Human Right Watch Қирғизистон ҳукуматини оиладаги зўравонликдан ҳимояни кучайтиришга чақирмоқда. Бутун мамлакатни ларзага келтирган воқеа сабабли ҳуқуқ ҳимоячилари мурожаат билан чиқди.
Бишкек чеккасида яшовчи бир эркак рашк туфайли собиқ хотинининг қулоқлари ва бурнини кесиб ташлади. У 10 ёшли ўғли уйда бўлганида собиқ хотинига қарши бу ишни қилган. Аввалроқ аёл мунтазам калтак ва таъқиблар туфайли полицияга бир неча бор мурожаат қилган, аммо натижа бўлмаган. Аянчли оқибатлардан сўнг ички ишлар вазири ишни шахсий назоратга олди.
“Тушунаман, бу менинг синглим, ақлимга сиғдира олмаяпман, қандай қилиб ахир? Қандай қилиб кимнингдир бошига шу иш тушиши мумкин? Қандай қилиб: қулоқларини, бурнини кесиб ташлаш?!” – дейди жабрланувчининг амакиваччаси Диана.
Аселнинг яқинлари ҳалигача қизи ва синглиси бошига шундай кун тушганини интернетдан билиб ишонгилари келмайди. Шифокорларнинг таъкидлашича, эр собиқ хотинининг қулоғи ва бурнини шунчаки кесмаган, балки кесиб олиб ташлаган.
"Бизда шифокорлардаги каби ҳеч қандай прогноз йўқ, – дейди Диана. – Чунки кесилган органлар илдиз отган ёки йўқлигини бир кунда аниқлаб бўлмайди. Икки-уч ҳафта давом этади. Ҳаммаси одамга, унинг иммунитетига боғлиқ. Улар бизга ҳали ҳеч нарса айтишмади, фақат унинг аҳволи барқарор оғирлигича қолаётганини айтишди".
Аселни қутқариш операцияси саккиз соат давом этди. Гувоҳларнинг айтишича, аёл қўшниси туфайли тирик қолган. У қичқириқни эшитиб, полиция чақирган. Яқинларининг айтишича, Аселнинг бўйнида пичоқ билан кесилган жароҳат ҳам бор. Артериянинг шикастланмай қолганини мўъжиза деб аташяпти.
36 ёшли қирғизистонлик аёлнинг яқинлари фожиа олдини олиш мумкин бўлганига ишончлари комил. Уларнинг айтишича, оиладаги зўравонлик анча олдин бошланган ва шу сабабдан Асел беш йил аввал турмуш ўртоғи билан ажрашган. Бу йиллар давомида, унинг айтишича, эри уни таъқиб қилган, калтаклаган ва зўрлаган.
"Ҳар доим бир хил, – дейди Диана. – У синглимни калтакларди, синглим эса маҳаллий полицияга қўнғироқ қиларди, ариза ёзарди, уни олиб кетиб уч кунга қамаб қўйишарди. Кейин қўйиб юборишарди. Ҳа, ўлдирмагунча, иш очмаймиз, дегандек."
Мавзуга алоқадор Калтак еган келин, муштумзўр она ва "самосуд"лар. ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги вазиятдан ташвишдаОхирги марта иш судга борди. Аселнинг собиқ эрига 5 йил қамоқ жазоси берилди, бироқ суд уни 3 йил синов муддати билан озод қилди. Эндиликда бу қарорнинг қонунийлиги Олий суд томонидан баҳоланади.
Қарорга рози бўлмаган жабрланувчи Чуй вилоят судига апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Суд 2023 йил 27 сентябрга белгиланган. Мазкур иш учун пробацион назоратни қўллаган судьянинг ҳаракатларига тегишли баҳо берилади.
Қирғизистон Олий суди матбуот хизмати расмий баёнот билан чиқди: “Резонансдан сўнг шахсан ички ишлар вазири ушбу ҳолатга эътибор қаратди. Милиция оилавий зўравонлик ҳолатлари олдини олишга катта эътибор бермоқда. Бу йўналишда фаол ишлар олиб борилмоқда. Оилалар хавфсизлигини таъминлаш ва “уйда зўравонлик олдини олиш” мақсадида барча даражаларда чоралар кўрилмоқда. Селекция қишлоғида содир бўлган жиноятга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Холис ва кенг қамровли тергов ўтказилишини таъминлаш мақсадида бу ишни ички ишлар вазири, полиция генерал-лейтенанти Улан Ниёзбеков шахсан назоратга олди”.
Яқинларининг айтишича, ҳозир уларни адолат эмас, балки Аселнинг саломатлиги қизиқтиради. Қариндошлари унинг даволаниши учун маблағ йиғиш мақсадида ижтимоий тармоқларда саҳифа очишди. Қариндошларининг айтишича, улар жароҳат олдидан ҳам, кейин ҳам унинг юзини атай яширишмайди. Асел Қирғизистонда оилавий зўравонлик қурбонларининг рамзига айланиши керак, деб ҳисобламоқда оиласи.
2021 йили халқаро индексга кўра, Қирғизистон Марказий Осиёда аёллар учун энг хавфли давлат деб топилди. Уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг ярмидан кўпи судгача етиб бормайди.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари Human Right Watch расмийларни оиладаги зўравонлик муаммосини иккинчи ўринга қўйишни бас қилишга ва вазиятни инқироз деб тан олишга чақирди.