Ўзбекистонда бир кунда камида уч нафар блогер “ҳукумат органларига туҳмат" важи билан расмий идораларга чақиртирилганини маълум қилди.
Маҳаллий блогерларга босим польшалик журналист Агнешка Пикулицканинг Ўзбекистонга киришига тақиқ қўйилиши билан бир вақтда кузатилмоқда.
Халқаро ташкилотлар ва медиа экспертларга кўра, Ўзбекистонда маҳаллий блогерларга босим ва хорижлик журналистнинг мамлакатдан бадарға қилиниши ўтган ҳафта иккинчи муддат президентлигини бошлаган Шавкат Мирзиёев “ислоҳотлар”ини савол остига қўяди.
Бир кунда уч блогер сўроққа чақирилди
Самарқандлик блогер Фарруҳ Самарқандий 9 ноябрь куни Фейсбук саҳифасида тармоқда ёзган шарҳи учун “бир жой”га чақиртирилгани ва ортидан ёзган шарҳини ўчирганини билдирди.
“Бугун иккинчи одамдан эшитаяпман мана, "ҳукумат органларига нисбатан туҳмат акс этган пост ва изоҳлар ёзган" дея ариза тушибди устиларидан.
Шахсан ўзим кеча бир жойга чақирилдим... Бир постим учун чақиришган экан, ўша постни ўчирдим баъзи дўстларимизнинг ҳурмати. Ҳеч қанақа туҳмат йўқ эди. Умид қиламан-ки, мени масалам тугади.
Бу ишлар сайловдан 2 йиллар ўтиб, кейин бошланса керак деб ўйлаган эдим. Менимча воқеалар ривожи тезлашиб кетадиган кўринади. Диктатура ва қатағон Иштихон ҳокимиятидан бошланадиганга ўхшаяпти Самарқандда. Кўрамиз қани нима билан тугаркан бу донослар.
Скриндаги постлар қайсидир нашрда чиққан "коррупция занжири узилди" номли мақола ортидан ёзилган эди...”, деб ёзди блогер.
Аммо блогер қандай пости учун ва қаерга суҳбатга чақиртирилганини очиқламаган.
Шу куни ўзбекистонлик бошқа бир блогер Фарҳод Норбўтаев ҳам суҳбатга чақиртирилгани ҳақида пост қолдирди.
“Мени ҳам устимдан ариза ёзибди. Телеграм каналимга боғчадаги коррупция ҳақида ёзганим учун”, - деб ёзди Норбўтаев 9 ноябрь куни Фэйсбук саҳифасида.
Ёзган шарҳи учун сўроқ қилинган яна бир ўзбекистонлик блогер Ҳайрулла Мамасолиевдир.
“Нима ёзсак ўзига олиб кетадиганлар кўпаябди)) Қора халқ ғинг деса, милиса жўнатаверсаларинг энни қойтип ишлаймис? Мени ишчанлик обрўйимга путир етқазишаяпти, деб ўша ариза берган одам қайси ойлигига мошин олган, деб встречный ариза ташласам, милиса акалар кўриб чиқама?
Диққат! Ариза мавзусига эътибор қаратинг: қўйилган постда ва шархларда туман идораларига нисбатан бўхтон сўзлар келтирилган, деб ёзишибди. А аризанинг ўзи ғирт бўхтонку! Кўзи ўткирлар айтинглар пастдаги скринда биронта бўхтон сўз борми?..”, деб ёзди Ҳайрулла Мамасолиев 9 ноябрь куни Фейсбук саҳифасида.
“Мақсад қўрқитишми?..”
Ўзбекистонда бир кунда камида уч нафар блогернинг тармоқларда ёзиб қолдирган шарҳи учун сўроққа чақиртирилиши блогерларга босим ва тармоқ фойдаланувчиларининг таъбирича “арқонларнинг тортилиши” сифатида талқин этилмоқда.
“Президент топшириқлари, сўз эркинлиги ҳақидаги талабларини тескарисига ишлатяпсизларми? Нега Мамасолиев, Норбўтаев ва шу каби қатор блогер ва жамоатчилик намоёндаларини суҳбатга чақиряпсизлар? Мақсад қўрқитишми ёки...”, деб ёзди блогер Шоҳруҳбек Алибеков.
Блогерларнинг сўроққа чақиртирилиши ижтимоий тармоқларга чекловлар ва Интернетда президентни ҳақорат қилганлик учун жазонинг кучайтирилиши манзарасида кузатилмоқда.
Ўзбекистонда шу йил март ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ президентини телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мазкур меъёр Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларда белгилаб қўйилди.
Президент бу моддани амалга тадбиқ этувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни 30 март куни имзолаган эди.
Бундан ташқари, Кодексга оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик киритилди.
