Фарғонада президент келишига бетон тувакларга райҳон экилиб, пули аҳолидан ундирилмоқда

Фурқат туманидан ўтувчи катта йўлдан президент ўтиб қолади¸ деган хавотирда¸ маҳаллий ҳокимият йўл ëқасига бетон тувакларда гул қўйиб чиқмода¸ пулини аҳоли ва тадбиркордан ундирмоқда.

Президент Шавкат Мирзиëев вилоятларга сафар қилиб¸ бу ердаги вазият билан бевосита ўзи танишишда давом этаркан¸ ҳали президент бормаган вилоят раҳбарлари бундай ташрифни ҳадик¸ асабийлик ва ошиғич тараддуд билан кутмоқда. Хусусан¸ сафар куни аниқ бўлмаган бир вазиятда Фарғона вилоятидаги аксар туманларда ҳар кун президент келишига ҳозирлик кўрилмоқда.

“Президентимиз йўлларига райҳон экаяпмиз”

Озодликка маълум бўлишича¸ президент Шавкат Мирзиëевнинг Фарғона вилоятига қиладиган ташрифи давомида унинг Тожикистон билан чегараолди ҳудудларига ҳам бориши кутилмоқда.

Ўзбек-тожик чегарасида жойлашган Фурқат тумани ҳокимлиги президентнинг “ана эрта-ана индин” бўлиб қолиши мумкин сафарига ҳар кун ҳозирланмоқда.

“Бизга ҳеч ким аниқ вақтини ҳали айтмади. Андижонга келганда¸ Фарғонага ҳам ўтиб қолишар¸ деб роса кутдик. Лекин бизга кирмай¸ Тошкентга қайтиб кетдилар. Президентимиз бормаган вилоят фақат Фарғона ва Наманган бўлаëтгани учун¸ навбат бизга келди энди. Шунга ҳамма ëқни ободонлаштириб¸ чиройли қилиб кутаяпмиз”¸ деди Фурқат туман ҳокимлиги вакили ва бу жараëнда ҳеч қандай фавқулоддалик йўқлигини таъкидлади.

“Уйларимизни чиройли қилиб қўйсак¸ олдиларини келинларимизга супуртириб¸ сув септирсак¸ йўл бўйларига райҳону жамбиллар эксак¸ бунинг нимаси ëмон? Фақат Фарғонадамас¸ ҳамма ëқда шунақа қилишаяптику! Олдин ҳам президент ë Бош вазир келса¸ шунақа бўларди¸ бунга ҳеч кимнинг эътирози йўқ!”¸ деди Озодлик суҳбатлашган ҳокимлик вакили.

Эътироз

Фарғона вилоятига сафари давомида президент Мирзиëев Тожикистоннинг Ашт туманига туташ чегара ҳудудига ҳам бориши мумкин. Бу ҳудудга элтувчи катта йўл эса¸ айтилишича¸ Фурқат туманининг Шоимбек ва Бекобод қишлоқларидан ўтади.

Ана шу қишлоқда яшовчилардан бирининг Озодликка ўз шахси очиқланмаслик шарти билан билдиришича¸ президент ўтиши кутилаëтган катта йўл бўйига қўйилаëтган бетон туваклару уларга экилаëтган гуллар пули аҳоли ва тадбиркордан мажбуран ундирилмоқда.

Фурқатда катта магистрал йўл бўйига қўйиб чиқилаëтган бетон туваклардан бири.

“Фурқат тумани президентни кутмоқда. Кўчалар тозаланиб¸ йўл бўйидаги уйлар эгаларига мажбуран бўятилмоқда.Туман ҳокимлиги ва ободонлаштириш ташкилоти томонидан йўл четларига ўрнатилаëтган кичик бетон гул туваклар мажбуран йўл ëқасидаги уй эгалари ва савдо дўкони эгаларига 3500 сўмдан сотилаяпти. Аслида¸ туман ҳокимлиги ободонлаштириш ва туман йўл қурилиши ҳисобидан ўрнатилаëтган ушбу тувакларни мажбуран соттиришда¸ айниқса¸ Шоимбек ва Бекобод қишлоқ фуқаролар йиғини раислари ва посбонлари жонбозлик қилмоқда.

