Шу йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда тартибсизликларга айланиб кетган оммавий норозилик намойишлари чоғида ҳалок бўлганлар сони 21 кишига етган.
Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновнинг 18 июль куни Тошкентдаги брифингда маъоум қилишича, яна 3 нафар фуқаро аҳволи ўта оғир бўлгани боис, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, вафот этган.
Бош прокуратура вакили уларнинг шахси, қачон ва қандай жароҳатлардан вафот этгани ҳақида маълумот бермаган.
БПга кўра, жами 274 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилган, яна 16 нафар фуқаро тиббий муассасаларда қолмоқда.
Айни пайтда оммавий намойишлар чоғида етказилган моддий зарарга доир илк расмий рақам эълон қилинган: Бош прокуратурага кўра, "оммавий тартибсизликлар оқибатида фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулклари, давлат ва ижтимоий инфратузилма объектларига 3 млрд. 147 млн. сўм зарар етказилган".
- Шу йилнинг 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон конституцияси янги таҳририда Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва рефрендум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқишига доир моддаларга таклиф қилинган ўзгариш шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида қизғин муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди;
- 1 июль куни Нукус марказида конституциявий ўзгартишларга қарши тинч намойишларга чақирган «Эл хызметинде» газетаси редактори ва фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди. Нукус марказида тўпланган кўп сонли оломоннинг норозиликлари ортидан Тажимуратов қўйиб юборилди;
- Ўзбекистон Бош прокуратураси версиясига кўра, Тажимуратов "ноқонуний намойишларга чақиргани учун ҳибсга олинган. Тарафдорлари у қўйиб юборилганидан сўнг ҳам "тартибсизликларни давом эттиришган, куч тизимларига фаол қаршилик кўрсатганлар ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини ўзгартириш ва ҳокимиятни очиқча босиб олишга уринганлар";
- 1 июль кечаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Нукусдаги намойишлар юзасидан баёнот бериб, юз берган воқеаларга “конституциявий ислоҳотлар моҳиятини нотўғри талқин қилиш” сабаб бўлганини билдирди. Вазирлик жамоат тартибини сақлаш учун қўшимча кучлар юборилганини тасдиқлади;
- 2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди. Аммо 2 июль тунида тармоқларда тарқаган видеолардан президентнинг ён бериши норозилик намойишларини тўхтата олмагани кўрилади;
- Президент Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Фавқулодда ҳолат 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар давом этиши билдирилди;
- 4 июль куни Миллий Гвардия ва Бош прокуратура Нукусдаги воқеааларда 18 киши ҳалок бўлгани ва 243 киши яраланганини маълум қилди; тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари; 500 дан ортиқ одам ушланган;
- Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
- 6 июль куни президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари жалб қилиниши, куч тузилмаларининг ҳаракатлари таҳлил қилинишини айтди;
- 16 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси воқеаларни ўрганиш учун мустақил комиссия тузилганини эълон қилди;
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
1-2 июль куни Нукусда юз берган воқеалар Ўзбекистонда 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан буён содир бўлган энг йирик зўравонликлардир. Ўзбек расмийлари намойишчиларга қарата ўт очилганини рад этишган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш этган. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов намойишлар "тинч бошлангани"ни эътироф этган ва воқеалар юзасидан АҚШ Конгрессига махсус ҳисобот тақдим этилишини билдирган. Қўшни давлатлар, Россия ва Хитой воқеалар бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг расмий позициясини қўллаб қувватлаган, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ҳудудий бутунлиги ва суверенитетини дастаклашини билдирган.
Айни пайтда воқеалардан икки ҳафта ўтиб, Қорақалпоғистон ҳануз интернетдан узилганича қолмоқда, маҳаллий аҳолининг шаҳарга кириш ва чиқиши чекланган. 13 июль куни президент Мирзиёев Нукусдаги комендантлик соатини қисқартиришга буйруқ берган, аммо нима учун интернет алоқаси ҳанузгача тикланмагани борасида расмий изоҳ йўқ. Бу ўз навбатида, фавқулодда ҳолат амалда бўлган ва куч тузилмалари томонидан назорат қилинаётган Қорақалпоғистонда инсон ҳуқуқларига қанчалик риоя этилаётгани борасида хавотирларни пайдо қилмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди