Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:25

Польшалик журналист А. Пикулицка Тошкентдан Истанбулга мажбуран учириб юборилди


Мустақил журналист Агнешка Пикулицка Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов билан, 2021, Тошкент
Мустақил журналист Агнешка Пикулицка Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов билан, 2021, Тошкент

7-8-9 ноябрь кунлари Ўзбек-қозоқ чегарасида қолиб кетган польшалик мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска, охир-оқибат Ўзбекистонга киритилмади.

2 совуқ тунни чегарада ўтказган журналистнинг айтишича, 9 ноябрь тонгда уни Ғишткўприк-Жибек жолу чегара постидан олиб, Тошкент аэропортига олиб боришган ва мажбуран Истанбулга учириб юборишган.


Ҳозирча Ўзбекистон томони журналистнинг мамлакатга киритилмагани ва мажбуран бошқа давлатга чиқариб юборилгани борасида бирор расмий изоҳ бергани йўқ.

The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat ва Eurasianet нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган мустақил журналист, Ўзбекистонда ишлаш учун аккредитация муддатини узайтириш сўрови Ташқи ишлар вазирлиги томонидан рад этилганини билдирган эди.

Хорижлик журналистнинг сўзларига кўра, вазирликнинг Рустам исмли ходими Ўзбекистон ҳақида ижобий мақолалар ёзишини сўраб, унга босим ўтказган ва ҳатто жинсий тегажоғлик қилган.

Шундан сўнг журналист бир неча бор ТИВ, ИИВ ва троллар томонидан ўзига қарши турли кўринишларда таҳдид ва ҳақорат кампаниялари уюштирилганини хабар қилган.

9 ноябрь куни Истанбул аэропортига учиб борган журналистнинг Озодликка хабар қилишича, уни чегарадан аэропортга олиб борганлар Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари бўлган:

“Бугун эрталаб мени чегарадан 3 эркак аэропортга олиб кетди, улар Давлат хавфсизлик хизматидан экан. Бир дўстим аэропортга жомадонимни олиб келиб берди, уйга боришимга рухсат беришмади. Бу албатта, жуда оғир вазият. Лекин, ҳаммаси жойига тушади. Ҳозир аэропортдаман, тезроқ Польшадаги уйимга етиб олишни ўйлаяпман”.

Ҳозиргача Ўзбекистон томони журналистнинг мамлакатга киритилмай, 2 сутка давомида чегара постида тутиб турилган ва сўнгра мажбуран Туркияга учириб юборилгани борасида бирор расмий изоҳ бергани йўқ.

Қатор халқаро ташкилотлар ва фаоллар, мустақил журналист Агнешка Пикулицканинг мамлакатга киритилмагани - Шавкат Мирзиёев президентлигининг иккинчи муддати бошланган кезда юз берганига эътибор қаратмоқда.

Агнешка ёзган твитларга изоҳ қолдирган фаоллар матбуот ва сўз эркинлиги борасида кетма-кет ислоҳотларни ваъда қилган Мирзиёев ҳукуматининг бу ҳаракатини кескин қораламоқда.

“@Aga_Pik (Агнешка Пикулицка) Ўзбекистонга киритилмади. Афсуски, бу Мирзиёевнинг иккинчи муддатидаги бошқаруви қандай бўлишини кўрсатмоқда. Бу мустақил овозларга жим бўлиш ва ҳукуматни танқид қилмаслик керак, деган ишоратни бермоқда”, деб ёзди жумладан Марказий Осиё бўйича эксперт, журналист Жоанна Лиллис.

Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори Хю Виллиамсон Пикулицка масаласидаги хавотирларини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига билдирганини маълум қилди:

“Бу Ўзбекистонда матбуот эркинлиги аҳволи, айниқса журналистларга муносабатдан дарак берувчи ёмон хабардир. Президентнинг инаугурация маросимидаги ваъдаларию мамлакатдаги асл вазият ўртасида кескин тафовут кўриниб қолди. Human Rights Watch @Aga_Pik (Агнешка Пикулицка)нинг мамлакатга киритилмагани ва мустақил матбуотга муносабат масаласида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига бугун мурожаат қилди”.


The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat ва Eurasianet нашрлари ҳамкори бўлган ва Ўзбекистондаги вазиятни ҳам фаол ёритиб келган журналист сўнгги бир йил ичида бот-бот Ўзбекистон жамоатчилиги диққатига тушди.

