Бухорода 31 январь куни ниҳоясига етган суд жараёни, олдинги даврда ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган бўлар эди. Аммо Озодликнинг минтақа бўйича шарҳловчиси Крис Риклтоннинг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати шу кунларда томошани афзал кўраётганга ўхшайди.
Ўтган йил ёзида Қорақалпоғистон республикасида икки миллион аҳоли яшайдиган ҳудуднинг ноодатий шаклдаги суверен мақомини олиб ташлайдиган конституциявий ўзгартиришларга қарши мисли кўрилмаган норозилик намойишлари бошланди. Тартибсизликларда камида 21 киши ҳалок бўлди.
Ҳукумат бу ўзгаришни бекор қилди, аммо намойишлар учун номаълум "ташқи кучлар"ни айблашни ҳам унутмади.
Расмийлар тартибсизликлар вақтида оломонга қарата ўқ узган хавфсизлик кучларига ёки бунга буйруқ берган амалдорларга қарши ҳеч қандай айблов қўйгани йўқ. Намойишлар вақтида Қорақалпоғистон полицияси бошлиғи бўлган одам Қорақалпоғистондаги энг олий идора – парламент раиси бўлди.
Прокурорлар қорақалпоқ ҳуқуқшунос ва журналист Даулетмурат Тажимуратовни республика ҳукуматини ағдариш ва ўзини етакчи сифатида кўтаришга уринишда айблаган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
У энг йирик намойишлар бўлган Қорақалпоғистон пойтахти Нукусдан бир кунлик масофада жойлашган Бухорода ўтган судда 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, шунингдек, унда яна 16 нафар айбланувчи саккиз ярим йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Аммо ҳукм ўқилганлар орасида ўзининг айбсизлигини таъкидлаган ягона шахс бўлган Тажимуратов тинчланмади. Аксинча, у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” деб атаган мамлакатдаги адолат аҳволини кескин танқид қилди.
У ўзига қўйилган айбловларни бирин-кетин қоралади, полицияни ўзини қийноққа солишда, амалдорларни эса инқирозни чуқурлаштирганликда айблади.
“У саволлар берди, муҳим тизимли саволлар берди, балки прокурорлар берганидан кўра кўпроқ саволлар берди”, дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономарев. У «Мемориал» ташкилотидан бўлиб, ташкилот маҳкамага кузатувчиларни юборган ва июль ойидаги ўша тартибсизликлар ҳақида ҳисобот чоп этишни режалаштирган.
“У [Қорақалпоғистонда] аллақачон таниқли шахсга айланган. У узоқ муддатга ҳукм қилинишини билар эди. Кўпчилик қорақалпоқлар учун унинг суддаги чиқишлари қаҳрамонлик эди”, дея қўшимча қилди ҳуқуқ ҳимоячиси.
“Прокуратуранинг намойишлар фитна эканлигини исботлашга уриниши муваффақиятсиз чиқди. У далиллардаги қарама қаршиликларни кўрсатиб берди”, дейди Пономарев.
Беш судланувчи, жумладан, яна бир журналист Лолагул Қаллихонова шартли равишда озодликдан маҳрум этилди ва ҳибсга олинганидан тахминан олти ой ўтгач, дарҳол озод қилинди, уларнинг баъзилари ўзини босолмай йиғлаб юборган.
Айбланувчиларнинг аксарияти ўз кўрсатмаларида Тажимуратовни тилга олган.
Бироқ Gazeta.uz ахборот сайти унинг қорақалпоқчадан рус тилига ўгирган кириш нутқида у ўзини сепаратист эмаслигини таъкидлаган.
“Мен мустақилликка эришиш учун ҳеч нарса қилганим йўқ. Сабаби, шу пайтгача [Ўзбекистонда] яхши яшадик. Мустақилликни орзу қилиш жиноят эмас. Мен орзу қилишда давом этаман, қабргача орзу қиламан. Аммо бу жиноят эмас. Энди менга эркинлик беринг, орзум ўлмасада, мустақиллик учун қадам қўймайман.»
Ўзбекистон ҳукумати учун Қорақалпоғистоннинг ноодатий мақоми узоқ вақтдан бери бош оғриғи бўлиб келган.
Қорақалпоғистон Совет даврида бир муддат Россия Совет Социалистик Республикаси таркибида бўлган автоном республика эди, 1930‑йилларда Ўзбекистон ССР таркибига киритилган.
Бироқ у ўз мақомини сақлаб қолди ва Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ажралиб чиқиш тўғрисида референдум ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди, бу ўз байроғи ва суверенитетнинг бошқа белгиларига эга бўлган ҳудуд собиқ совет республикаларидаги автоном республикалар орасида ажралиб туради.
