2022 йилда Қозоғистон мудофаа соҳасига бир триллион тенге ажратди. Бу ўтган йилгидан 303,7 миллиардга кўп. Айни чоғда баҳорги ҳарбий чақирув анча қаттиққўллик билан ўтказилди. Айрим ҳудудларда талабалар тўғри ўқув юрти аудиторияларидан куч билан олиб кетилди. Мудофаа харажатлари кескин ортиши манзарасида мамлакат ҳарбий доктринасини ўзгартиришга қарор қилинди. Экспертлар Оқўрданинг хатти-ҳаракатларини январь воқеалари ҳамда Украинадаги уруш билан боғламоқдалар.
Нима ўзгарди?
Республиканинг 2022-2024 йилларга мўлжалланган бюджети дастлабки вариантида Қозоғистон мудофааси учун 858,8 млрд танга ажратиш назарда тутилганди. Бу маблағнинг 61 фоизи Мудофаа вазирлигига, қолгани эса Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Саноат ва инфратузилмавий ривожланиш вазирлигига берилиши керак эди. Бироқ 2022 йил майида мудофаа соҳаси бюджети 162,6 млрд тангага (шундан 56,9 млрд танга – Мудофаа вазирлигига) оширилиб, жами 1 трлн 21 миллион тангага етди. Бу ўтган йилги бюджетдан 303,7 млрд.га кўп.
Умумий бюджетнинг қарийб ярми – 494,6 млрд танга – мудофаа вазирлигига йўналтирилади. Вазирлик қуролли кучларни тайёрлашга 491 млрд танга сарфлашни режаламоқда.
24 июль куни Wall Street Journal Қозоғистон ҳукумати Украинадаги уруш важидан ўз мудофаасини кучайтираётгани ҳақида мақола чоп этди. Муаллиф аноним қозоқ мулозимига ҳавола берган ҳолда, мамлакат АҚШ, Хитой ва Туркия билан ҳарбий соҳада алоқаларни мустаҳкамлаётгани ва мудофаа бюджетини 918 миллион долларга оширганини маълум қилди.
Мавзуга алоқадор “Марказий Осиё хонликлар замони каби уйқуда” – Тармоқлар Медведевнинг пости ҳақидаНашр манбаси Қозоғистон Украинадаги вазиятдан сабоқ чиқарганини, маблағнинг салмоқли қисми армияни ислоҳ қилиш ва ҳарбий захирани оширишга харжланишини урғулаган.
Жорий йилнинг 7 апрелида молия вазири муовини Татьяна Савельева 2022 йилда “кучишлатар ҳамда фавқулодда вазиятлар идоралари жанговар шайлигини ошириш ва моддий-техник таъминотини модернизация қилиш”га қўшимча 441 млрд танга сарфлаш кўзда тутилганини айтди. Мулозимага кўра, маблағнинг катта қисми январь воқеалари оқибатларини бартараф этишга йўналтирилади.
Мудофаа вазирлиги Озодликнинг 2022 йилда бюджет оширилишига нима туртки бўлгани ҳақидаги саволини жавобсиз қолдирди. “Қўшимча ажратилган пуллар нимага сарфланади?” деган саволга эса “ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга, жанговар шайликни ошириш ва инфратузилмавий ривожланишга”, деган жавобни олдик.
Бюджет нега оширилди?
Аэромобил қўшинлар собиқ қўмондони, “Генераллар кенгаши” жамоат бирлашмаси раиси, истеъфодаги генерал-майор Маҳмут Телегусов бюджетни оширишга Украинадаги уруш ва геосиёсий муаммолар сабаб бўлганини тахмин қилади.
– Умуман олганда, нафақат қуролли кучлар, балки бутун мамлакат 30 йил давомида бунақа вазиятга тадорик кўрмаган, – дейди Телегусов. – Ҳолбуки 2005 йилда қабул қилинган “Мудофаа ва қуролли кучлар тўғрисида”ги қонунда давлат идоралари, парламент, марказий ижро органлари ва ҳатто акимларнинг вазифалари белгилаб берилганди. Яъни, ҳукумат, вазирликлар ва акимлар фурсатни бой беришди. Мана энди типирчилаб қолишди. Ҳозирда имкониятимиз бор, янги Қозоғистонни қуряпмиз. Янги Қозоғистоннинг янги қуролли кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари бўлмоғи керак. Улар аввало давлат манфаатлари учун ишлаши лозим. Шу боис, ажратилган пул мудофаа учун ҳаддан ортиқ дея олмайман.
Сенат депутати, халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси котиби Нуржон Нурсипатовга кўра, қўшимча равишда ажратилган маблағ ҳарбий техникаларни модернизация қилишга ва ҳарбий-амалий ишларга сарфланади. У ҳукумат қарорини Украинадаги урушга боғлиқ деб ҳисобламайди.
– Бюджет оширилишига инфляция таъсир қилди. Барча қуролларни ўзимизда ишлаб чиқара олмаймиз, катта қисми чет мамлакатлардан харид қилинади, – дейди депутат.
