаётганини айтади:
“2015 йилда турмушга чиқиб, икки фарзандли бўлдим. Бу орада эрим Россияда ишлаб, яна бир аёл билан шаръий никоҳдан ўтибди. 2018 йил 1 апрель куни, ҳали мен билан қонуний ажрашмасдан, бизни кўчага ҳайдади. Алимент пулини ҳам тўламаяпти. Ҳеч қандай даромадим йўқ. Фақат маҳалла ажратган моддий ёрдам – 376 минг сўмга кун кечиряпмиз. Шароитимиз оғир, ҳозир болаларим билан шифохонадамиз. Ҳокимият ва маҳалладан ёрдам сўрадим. Маҳалладагилар “бир ойга 376 минг сўм етади” дейишди”.
Озодликка алимент билан боғлиқ шикоятлар деярли ҳар куни келади. SizdanTelegram рукнида ёритилган айрим шикоятлар ижобий ечим топган ҳоллар ҳам бор.
Жумладан, Фарғона вилояти Бувайда туманида яшовчи Муқаддас Ҳамдамованинг ёзишича, 6 йилдан бери болалари учун ололмай келаётган алимент пули муаммоси Озодликда ёритилгач ижобий ҳал бўлган:
“Ололмай юрган алимент пулим қўлимга тегди. Қонуний ҳақимизни ундириб берган масъулларга ҳам, сизларга ҳам раҳмат айтаман”.
Пандемия & алимент
МИБ ходимларидан олинган маълумотга кўра, уларга бўлаётган мурожаатларнинг 68 фоизи айнан алимент билан боғлиқ бўлиб, мамлакат бўйлаб алимент тўловчилар жами сони 250 минг нафарни ташкил қилади.
Алимент билан боғлиқ шикоятлар кўплигини МИБ ходими тизимдаги ходимлар сони қисқаргани ва пандемия билан боғлади.
Мавзуга алоқадор ФАРҒОНА – “Алимент тўлай десам, тайинли иш йўқ, Россияга борай десам, тақиқ қўйилган”
“МИБ тизимида кескин қисқариш бўлгач, ходимлар мутлақо улгурмаяпти. 250 минг алимент тўловчи бўлса, ижрочи мибчилар сони атиги 2500 нафарни ташкил қилади. Кейин алимент йиғиш тушумининг камайгани пандемия билан ҳам боғлиқ. Айрим оталар Россияда ишлаб, алимент тўларди. Ҳозир улар уйида ишсиз ўтирибди. Пандемия бошлангач бир неча ҳолатда уйдаги мулк ҳисобига алимент ундириш ҳолатлари бўлди. Лекин айримларнинг уйида ундиришга арзийдиган мулкнинг ўзи ҳам йўқ. Алиментдан қарзи бир неча ўн миллион сўмни ташкил қиладиганлар ҳам бор. Афсуски, кўчада пайтим телефон қилдингиз, ҳозир қўлимда ҳужжатлар йўқлиги учун сизга аниқ рақамларни айта олмайман", -деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми ошкор қилинмаслигини сўраган МИБ ходими.
Хоразмлик Шомурод ҳам икки қизи учун алимент тўлашга пул топа олмаётганини пандемия билан изоҳлади:
“Уйда ишсиз ўтирганимга 1 йилча бўлди. Бошида икки ойча бор пулимдан бердим. Лекин ҳозир 7 ойлик алиментдан қарзим бор. 2 миллион сўмга етди қарзим. Пандемия тугашини кутсам, қарзим миллиарддан ошиб кетса керак. Маҳаллага чиқиб, энди ўзим учун ёрдам сўрамоқчиман. Мени ҳам ишсизлар сафига киргизиб, ёрдам беришсин ёки иш топиб беришсин”.
Мавзуга алоқадор Алимент тўламаганга жазо борми?Алимент ундириш чоралари
Сайёр судлар алимент тўламаган эркакларга Маъмурий жавобгарлик кодексининг 47/4 -моддаси (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинламоқда.
Шу кунларда Фарғона вилоятида ўтказилаётган сайёр судларда алимент пулларини ўз вақтида тўламаган 64 нафар эркакка 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Мавзуга алоқадор Фарғонада алимент тўлашни истамаган ота собиқ хотини ва икки боласини сувга чўктириб ўлдирди"Дарё” нашрига кўра, алимент тўламаган 23 нафар қарздордан 242,1 миллион сўм ундирилган.
Айнан алимент билан боғлиқ Фарғонадаги каби сайёр судлар мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида даъвогарларнинг мурожаатларини кўриб чиқмоқда.
Бироқ ҳозирча судланганларнинг умумий сони Озодликка маълум эмас. МИБ ходимига кўра, яқинда алимент билан боғлиқ ўтаётган судлар борасида тўлиқ маълумот маҳаллий матбуотда эълон қилиниши режаланган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, эр-хотин ажрашган тақдирда болага алимент тўлаш тартибини ота-она ўзаро келишган ҳолда белгилаши мумкин. Агар алимент ихтиёрий равишда тўланмаса, суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Иш ҳақи ёки бошқа келадиган даромад бўлса, шундан бола сонига қараб маълум қисми алимент учун ундирилади.
- Бир бола учун - 1\4 қисми;
- Икки бола учун- 1\3 қисми;
- Уч ва ундан ортиқ бола учун- 1\2 қисми миқдорида ундирилади.
Агар алимент тўловчи ишсиз бўлса, алимент ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.
Вояга етмаган бола давлат таъминотида бўлса, суд тўланаётган алимент миқдорини камайтириши ёки отани алимент тўлашдан озод қилиши мумкин.
Алимент фарзанд вояга етгунига қадар, яъни 18 ёшга тўлгунича тўланади.