Президент Шавкат Мирзиëевнинг Бўкага қилган 1 июнь кунги ташрифи арафасида Олмалиқ шаҳридаги Марказий кўптармоқли поликлиникадан 25 май куни Бўка туманидаги Бўстон қишлоқ врачлик пунктига "ижара"га олиб кетилган мебеллар Озодлик мақоласидан сўнг поликлиникага қайтарилди.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган врачларнинг айтишларича, 18 июн куни мақола эълон қилинганидан сўнг, ўша тун соат 2да иккита юк машинасида мебеллар Бўкадан олиб келинган.
Исми сир қолишини сўраган врачлардан бирининг айтишича, 19 июнь куни эрталаб ишга келганида, у кабинетида бир ой аввал олиб кетилган мебелларни кўрган:
"Эрталаб ишга келсак, ҳамма мебель жой-жойида. Кечаси соат 2да олиб келиб, қоровуллар ва юк ташийдиган одамлар билан бўш хоналарга тиқиб ташлашибди. Эрталаб соат олтиларда ишга келган санитаркаларга буюртириб, хоналарга тақсимлаб чиқишибди. Энди беморларни қийнамасдан қабул қилсак бўлаверади, сизларга раҳмат".
Озодлик 18 июнь куни президент ташрифи арафасида Олмалиқ шаҳридаги марказий кўп тармоқли ва оилавий поликлиникадан Бўка туманидаги Бўстон қишлоқ врачлик пунктига уч юк машинасида олиб кетилган мебеллар ҳақида ёзган эди:
“Бўка туманининг Бўстон қишлоқ врачлик пунктини президент келишига замонавий қилиб кўрсатиш учун поликлиникамизнинг янги мебелларини олиб кетишган эди. Президентимизга кўзбўямачилик қилиб кўрсатиш учун. Лекин президентимиз у ҚВПга кирмасдан ёнидан ўтиб кетган. Беморларни ётқизиб кўрадиган яп-янги кушеткалар, шкафлар, стол-стулларни олиб кетишган эди. Қирилган, сирилган қилиб ярмини қайтариб олиб келишди. Аммо ярим мебелимиз ҳали ҳам қайтгани йўқ. Беморларни тик турган ҳолда қабул қилаяпмиз”.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига жорий йилнинг 1 июнь куни борган эди.
Ўшанда Бўка туманидаги “Саркор” фермер хўжалиги раҳбари дала шийпонига олиб борадиган дала ўртасидаги йўлга кафель ëтқизиб чиқилган ва президент шу йўлдан юриб ўтган эди.
Президент кўзбўямачиликни ёқтирмаслигини айтган бўлса ҳам, мамлакатда у борадиган жойлардаги ҳолатни аслидан бўрттириб кўрсатиш давом этмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Бош прокуратураси Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга президент ташрифи арафасида беш нафар аёлга коттеж совға қилиб, сўнгра уларни чиқариб юборган мутасаддиларни жавобгарликка тортиш бўйича тақдимнома киритган.
Ўзбекистон президентининг 16 май куни Андижон вилоятига ташрифи чоғида "уй берилди" деб ТВда кўрсатилган 35 яшар Хуршида Тиллаева Озодликка аслида ҳеч қандай уй олмаганини айтиб берган эди.
Айни пайтда Озодликка ҳар бир вилоятда президент бориши кутилган объектларни ясатишга ташланадиган "гастролер техника ва маиший ускуналар"¸ шунингдек президент билан учрашишга обдон ҳозирланган "халқ вакиллари" борлиги ҳақида келаëтган хабарлар кўпайиб бормоқда.