Улар йўл ëқасидаги уйларда юриб¸ бу уйлар рўпарасига ўрнатилган гул туваклар учун пул талаб қилмоқда. Пул беришдан бош тортган дўкон ва уй эгаларини участковой “тузумга қарши чиқиб¸ ҳукумат ишларига қаршилик қилганликда айбламоқда”¸ дейди шахсан ўзи маҳаллақўм ва посбоннинг шундай таҳдидига гувоҳ бўлганини таъкидлаган фурқатликлардан бири.

Бу суҳбатдош таъкидича¸ дўкони қаршисига гул тувак қўйиб кетилган тадбиркорлар¸ пулини бермаса¸ солиқчи босишидан¸ уч суткага ҳибс этилишдан огоҳлантирилмоқда.

“Тувак ва гуллар бор гап¸ лекин улар пулини ҳомийларимиз ўз хоҳиши билан тўлаяпти”

Озодлик билан суҳбатда¸ номи тилга олинган Шоимбек ва Бекобод маҳалласи фаоллари¸ президентнинг бу ҳудудда тўхташи кутилмаëтган бўлса-да¸ у ўтадиган йўл бўйини “ободонлаштириш” ишлари қизғин эканини эътироф этди.

“Тожикистон билан чегарага йўл бизнинг қишлоқдан ўтади. Бу йўлдан президентимиз Бош вазирлик пайтида ҳам бир неча марта ўтган¸ шунга йўл бўйидаги ҳовлилар рисоладагидай бўялган. Ҳозир шу йўл бўйига райҳон¸ оппоқ бўлиб очиладиган бошқа гулларни ўтқазиб чиқаяпмиз. Йўл бўйида гул экишга¸ тувакда гул сотиб олишга қурби етмайдиган оилалар ҳам бор. Шундай жойларга қўйилаëтган гулларни ҳомийларимиз ўз ихтиëрлари билан олиб бераяпти”¸ деди Фурқат туман Бекобод қишлоқ фуқаролар йиғини фаоли.

Бу фаол¸ маҳалла фуқаролар йиғини аҳоли ва тадбиркорни тувак ва гулга пул тўлашга мажбурлаëтганини инкор қила туриб¸ айни пайтда¸ посбонларнинг нима қилаëтганидан бехабарлигини қўшиб ўтди.

“Риштонда якшанба куни ўқитувчи яна фаррошлик қилди”

Айтилишича¸ Андижондан кейин президент Фарғонага қўққисдан ўтиб қолади¸ деган қўрқув бу вилоятдаги Риштон туманидаги "тўртлик"ка ҳам уйқу бермаган ва якшанба саҳардан бюджет ташкилотлари ходимлари¸ эски анъанага кўра¸ яна ўқитувчи ва тиббиëтчилар хизматкорликка мажбурланган.

“Якшанба¸ дам олиш куни эканига қарамай¸ Риштон тумани коллеж ўқитувчилари мажбурий тарзда йўл ëқасида ишлашга чиқарилди. Сабаби¸ Мирзиëевнинг Андижондан кейин олдиндан айтмасдан¸ Фарғонага ўтиб қолиш эҳтимоли. Агар президент тумандаги аҳволдан қониқмаса¸ тўртлик – ҳоким¸ прокурор¸ солиқ ва милиция бошлиқларини ишдан олиб ташлаши мумкин. Шунинг учун амалини йўқотиб қўйишдан қўрққан бу тўртлик пастки бўғин¸ биринчи навбатда¸ бюджет ташкилотлари ходимларига босим ўтказмоқда”¸ дейди ўзи ҳам шундай босимга учраган риштонликлардан бири.

"Потëмкин қишлоқлари"

Марҳум президент Ислом Каримовнинг вилоятларга сафари давомида¸ у борадиган жойлар¸ ўтадиган йўл бўйлари хўжакўрсинга бўяб-бежашлар ва “Потëмкин қишлоқлари”га менгзаладиган бундай ҳатти-ҳаракатлар чиқими ҳам¸ одатда маҳаллий тадбиркорлар зиммасига юклатилар эди.

Ҳафталик видеолекторларидан бирида янги президент Шавкат Мирзиëев¸ ҳақиқий вазиятни ниҳоятда яхши билишини таъкидлаб¸ ҳокимият вакилларини ҳар хил кўзбўямачиликларни тўхтатишга чақираëтганига қарамай¸ Мирзиëев Бош вазирлиги даврида кенг тарқалган президент кўзини қувнатиш учун ободонлаштириш ҳаракатлари ва унинг харажат ва меҳнатини аҳолига мажбурлашнинг янги президент даврида ҳам айни тарзда давом этаëтгани кўрилади.