Июнь ойи охирида интернетда эълон қилинган Ўзбекистон конституциясига киритилажак ўзгаришлар лойиҳасидан ўша ҳуқуқни кафолатловчи модда олиб ташланган эдики, бунинг оқибатида норозилик кўтарилган.
Судда Тажимуратов Ўзбекистон конституциясидаги Қорақалпоғистон мақомини тартибга солувчи бўлимга ўзгартириш киритишни таклиф қилган қорақалпоғистонлик депутатларни айблади.
Унинг айтишича, бу масала республиканинг олий ҳокимият органи бўлган Қорақалпоғистон парламентининг ёпиқ мажлисида муҳокама қилинган.
Кейинроқ бу таклиф Ўзбекистоннинг янги конституциясини ишлаб чиқувчи комиссияга юборилган. Кузатувчиларга кўра, конституцион ўзгариш Мирзиёевнинг ҳокимиятда қолиш муддатини узайтиришга қаратилган эди.
Қорақалпоғистон мақомини ўзгартириш ғояси Тошкентдаги гуруҳлар томонидан илгари сурилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг Мирзиёев ўз Администрацияси раҳбарини ишдан бўшатган.
Аммо Тажимуратов суд жараёнида Ўзбекистон раҳбари ҳақида фақат ижобий гапирди.
Унинг айтишича, Қорақалпоғистондаги зўравонликлардан олдинги кунларда у йиғилишлар ўтказган ва расмийларга хабарлар юборган, ўзгаришлардан ғазаб кучаяётгани, яқинлашиб келаётган офат ҳақида огоҳлантирган.
Ўзининг айтишича, у YouTube ва Telegram’да ўз тингловчиларига бу саъй-ҳаракатлари ҳақида маълумот бериб борган, ўзининг ҳуқуқшунослик фаолияти билан бир қаторда, “Эл хизматида” газетасининг собиқ бош муҳаррири сифатидаги фаолиятини давом эттирган.
Бироқ тинчликни сақлашга қаратилган бу уринишларнинг ҳеч бири натижа бермади, дейди у.
Бу турғунлик чўзилди, Тажимуратов Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳридаги масжид зинасида туриб, бир гуруҳ қорақалпоқларга ҳукуматдан 5 июлда конституцион ўзгаришга қарши Нукусда тинч намойиш ўтказишга рухсат беришни сўраганини айтиб, уларни тинчлантиришга уринди.
Тажимуратов орада бир йўқолиб қолади ва бундан норозилар сони ошиб боргач, полиция уларни тинчлантириш учун уни қўйиб юборади. Ана ўшанда у яна омма олдида кўриниш беради.
Кадрларда уни олқишлаётган томошабинларни кўриш мумкин.
Судда Тажимуратов полициянинг унинг биринчи ҳибсга олиниши "профилактик суҳбат учун эди" деб хаспўшлаганини масхара қилди.
“Янги Ўзбекистон”да профилактик суҳбат. Билмадим, бошингизга қоп кийгазиб, қўлингизга кишан солиб, машинага тиқиб, электр таёқ билан уриб, калтаклаб, қон тупуртириб, кейин қўйиб юборишми профилактик суҳбат?»
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бугунги кунга қадар намойишлар бостирилиши бўйича энг кенг қамровли ҳисоботни чоп этган Human Rights Watch (HRW)нинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Риттман “Тажимуратовнинг ўзининг калтаклангани ва ҳибсга олинишдаги бошқа қонунбузарликларни тасвирлаб берган кўрсатмаси расмийларни тергов бошлашга ундай олмаслиги ўта хавотирлидир” деди.
“Бу қийноқ ёки бошқа шафқатсиз усуллар билан олинган кўрсатмалар судда қабул қилиниши жиддий хавотир уйғотади”, дея қўшимча қилди у.
HRW ноябрдаги ҳисоботида ҳарбийлар тартибсизликлар чоғида «ортиқча» куч ишлатгани, ўқотар қуроллар ва кучли товуш чиқарувчи гранаталардан фойдаланилганини айтди.
"Ўзига хос Робин Гуд"
Қорақалпоғистонда Тажимуратов қорақалпоқ қадриятларининг ашаддий ҳимоячиси сифатида шуҳрат қозонган.
2021 йилда у қорақалпоқларни “ўзбек либосида яшайдиган халқ” деб атагани учун таниқли ва баҳсли ўзбек хонандаси Юлдуз Усмонова устидан судга шикоят қилган.