“Хавфларни баҳолаш гуруҳи” директори, сиёсатшунос Досим Сатпаев январь воқеаларини сабаб қилиб кўрсатади.
– Қозоғистоннинг мудофаа бюджети оширилиши ўтган йилиёқ маълум қилинганди. Бюджет харажатларини кўрадиган бўлсак, нафақат мудофаа вазирлигига, балки ички ишлар вазирлигига ҳам улкан маблағ ажратилган. Менимча, бунга икки нарса туртки бўлган: январь воқеалари ва Украинадаги уруш, – дейди эксперт ишонч билан. – Январда Тоқаев КХШТни таклиф қилди, бу унинг обрўсига жиддий путур етказди, шу боис президент жамият олдида репутациясини бир оз яхшилаб олмоқчи бўляпти. Бошқа томондан, январь воқеалари Қозоғистон кучишлатар тузилмаларининг мутлақо ношудлигини кўрсатди.
Халқаро хавфсизлик бўйича магистр Эмин Жаббаров бюджетнинг оширилиши билан Россия босқини ўртасида алоқа бор, деб ўйламайди. Унинг фикрича, мазкур қарорга ҳарбийларнинг январь воқеалари чоғида вазиятни назорат қила олмагани сабаб бўлган.
Сиёсатшунос Досим Сатпаев мамлакатнинг мудофаа қобилиятини кучайтириш учун кўп пул ажратиш кифоя қилмаслигини, яна армиядаги коррупцияни енгиш ва ахборот хавфсизлиги билан шуғулланиш ҳам зарурлигини эслатади.
– Коррупция – ҳар қандай мамлакат хавфсизлиги учун энг катта душман, айниқса Қозоғистон учун, – дейди эксперт. – Энг ўткир муаммоларимиз – коррупция, касб-лавозимга лаёқатсизлик, кадрлар танлашни билмаслигимиз, масъулиятсизлик ва калтабинликдир. Ҳамма бугунни ўйлаб яшайди. Ҳукумат ахборот соҳасида янглиш сиёсат юритмоқда. Қозоғистон ҳудудида Россия телеканаллари очиқча пропаганда билан шуғулланяпти.
Армияга чақириш қандай кечяпти?
Жорий йилда Қозоғистонда баҳорги ҳарбий чақирув қаттиққўллик билан ташкил қилинди. Хабарларга кўра, бир неча вилоятда “военкомат” ходимлари талабаларни зўрлик билан армияга жўнатишган. Баъзилар буни ҳукуматнинг мамлакат мудофаа қобилиятини кўтаришга интилиши билан боғлади.
Мудофаа вазирлиги ҳарбий комиссарликлар тиббий комиссиядан атай қочиб юрган чақирув ёшидаги йигитларга нисбатан қонунан иш кўрганини айтди.
“Улар олдиндан таклиф қилинган, барчасига SMS-хабар юборилган. Аммо тайинланган вақтга ҳарбий комиссариатга бормаганлар. Шундан сўнг маҳаллий полиция армиядан қочиб юрган фуқароларни аниқлаш мақсадида рейдлар ўтказган”, дейилади вазирлик хабарномасида.
Расмий маълумотларга кўра, шу баҳорда Қозоғистонда 16 653 киши ҳарбий хизматга чақирилган. Тез орада кузги чақирув бошланади. Қиёслаш учун, 2021 йилда 32 064 киши, 2020 йилда эса 34 минг киши армияга олинган.
Мавзуга алоқадор Украина сабоқлари: Қозоғистон Россиядан масофаланиб, ҳарбий қудратини оширмоқдаСиёсатшунос Досим Сатпаев Қозоғистон нега миқдор билан эмас, балки сифат билан шуғулланиши кераклигини тушунтиради:
– Бу ерда биз Украинадан ўрнак олсак арзийди. Февраль ойида босқинчиларга энг кўп талафотни армия эмас, балки ҳудудий ўзини мудофаа қилиш кучлари етказди. Бинобарин, мамлакатнинг мудофаа қобилияти фақат армияга эмас, фуқаровий аҳолига ҳам боғлиқ. Биз Қозоғистонда қанча одам ўз юрти ҳимоясига тайёрлиги, қанча киши таҳдид бўлган тақдирда Қозоғистон миллий манфаатларига хиёнат қилиши мумкинлиги билан қизиқишимиз лозим.
Истеъфодаги генерал-майор Маҳмут Телегусов армияда хизмат қилишга шай ёшлар сони йил сайин камайиб бораётганидан, шу боис давлат уларга мотивация бериш устида бош қотириши кераклигидан баҳс этади.
