Ўзбекистон ва Қирғизистон “Қамбарота-1” ГЭСини қуриш масаласини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев ва Ақилбек Жапаров музокара ўтказмоқда. Президенти матбуот хизмати фотоси.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Тошкентда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров билан “Қамбарота-1” ГЭСни биргаликда барпо этишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилди.

Президент маъмуриятининг билдиришича, бундан ташқари “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасини “фаол тайёрлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди”. Шунингдек, томонлар ўзаро ҳамкорликнинг бошқа жиҳатларини ҳам муҳокама қилганлар.

Аввалроқ Қирғизистон ҳукумати Ақилбек Жапаров Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан ҳам учрашгани ва унда ГЭСни ва темир йўлни қуриш лойиҳалари муҳокама қилингани тўғрисида хабар берган эди.

Мазкур ГЭС қурилишига ўз даврида президент Ислом Каримов қарши чиққан ва бу лойиҳа Марказий Осиёда экологик муаммоларни келтириб чиқаришини иддао қилганди.

Мавзуга алоқадор "Қамбарота-1" ГЭСи қурилиши: Икки давлат экспертлари бир-бирига зид фикрларни билдирмоқда


6 январь куни Бишкекда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков Қамбарота-1 ГЭС қурилиши лойиҳаси бўйича “йўл харитаси”ни имзолаганди.

Бу ҳужжатга асосан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ГЭСни бошқарувчи ширкат ташкил этади. Унинг 34 фоизи Қирғизистонга, 33 фоиздани эса Ўзбекистон ва Қозоғистонга тегишли бўлади.

2022 йилнинг сентябрида Самарқандда ўтган ШҲТ саммити доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ҳужжатга ҳам қўл қўйилган эди.

Темир йўлнинг узунлиги 280 километрни ташкил қилади ва унинг лойиҳавий қиймати 5 миллиард долларга баҳоланмоқда.