Тошкент вилоят, Қибрай туман, Байтқўрғон қишлоғида Ўзбекистон президенти учун янги резиденция қурилиши якунланмоқда.
Қароргоҳ Тошкент вилоятининг энг сўлим гўшаларидан бирида, Чирчиқ дарёсининг икки қирғоғида жойлашган Байтқўрғон қишлоғининг Кангли кўчасидаги "Оқ қовоқ" темир йўл бекатига яқин ерда жойлашган.
Ҳозирда тўлиқ баланд девор билан ўраб олинган қароргоҳ, тақрибан бир неча гектарни эгаллаган.
Қибрай туман ҳокимлиги расмийсига кўра¸ қароргоҳ буюртмачиси Ўзбекистон Президенти маъмуриятидир. Унинг яна айтишича, қурилиш ишларига президент маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Ойбек Турсунов бош-қошдир. Ойбек Турсунов - Ўзбекистон президентининг катта куëви.
Президент туғилган кунига совға
Резиденция ичидаги мармар ишларини бажарган муҳандис исми сир қолиш шарти билан Озодлик мухбирига айтишича¸ қароргоҳнинг асосий битган қисми 24 июл - Шавкат Мирзиëевнинг туғилган кунида тантанали тадбир билан очилган. Қароргоҳ яқинида яшайдиган байтқўрғонлик йигит ўша куни мушакбозлик бўлганини билдирди.
Озодлик суҳбатлашишга муваффақ бўлган резиденция ходимларидан бирига кўра, президентнинг туғилган куниида ўтказилган тадбирга Россия шоу-бизнеси юлдузларидан бир неча нафари иштирок этган.
Байтқўрғон қишлоғидаги маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашган Озодлик мобил мухбири президент қароргоҳи қурилаëтган ҳудуд баландлиги 4 метрлик девор билан ўраб олинганига гувоҳ бўлди.
Мухбиримизнинг аниқлашича¸ Байтқўрғондаги президент қароргоҳи қурилиши боис, ўнлаб уйлар бузилган ва кўчалар кенгайтирилиб, арчалар экилган.
Ушбу ҳудуднинг қароргоҳ қурилишидан олдинги ҳолатини Google харитаси ёрдамида кўриш мумкин ва бу бузилган уйлар кўламини тахмин қилишга имкон беради.
Google харитасида аввал қароргоҳ ўрнида боғ-роғли, ҳовузга эга ҳашаматли уйлар борлиги кўринади.
Янги қароргоҳ Мирзиёевнинг Мустақиллик майдонидаги иш жойидан 26,5 километр узоқликда жойлашган:
Сарой мовий мармар ва Swarovski кристаллари билан безатилди
Президент қароргоҳи пардоз ишларида қатнашган муҳандиснинг айтишича, бино қурилишига қиммат ва эксклюзив қурилиш материаллари ишлатилган:
"Аргентинадан келтирилган ва квадрат метри 500 доллар турадиган мовий мармар ва Swarovski кристаллари ишлатилди. Бино меъморий дизайннинг энг сўнгги тренди бўйича пардозланди"¸ деди муҳандис.
Озодлик суҳбатдошларига кўра, қурилиш учун ишлатилган катта мармар бўлаклари вертолёт билан ташилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Уйлари бузилган баъзи одамлар норози
Қароргоҳ қурилиши ва унинг ëнидаги кўчанинг кенгайтирилиши оқибатида уйи бузилганларнинг айримлари Озодлик мобил мухбири билан суҳбатлар давомида ўз эътирозларини билдирган:
"Бузилишлар жонимизга тегиб кетди. Бузишга бузишди, аммо ўрнига қуриб беришгани йўқ"¸ деб нолиган кишилар бир неча бор ҳокимиятга шикоят қилишган. Ҳокимият эса ваъда беришдан нарига ўтмаган"¸ деди мобил мухбиримиз.
"Президент қароргоҳи атрофида улкан девор тикланиши ва қурилиш билан боғлиқ шовқин тинчини бузганидан байтқўрғонликлар нолиди",- деди мухбиримиз.
"Уйлари бузилганларга ҳокимият коттеж қуриб беради"
Қибрай туман ҳокимлиги мулозимининг айтишича, президент қароргоҳи қурилгани боис, уйлари бузилганларга компенсация тарзида ер участкаси ва коттежлар берилади.
"Биринчи сентябрда коттежлар калитини топширамиз. Одамлар ҳурсанд, чунки улар бузилган эски уйи ўрнига яп-янги, барча қулайликларга эга замонавий коттеж олишади. Оила сони кўп бўлса, қўшимча ер участкаси ҳам бериляпти¸- деди мулозим.
Каримовдан қолган Оқсарой¸ Кўксарой ва Дўрмон бўш қолмоқда
Ўтган йили Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўлганидан кейин у ишлаган Оқсарой¸ Кўксарой ва Дўрмон қароргоҳи бўш қолган.
Шавкат Мирзиëев президент бўлиб сайланганидан кейин Оқсаройга кўчиб бормасдан¸ олдинги Алишер Навоий кутубхонаси ўрнида қурилган Сенат биносида фаолият юрита бошлаган ва ўзининг Қорасув- 2 массиви, Шамс кўчасидаги ховлисида яшаб келган. Ҳукумат қарорига кўра, Оқсарой музейга айлантирилди.
Мирзиëев, 24 июлдан бошлаб, Байтқўрғондаги қароргоҳда яшай бошлаган.