Гулистонда пенсия олишга борган 72 яшар аëл тиқилинчда қолиб ўлди

Суратда ерда ëтган Мария Худойқулова¸ пенсия олиш учун навбат кутаëтган юздан ошиқ пенсионер кўз ўнгида жон берди.

6 апрель,кундуз соат 2 ларда Сирдарë вилоят маркази Гулистон шаҳрининг “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини биносига пенсия олиш учун келган 72 яшар Мария Худойқулова тиқилинчда қолиб, жон берди.

Гувоҳлар ҳикояси

Воқеа гувоҳларининг Озодликка билдиришича¸ Худойқулова пенсия олиш учун эрта тонгдан навбатда турган.

Мария Худойқулова пенсия олиш учун навбат кутган эшик олдидаги тиқилинч.

Учта маҳаллада яшайдиганларга телефон қилиб¸ “Навбаҳор”га бориб¸ пенсияларингизни олинг¸ дейишди. Мен билганим¸ 150 тача одам бирваракайига пул берилаëтган хонага ëпирилди. Бу кампир ана шу тиқилинчда қолиб¸ юраги ëмон бўлиб қолди. Одамлар парвоям қилмади. Икки-учта аëл уни четга тортиб¸ сув-пув берайлик¸ деса¸ маҳалла биноси ичидагилар¸ “сув йўқ¸ бориб дўкондан олинглар” деди. Бир йигит яқиндаги магазинга югурди¸ келгунча кампир ўлиб қолди. “Тез ëрдам”га телефон қилишди¸ уям бир соат ўтиб¸ кампир ўлиб бўлганда келди ”¸ деди воқеага бевосита гувоҳ бўлганлардан бири.

Гувоҳлар ҳикоясича¸ ҳаëтини сақлаб қолиш учун деярли ҳеч ким ҳаракат қилмаган Мария Худойқулова ўлиб бўлгач¸ милиция¸ прокуратура ходимлари дарров етиб келган ва воқеани расмийлаштиришга киришган.

Ўғил ҳикояси

Озодликка маълум бўлишича¸ 1945 йилда туғилган Мария Худойқулова Гулистоннинг “Тараққиëт” маҳалласида яшаган. Унга 6 апрель куни телефон қилиб¸ шу куни “Навбаҳор” маҳалласида тарқатиладиган пенсия жадвалида унинг номи ҳам борлигини айтиб¸ бу ерга паспортини олиб келиш сўралган.

Онам эрталаб соппа-соғ турди¸ ширинлик пиширмоқчи бўлди. Кейин унга телефон қилиб¸ бугунги ведомостда сизнинг ҳам отингиз бор¸ келиб олинг дейишди¸ кетди. Обеддан кейин менга телефон қилиб¸ онанг ўлиб қолди¸ дейишди. Милиция¸ прокуратура қанақадир қоғозларга қўл қўйдиришди¸ рус мактабида ўқиганим учун¸ нималар ëзилганини унча тушунмадим. Бугун соат 1 ларда онамни дафн қилдим¸ маҳалладан ҳеч ким келмади”¸ дейди Мария Худойқулованинг ўғли Дамир.

Бу суҳбатдошга кўра¸ онасининг январь ойида юрак хасталиги билан касалхонада ëтиб чиққани¸ ëши 72 да эканига қарамай¸ у пенсиясини олиш учун ҳар ой куни билан¸ баъзида¸ кунлаб кутиб навбатда туриб келган.

Олдинлари почтадан оларди¸ у ерда ҳам тўполон¸ навбат эди. Бу ойдан банк маҳаллага бориб тарқатади¸ дейишди. Тарқатишни ташкиллаштиришнинг аҳволи мана –ўз оëғи билан пенсия оламан деб кетган онамнинг жасадини қайтаришди менга”¸ дейди марҳуманинг ўғли Дамир.

Ким масъул?

Озодлик кун давомида бу саволга расмий идоралардан жавоб олишга уринди¸ аммо бунинг уддасидан чиқа олмади.

Мария Худойқулова ўлган жой – “Навбаҳор” маҳалласи раиси¸ бу аëл “Тараққиëт” маҳалласидан¸ менинг ҳудудимга алоқаси йўқ¸ шунинг учун мен ҳеч нарса билмайман¸ деган мазмунда жавоб қилган бўлса¸ “Тараққиëт” маҳалласи раҳбарияти¸ тиқилинч “Навбаҳор”да бўлган¸ бизнинг бунга алоқамиз йўқ¸ биз ҳам буни бошқалардан эшитиб билдик¸ дея жавоб қилди.

Гулистонда пенсия тарқатишга масъул этиб белгиланган “Халқ банки” вакили эса¸ пенсионерлар навбатини ташкиллаштириш маҳаллақўмлар масъулиятида¸ деган мазмунда изоҳ берди.

Шу пайтгача¸ пенсиялар почтада тарқатиларди. 1 апрелдан президент қарорига мувофиқ¸ бу иш банкларга ўтди. Ўзи Гулистонда пенсия тарқатишни кеча бошладик. 6-8 апрель кунлари “Навбаҳор”¸ “Сайқал” ва “Шодлик” маҳалласидагиларга пенсия тарқатамиз¸ хабар беринглар¸ деб маҳаллақўмларга билдирдик. Бу учала маҳаллада жами 1290 нафар пенсионер бор. Учта кассиримиз пул тарқатишга кетди. Ким маҳалла биносига келади¸ кимнинг пенсияси уйига олиб бориб берилади¸ бунинг рўйхатини ҳам маҳаллақўмдагилар қилган. Касалванд¸ ëши кексаларга пенсиясини уйига олиб бориш учун битта кассир ажратганмиз¸ маҳаллақўм бу аëлни шу рўйхатга қўшмагандирки¸ у келиб навбатда турган”¸ деди Гулистон “Халқ банки”нинг Озодлик суҳбатлашган вакили.

Пенсионерлар системани айблайди

Мария Худойқулова ўлимига гувоҳ бўлган айрим гулистонлик пенсионерлар Озодлик билан суҳбатда¸ бу фожиани пенсионерларнинг хор экани ва ҳокимият улар устидан очиқча кулаëтгани исботи сифатида талқин этдилар.

“Мен ҳам шу юрт учун ишлаб¸ пенсияга чиқтим. Оладиган пенсиям деярли ҳеч нарсага етмайди¸ лекин уни олиш учун эзилиб кетаяпман. Кеча эрталаб соат 8 да пенсия хабарини эшитиб уйдан чиққанимча¸ бешларда пенсияни қўлимга олдим. Куни билан оч-наҳор иссиқда¸ тиқилинчда навбат кутдим. Пластикка ўтказиб¸ бу балодан қутулай десам¸ ҳамма нарсага 20-30 процент кўп тўлашга тўғри келади¸ пенсиямни олмай туриб¸ йўқотаман. Нақдда олади энди деб президент қарор чиқарди¸ лекин уни оламан деб¸ Мария опага ўхшаб ўлиб кетиш ҳеч нарса бўлмай қолди”¸ дейди кечадан бери ўзига келолмаëтганини айтган гулистонлик пенсионерлардан бири.