Ҳозир Қозоғистонда яшаётган қорақалпоқ фаоли Оқилбек Муратбайнинг айтишича, бу бир нечта шунга ўхшаш ҳолатларнинг энг машҳури, холос.
“Фарғона вилоятида кимдир қорақалпоқларга қарши бирор ҳақоратли гап айтса, ўша вилоятга бориб, уни судга берарди, – дейди у. – Аммо у ҳар доим қонун доирасида ҳаракат қилган."
Қорақалпоғистонда Тажимуратов газ ва сув таъминоти муаммосидан қийналаётган вилоят аҳолисига ўзининг юридик хизматларини бепул ёки рамзий тўлов эвазига таклиф қилгани билан танилган. Муратбайнинг айтишича, "баъзи одамлар учун Робин Гуд".
У ҳукуматни ҳам доимий танқид қилган, аммо ўз чегарасини билган.
“У ҳеч қачон Мирзиёевни ёки Қорақалпоғистон парламентининг собиқ раиси [Мурат] Камоловни танқид қилмаган. Одамлар Камолов уни ҳимоя қилмоқда, деб ишонарди, чунки бошқа журналистлар бу қадар танқидий фикр айтолмасди”, дейди Муратбай.
Судда Тажимуратов «ўзига сўз»ни Камолов берганини айтди.
Бироқ айбловга кўра, Тажимуратов тартибсизликлардан бир ой ўтиб истеъфога чиққан Камоловни ағдаришга уринган.
Тажимуратов озод этилганидан бир неча соат ўтиб, интернет узилган ва минтақада намойишчилар ва Ўзбекистон хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашув авж олган бир пайтда уни яна ҳибсга олишган. Бу сафар у қайта чиқмади.
Сентябрь ойида Ўзбекистон Омбудсмани бошчилигидаги Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганувчи комиссия Тажимуратов билан учрашиб, у ўзига нисбатан шафқатсизлик бўлмаганини айтганини билдирган эди.
Учрашувдан олинган суратда Тажимуратов кўринса ҳам, унинг юзи кўринмайди.
Комиссия ҳозирча давлатнинг норозилик намойишларини бостириши бўйича ҳеч қандай хулоса бермаган.
Очиқ суд жараёни ҳам, комиссия ҳам Мирзиёевнинг ўз ўтмишдоши, автократ Ислом Каримов йўлидан узоқлашаётганига далолат қилади.
2005 йилда Андижонда ҳукумат қўшинлари юзлаб намойишчиларни отиб ташлаган, аммо воқеалар юзасидан тергов олиб борилмаган эди.
Мавзуга алоқадор Мира Риттман: Қорақалпоғистонда ҳаддан ташқари куч қўллаганлар жазога тортилиши керак"Қийноқ йўқ"
Июль ойида баъзилар икки ҳолатни солиштирганда, комиссия аъзоси бўлган депутат Бобур Бекмуродов уларни қиёслашни «адолатсиз» деб твит ёзган эди.
Унинг таъкидлашича, журналистлар зўравонликлардан сўнг дарҳол Қорақалпоғистонга бора олган, агар Каримов ҳали ҳам ҳокимиятда бўлганида муносабат бошқача бўларди.
Кейинроқ Бекмуродов Тажимуратовнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотларини шунчаки “қўпол муомала” деб атади ва тартибсизликлар пайтида ҳибсга олинганларнинг ҳеч бири қийноққа солинмаганини таъкидлади.
Айни пайтда суд залини тарк этганларнинг берган изоҳлари Тошкент Тажимуратов айтган айбловларни ёпиб юбориш учун собиқ маҳбуслардан фойдаланаётгани ҳақида хавотир уйғотган.
1 июль куни Тошкентда ҳибсга олинган ва шартли қамоқ жазоси билан озод этилган этник қорақалпоқ журналист Лолагул Қаллихонова Gazeta.uz нашрига суд ишига “10 баллдан 10 балл” беришини айтди.
Қаллихонованинг айтишича, уни сўроқ қилган терговчилар “билимдон ва зиёли” бўлиб, унга ҳар жиҳатдан илиқ муносабатда бўлишган. У узоқ муддатли жазодан қутулганини омад деб атаб, ўзи ва собиқ ҳамкасби Тажимуратов тартибсизликлар учун жазога лойиқ эканини қўшимча қилди.
“Конституцияга ўзгартиришлар киритилгунга қадар бўлган барча яхши ишлар ундан кейин ҳам давом этмоқда. Давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигимни билдираман”, деди Қаллихонова Мирзиёевга ишора қилиб.