Этник уйғур Дониёр Илҳомжон Пекиндаги Олимпия ўйинларида совринли ўринни эгаллай олмади. Аёллар ўртасидаги 30 километрли скиатлон мусобақасида у маррага қирқ учинчи бўлиб етиб келди. Шунга қарамай Дониёр Ўйинлардаги энг кўп тилга тушган спортчилардан бири бўлиб турибди, чунки Хитой унга Олимпия машъаласини ёқиш имконини берди.
Халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари Дониёрнинг қишки Олимпиада очилиш маросимида иштирок этишини “Хитойнинг ғаразли хатти-ҳаракати” деб аташмоқда.
Пекиндаги Олимпия ўйинлари Хитойнинг Шинжон вилоятида мусулмон динига эътиқод қилувчи этник озчил халқлар камситилаётгани ҳақидаги баёнотлар ва Хитой ҳукумати мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият туфайли Ғарб тарафидан тобора кескинроқ танқид қилинаётгани манзарасида ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қўшма Штатлар, Буюк Британия, Канада, Эстония, Япония ва австралия қишки Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилиб, Пекинга расмий делегация йўллашдан бош тортган эди.
Мавзуга алоқадор “Геноцид ўйинлари”. Уйғур фаол Хитойдаги олимпиадани бойкот қилишга чақирмоқда4 февраль куни Ўйинларнинг очилишига бағишланган маросимда Олимпиада машъаласини ёқишдек шарафли вазифа уйғур спортчи қизи Дониёр Илҳомжон ҳамда хань миллатига мансуб чанғичи Чжао Цзявенюга топширилди. Одатда Олимпия машъаласини дунё танийдиган спортчилар, чемпионлар ва машҳурлар ёқишади. Хитой эса бу миссияни Олимпия ўйинларида илк бор иштирок этаётган уйғур чанғичисига топширди.
Шинжон ерли мусулмон аҳолисининг ҳуқуқлари учун курашаётган Жаҳон уйғур конгресси Хитой маъмурлари 20 ёшли Дониёр Илҳомжони танлагани “сиёсий пропаганда” эканлигини айтди.
“Хитой Олимпия ўйинларини сиёсийлаштирмоқда, биз бу ҳақда Халқаро Олимпия қўмитасини огоҳлантирган эдик. Аммо бу ташкилот бизга қулоқ тутишни истамаяпти. Уйғурларга қарши геноцид давом этаётган пайтда уйғур спортчисидан бу йўсин фойдаланиш ўтакетган андишасизликдир. Хитой ҳукумати бу билан мужда беряпти: сиз бизнинг қўлимиздасиз, сизни истаган кўйимизга соламиз ва бунинг учун ҳеч қачон жавобгар бўлмаймиз”, демоқчи”, дейди Жаҳон Уйғур конгресси вакили Зумретай Аркин Guardian нашрига берган изоҳида.
Ҳонгконг университети профессори Сюй Гуоци Wall Street Journal нашри билан мулоқотида Хитой ҳукумати “онгли равишда” уйғур спортчисини машъалбардор қилиб танлаганини айтади.
“Уйғур спортчисини танлаш билан Хитой дунёга “Сизларнинг барча гапларингиз ёлғон”, демоқчи бўляпти”, дейди у.
Уйғурларни мажбуран ишлатишга барҳам бериш коалицияси аъзоси Беннет Фриман Хитой расмийларининг очилиш маросимидаги хатти-ҳаракатини “сурбетларча масхаралаш” деб атади.
Саймон Фрезер университети (Канада) халқаро тадқиқотлар кафедраси доценти Даррен Бейлер Associated Press агентлигига берган изоҳида “бу жуда пухта ўйланган танлов” бўлганини айтди.
“Биз буни Хитойнинг “Шинжонда қилаётган ишларимиздан воз кечмаймиз, дунё бу ҳақда нима деб ўйласа ўйлайверсин” деган мазмундаги баёноти ўлароқ қабул қилишимиз мумкин”, дейди эксперт.
5 февраль куни Пекиндаги брифингда Халқаро Олимпия қўмитасининг расмий вакили Марк Адамс уйғур спортчиси ҳақидаги саволга жавоб бераркан, “машъалбардорни танлашда унинг этник мансубиятига аҳамият берилмаслиги”ни айтди.
“У Олимпиадада иштирок этаётган спортчи. Ва у этник келиб чиқишидан қатъи назар Олимпия ўйинларида ва очилиш маросимида қатнашишга тамоман ҳақли”, деди ХОҚ вакили.
Хитой ўзини ҳимоя қилишга уринмоқда
Халқаро ташкилотларнинг танқидлари манзарасида Хитойнинг турли мамлакатлардаги элчилари, расмийлари ва ҳукуматпараст ОАВлари машъалани ёқиш имконияти уйғур спортчисига берилгани учун Пекинни зўр бериб мақташмоқда.
Чунончи, Хитойнинг Танзаниядаги бош консули Чжан Чжишен “Тwitter”даги саҳифасида Дониёр Илҳомжонинг оиласи маросимни қаттиқ ҳаяжон билан томоша қилаётгани акс этган видеони ёйинлади.
Хитойнинг Кубадаги элчиси Амб Ма Хуэй эса “Тwitter”да Дониёр Илҳомжоннинг онаси қизига омад тилаётгани ҳақидаги видеони эълон қилди. Роликда спортчининг онаси “Оиланг, мамлакатинг сен билан фахрланади”, дейди.
Хитой Коммунистик партиясининг Global Times газетаси Олимпия ўйинлари очилиш маросимига бағишланган мақолада уйғур спортчиси ҳақида ёзган Ғарб ва АҚШ оммавий ахборот воситаларини “саёз фикрлаш”да айблаб чиқди.
“Олимпиада машъаласини ёқиш – спортчиларнинг бир умрлик орзусидир. Айрим америка ОАВлари мантиғига кўра “Хитой спортчи қизнинг бир умрлик орзусини рўёбга чиқаришга мажбурлаган” бўлиб чиқяпти. Бундан-да тутуруқсиз мантиқ бўладими?” деб ёзган Компартия нашри.
4 февраль – Пекин Олимпиадаси очилган кун дунёнинг қатор шаҳарларида Ўйинларга қарши чиқишлар ўтказилди. Туркиянинг Истанбулида, Канаданинг Торонтосида ва Чехия пойтахти Прагада норозилик акцияларига чиққан одамлар Ўйинларни “Геноцид олимпиадаси” деб атаб, мусобақаларни бойкот қилишга, томошабинларни эса Ўйинларни кўрмасликка чақиришди.
БМТ маълумотига кўра, Хитой миллион нафарга яқин уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмонларни Шинжондаги сиёсий жамлоқларга қамаган. Халқаро тадқиқотчилар Хитой Шинжондаги мусулмонларни мажбурий меҳнатга жалб этаётганини ва уларнинг туғилишини назорат қилаётганини аниқлашган. Хитой ҳукумати ўзининг Шинжондаги сиёсатини “терроризмга қарши кураш”, жамлоқларни эса “касб-ҳунар ўргатиш марказлари” дея иддао қилиб келади.
Пекин БМТ экспертлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларини Шинжонга киритмаяпти. 6 февраль куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ХХР раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Учрашувдан сўнг эълон қилинган баёнотда БМТ бош котиби Хитой ҳукумати БМТ олий комиссарининг Хитойга, жумладан Шинжонга келишига рухсат беришидан умидворлигини билдирди.