Унга кўра, мазкур қилмишни содир этган шахслар БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мавзуга алоқадор Президентни ҳимоя қилувчи қонун ишга тушди. Жиззахлик тармоқ фаоли жавобгарликка тортилмоқдаБундан аввал Ўзбекистоннинг "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунида блогер оммавий ахборот воситасига тенглаштирилган ва тарқатган ахбороти учун қонун олдида жавоб бериши белгилаб қўйилганди.
"Ҳозир Ўзбекистондаги истаган блогердан сўранг ички ишлар бўлимларидан боши чиқмаётганини айтади. Арзимаган нарса учун сўроққа чиқариб, постларни олдириб ташлаяпти. Қум бўронида кўплар яқинда Ортиқхўжаевни айблаб чиқди. Иккита блогерни танийман, улар шу ҳақда ёзгани учун ички ишларга чақиртирилди ва ёзганларини ўчириб ташлашди. Ҳозир нимани ёзишга қўрқиб қолганмиз ", - дейди ўзбекистонлик блогер ДиоРа.
3 ноябрь куни Қашқадарё вилоят суди Effect.uz сайтининг уч нафар журналистига нисбатан суд ҳукмини эълон қилди.
Улардан бири - Элёрбек Тожибоев 3 йилга қамалди, яна 3 кишига 6 ойдан 3 йилгача озодликни чеклаш жазоси белгиланди. Журналистлар туҳмат, ҳақорат қилиш, ҳокимият вакили ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш ҳамда тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашишда айбланганлар.
Пикулицка можароси
Озодлик расмий идораларга чақиртирилгани айтилган блогерлардан ҳозирча қўшимча тафсилотларни ололгани йўқ. Маҳаллий блогерларга босимнинг кучайиши польшалик журналист Агнешка Пикулицканинг Ўзбекистондан бадарға қилиниши манзарасида юз бермоқда.
Журналист Ўзбекистонга кириши тақиқлангани ҳақида Twitter`саҳифасида хабар берди.
Пикулицка 9 ноябрь куни Ўзбекистонга киритилмагани ва бир кун ўтиб, ДХХ томонидан мамлакатдан чиқариб юборилишини ўзининг журналистик фаолияти билан боғлайди.
"Ўзгаришлар бўлиши мумкин деган умидда Ўзбекистонга келганимга уч йилдан ошди. Ҳозирги ҳукумат даврида ҳеч қандай тизимли ўзгаришлар бўлмайди, деган ишонч билан кетяпман", - деб ёзди польшалик журналист 8 ноябрь куни ўзининг Twitter саҳифасида.
The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat ва Eurasianet нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган мустақил журналист Агнешка Пикулицка шу йил бошида аккредитацияга ариза топширганидан олти ой ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан рад жавоби олганини маълум қилганди.
“Президент Шавкат Мирзиёев матбуот эркинлигини ҳимоя қилишга ваъда бериб, иккинчи муддатга қасамёд қилганидан бир кун ўтиб хорижлик журналист фаолиятини тақиқлади”, - дея муносабат билдирди медиа таҳлилчи ва ёзувчи Жэй Овен ўзининг Твиттер саҳифасида.
Хьюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳью Уилямсон: “Бу Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркинлиги, хусусан, журналистларга қандай муносабатда бўлиши борасидаги ёмон хабар”, - дея муносабат билдирди Твиттердаги баёнотида.
Швецияда яшовчи фаол Музаффар Сулаймонов эса, Ўзбекистонда блогер ва журналистларга кучайиб бораётган босим манзарасида ўзини сўз ва матбуот эркинлиги ҳимоячиси сифатида тақдим қилиб келадиган Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ва унинг муовини Саида Мирзиёеваларнинг жимлигини танқид қилди.
“Ўзбекистон демократия йўлида кетаётгани катта ёлғон. Хорижлик мухбирни журналистик фаолияти билан боғлиқ аккредитациядан маҳрум қилгандан кейин расмийлар уни қайта киришини тақиқлаб қўйдилар. У мамлакатдан чиқариб юборилган. Нима учун бу ҳақда жим турасиз?”, деб ёзди у 10 ноябрь куни ўзининг Твиттер саҳифасида.
Агнешка Пикулицканинг Ўзбекистондан чиқариб юборилиши ва мамлакат ичкарисида сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятнинг янада ёмонлашиши 3 ноябрь куни кузатилган ижтимоий тармоқларни тотал чеклаш уриниши ортидан юз бермоқда.
Ҳодисага эътибор қаратган The Washington Post нашри Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари тармоқларни блоклашда Россия ва Хитойдан ўрнак олаётгани ҳақида ёзди.
Нашрнинг ўзбекистонлик медиа эксперт Мадина Турсуновадан иқтибос келтиришича, «ҳокимиятнинг бу хатти-ҳаракатлари ҳукумат ва президентнинг Интернет ва ижтимоий тармоқлар блокланмаслиги ҳақидаги баёнотлари чин эканига шубҳа уйғотмоқда".