У қатор жиддий муаммолар - журналист ва блогерлар фаолиятига чеклов, таъқиблар, жумладан блогер Миразиз Бозоровнинг оммавий калтакланиши ҳамда қўлга олиниши, Интернет тармоқларининг блокланиши, бундан ташқари Тошкентда дарахтларнинг аёвсиз кесилиши каби долзарб масалаларни хорижий матбуот ва тармоқларда фаол ёритди.

Бундай чиқишларидан сўнг, ҳар гал танқидларни тўхтатиш талаби билан ўзига нисбатан босим ва таҳдид бўлгани, ҳатто бир гал калтакланганини ҳам очиқ-ошкора баён қилиб борди.

Хусусан, Ички ишлар вазирлиги журналистни “Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 6 - моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 7-моддаси ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни 6-моддаси талабларини бузганликда айблади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги шу йилнинг июнь ойида - 3 йилдан буён Ўзбекистонда қолаётган мустақил журналистнинг аккредитациясини узайтириш сўровини тамоман рад этди.

Расмий баёнотда “Ўзбекистон қонунчилиги бузилиши ҳоллари қайд этилгани сабабли” Пикулицканинг аккредитация муддати узайтирилмаслиги айтилган.

Пикулицканинг айтишича, аккредитация сўрови рад этилганидан сўнг ҳам у Ўзбекистондан кетишни истамаган. Балки, қонуний асосда - 30 кунлик визасиз режим тартибида қолаётган эди.

Айнан шу боис, 7 ноябрь куни 30 кунлик муддат битиши билан мамлакат чегарасидан чиқиб, яна қайта кириш учун ўзбек-қозоқ чегарасига борган ва қайта кираётганда тўхтатилган эди.

Айтишича, унга нисбатан расмий тақиқнинг пайдо бўлиши ва хусусан, аккредитацияси узайтирилмаётгани сабаби, шу йил февраль ойида Ташқи ишлар вазирлиги ходимининг унга “шилқимлик қилгани” ва "босим ўтказгани" ҳақида ошкора баёнот бергани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Хорижий журналистнинг сўзларига кўра, ўшанда вазирликнинг Рустам исмли ходими унга жинсий тегажоғлик қилган ва ижобий мақолалар ёзишини сўраб, босим ўтказган.

“Ўша ерда Рустам исмли, кейинчалик эса Илҳом бўлиб чиқди, ходим билан бўлган ҳодисадан кейин бошланди ҳаммаси. Кейин яна бошқа воқеалар бўлди, масалан ИИВ дан таҳдидлар эшитдим, менга қарши троллар кампанияси уюштирилди, ҳукумат қўллаган блогерлар мен ҳақимда ҳар хил ёлғон-яшиқларни ёзишди... Ачинарлиси, буларнинг ҳаммаси Шавкат Мирзиёев иккинчи муддат президентликка сайланганидан кейин содир бўлмоқда”, деди журналист 8 ноябрь куни Озодлик билан мулоқотда.

Польшалик журналист Ўзбекистон ҳукуматини туҳматда айблади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:32 0:00

Пикулицка, ўзига нисбатан босим ва охир-оқибат уни мамлакатга киритмаслик қарори - Шавкат Мирзиёев бошқарувидаги бугунги Ўзбекистон ҳануз сўз эркинлигига тайёрмаслиги, танқидга ҳануз тоқатсиз эканидан далолатдир, деб таъкидлайди.

Ўзбекистонда чет эл ОАВларига ишловчи мухбирлар "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати томонидан аккредитация қилинади.

2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда "Би-Би-Си", “Озодлик” радиоси, “Америка овози” ва бошқа қатор халқаро оммавий ахборот воситалари аккредитациядан маҳрум қилинганди.

13 йиллик узилишдан сўнг 2019 йилда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "Би-Би-Си", “Америка овози” ҳамда "Фарғона" агентлиги мухбирларини аккредитациядан ўтказди.

Ўзбекистонда ишлаган халқаро журналистлар аккредитация жараёни узоқ вақт олиши ва шаффоф эмаслигини айтишади.

АҚШ Давлат департаменти шу йил апрелида эълон қилган йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда “хорижий ва маҳаллий барча оммавий ахборот воситалари субъектлари рўйхатдан ўтиши ва уларнинг муассиси, бош муҳаррири ва ходимлари исмларини кўрсатиши шарт қилиб қўйилгани”ни танқид қилган.

“Ҳукумат баъзи хорижий журналистлар ва оммавий ахборот воситаларини мамлакатда ишлаш имкониятидан маҳрум қилиш учун аккредитация қоидаларидан фойдаланади. Масалан, ҳукумат Озод Европа / Озодлик радиосининг аккредитация учун сўровини рад этишда давом этди”, дейилади АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида.

XS
SM
MD
LG