– Ҳозир ўзига тўқ оилалар фарзандларини армияга юбормай қўйган. Ҳарбий хизмат асосан камбағал оилаларнинг болаларига қолди, – дейди Телегусов. – Ёшлар бир йил умрим армияда зое кетади, деб бунинг ўрнига пул топишни ва ота-онасига ёрдам беришни афзал кўришмоқда. Шу боис ҳам ҳарбий хизматдан бўйин товлайдиганлар кўп. Ҳукумат ушбу вазиятни ҳисобга олиб, ёш йигитларга мотивация берадиган таклифларни ишлаб чиқиши лозим. Комиссариатлар зуғум қилаверса, ҳукумат эса ислоҳотларни пайсалга солаверса, аҳвол бадтар бўлади.
Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунда мамлакатда ҳарбий хизматга яроқли 220 минг фуқаро бор. Улардан 35 минг нафари муддатли ҳарбий хизматга чақириладиганлар рўйхатига тиркалган.
Оқўрда ҳарбий доктринани ўзгартиришни таклиф қилди
Юз бераётган барча воқеалар манзарасида Қозоғистон ҳарбий доктринасини қайтадан ёзиши маълум бўлди. Ҳужжатга сўнгги бор 2017 йилда ўзгартишлар киритилган эди. Эндиликда Оқўрда доктринага 70 дан зиёд ўзгартиш киритишни таклиф қилмоқда. Жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган ҳужжатда “инқирозли вазият” ва “захира ҳарбий хизмат” деган янги тушунчалар мавжуд. Бундан ташқари, оммавий ҳужум қуроллари, киберҳужумлар, космик кенгликдаги устунлик, гибрид уруш ва ахборот уруши ҳам баён қилинган.
Янги таҳрирдаги доктринада Қозоғистонга хавф туғдирувчи бир неча омил санаб ўтилган. Мана улардан айримлари:
дунёвий ва минтақавий етакчи мамлакатларнинг халқаро муносабатлар заифлашуви манзарасида глобал ва минтақавий даражада ўз иқтисодий ва сиёсий таъсир доирасини кенгайтиришга уриниб, кескинликни кучайтириши;
давлатлараро муносабатларда ҳарбий куч ишлатишга йўл қўймаслик ва унинг олдини олишда халқаро ҳуқуқ самарадорлиги ва халқаро хавфсизлик ташкилотлари имкониятларининг пасайиши.
Янги доктрина муҳокамаси аллақачон тугаган, аммо ҳужжат тасдиқланганича йўқ. Мудофаа вазирлиги доктрина 2022 йил охирига қадар қабул қилинишини билдирди.
2017 йилда доктринада Қозоғистон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини Россия билан биргаликда ривожлантириши қайд этилганди. Янги таҳрирда ушбу банд сақланган.
Халқаро хавфсизлик магистри Эмин Жаббаров Россиянинг Қозоғистон ҳарбий доктринасига киритилишини хато деб билади, бироқ, унинг фикрича, мамлакатнинг бошқа чораси йўқ.
– Россия ва Қозоғистоннинг ўзаро муносабатлари воқелиги нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу ўринда Bandwagoning термини қўлланади: бу кучсиз давлат кучли давлатга қўшилишини англатади. Биз Россия билан иттифоқ тузиш орқали ўз манфаатларимизни ҳимоя қилишга уриняпмиз. Қозоғистон Россияни ўз доктринасидан ўчира олмайди. Бутун эътиборимизни қуролли кучларга қаратадиган бўлсак, халқаро ҳамжамият Қозоғистон милитарлашяпти, деган хаёлга боради. Шу боис ташқи ҳарбий хавфсизлигимизнинг бир қисмини кучли давлатга аутсорсинг асосида топширдик. Бунақа мисоллар кўп. АҚШ Евроиттифоқ хавфсизлигини таъминлайди. Тайвань билан Япония ҳам АҚШга муҳтож. Тарих шуни кўрсатмоқдаки, ҳарбий ҳужжатда бошқа мамлакат номи келтирилиши нормал ҳолат эмас. Россия халқаро майдонда ўзини қандай тутишидан келиб чиқадиган бўлсак, бунақа иттифоқ хавфли. Кавказни, Қрим ва Украинани эслайлик. Россия халқаро ҳуқуқни муттасил бузиб келади. Бу Қозоғистонга ҳам таҳдид туғдиради, албатта. Лекин Қозоғистон олдида муқобил йўл йўқ.
Мудофаа вазирлиги Озодликка жавобида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаага жалб қилиниши Қозоғистоннинг имкониятларини оширишини айтди.
Сиёсатшунослар ва жамоатчилик вакиллари Россиянинг Қозоғистонга муҳтамал агрессиясидан ташвиш билдираётган бўлишса-да, Кремль ва Оқўрда расмий даражада ШҲТ, КХШТ ва икки томонлама шартномалар доирасида ҳамкорлик давом эттирилишини урғулаб келмоқда. Қозоғистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Россия президенти Владимир Путин билан яқинда Сочи шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида ҳам “ҳамкорлик истиқболига доир пессимистик башоратлар учун ҳеч бир асос йўқ”лигини айтди.