Россияда қийналган мигрантлар янги йўналишлар топишмоқда. Янги муаммолар ҳам

Меҳнат муҳожирлари Москвадаги миграция марказида.

Ватанида иш топа олмаган миллионлаб Марказий осиёликлар йиллар давомида Россияга иш излаб кетишга мажбур бўлди.

Бироқ, Россия иқтисодиёти турғунлиги ва муҳожирларга қарши ҳужумлар кўпайиши Марказий осиёлик ишчиларни Шарқий Осиё ва Ғарбдан иш қидиришга ундамоқда.

Иш ҳақи одатда Россияга қараганда юқори бўлса-да, мигрантлар янги қийинчиликларга дуч келишмоқда. Ишдан-ишга ўтиш анча мушкул ва кўпчилик тил тўсиқлари ҳамда маданий фарқлар сабабли қийналмоқда.

Санат Жусупбек 2017 йилда ватани Қозоғистондан Жанубий Кореяга яхши маошли иш излаб кўчиб ўтган. Аммо бу мамлакатдаги давом этаётган сиёсий инқироз ва иқтисодиётнинг секинлашуви унинг даромадларига салбий таъсир қилди.

"Мижозлардан буюртмалар камайди, маошим пасайди ва мигрантларга қарши полиция рейдлари кўпайди," дейди пойтахт Сеул яқинида юк ташувчи бўлиб ишлайдиган Жусупбек.

33 ёшли йигит йўқотишларини қоплаш учун заводда ноқонуний равишда қўшимча иш олганини айтди.

Қийинчиликларга қарамай, у 2024 йил иккинчи ярмида секин ўсиш шароитида миллий валюта қиймати долларга нисбатан 10 фоизга тушган Қозоғистонга қайтишни режалаштирмаяпти.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

2025-йилдан бошлаб Россияда визасиз юриш муддати қисқартирилди. Муҳожирларни яна қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Қаттиқроқ қоидалар ва кўпайган фирибгарликлар

Ўнлаб йиллар давомида Россия Марказий Осиёдан келган ишчилар учун асосий манзил бўлиб келган, чунки бу минтақада ёш аҳоли заиф иқтисодиётлардан ўсиб чиққан.

Аммо ортиб бораётган қўрқув ва иқтисодий ноаниқлик Россиянинг Марказий осиёликлар учун жозибадорлигини пасайтирди.

2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши халқаро санкцияларга олиб келди, иқтисодиётга зарба берди ва рубль қийматини туширди.

Шу билан бирга, Россия март ойида Москва яқинидаги концерт залига уюштирилган терактдан сўнг ўн минглаб Марказий Осиёлик муҳожирларни депортация қилди ёки уларнинг киришини тақиқлади.

Яқинда ўзбекистонлик меҳнат мигранти декабрь ойида Москвада россиялик генерални ўлдирганликда айблангач, Россиядаги Марказий осиёлик муҳожирлар орасида қўрқув ва ваҳима яна кучайди.

Баъзи Марказий осиёликлар депортациядан қўрқиб ва иқтисодий келажагидан хавотирланиб, Россияни ўз ихтиёрлари билан тарк этмоқда.

Марказий осиёлик мигрантлар орасида машҳур бўлган Жанубий Кореяга ишлаш учун бораётганлар сони ортмоқда. Сўнгги йилларда бу Шарқий Осиё давлати хорижий ишчилар қабулини кўпайтирди.

Ўзбекистон Марказий банки декабрь ойида эълон қилган маълумотларга кўра, Жанубий Кореядан ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари томонидан юборилган пул ўтказмалари 70 фоизга ошган. 2024 йилнинг дастлабки 10 ойида пул ўтказмалари 450 миллион доллардан ошгани қайд этилган.

Россиядан юборилган пул маблағлари ҳамон Ўзбекистонга жўнатилган жами 12,6 миллиард долларлик пул ўтказмаларининг 78 фоизини ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Миграция хизмати маълумотларига кўра, ҳозирда Жанубий Кореяда 100 мингга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда.

Бироқ Миграция хизмати декабрь ойидаги хабарида фуқароларни огоҳлантирди: мамлакатда ноқонуний яшаётган ва ишлаётган 9 мингга яқин фуқаро туфайли Жанубий Кореяда ишлаш учун белгиланган квота "жиддий" хавф остида қолиши мумкин.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев эса 30 декабрь куни Россияда 350 мингга яқин қирғиз фуқароси рўйхатдан ўтганини маълум қилди. 2023 йилда бу кўрсаткич 600 мингни ташкил этганди.

Марказий осиёлик ишчиларнинг Ғарбга кўчиши ҳам ортиб бормоқда.

Аммо бу тенденция мигрантлар Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатларда ваъда қилинган иш эвазига катта миқдордаги пулларни тўлашга мажбур бўлган фирибгарликлар билан бирга келмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Украина уруши ва мигрантлар: Россиядаги ўзбек маҳкумларнинг яқинлари хавотирда. Ҳукумат ва сиёсий партияларчи?

Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳрида яшовчи Баҳодир октябрь ойида шундай фирибгарлик қурбонига айланди. У Facebook’да ойлик маоши 3500 доллардан ортиқ бўлган Чехияда автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаш таклиф қилинган эълонни кўриб қолди.

У иш ҳақида сўраганида, ўзини Czech Power Consulting ходими Элина Борзикова деб таништирган аёл виза ва суғурта учун олдиндан тўлов қилиш кераклигини айтди. Аёл бу одатий амалиёт эканлигини ва у ишга киришганида пулини қайтариб олишини таъкидлаган.

Бироқ Баҳодир пулни ўтказганидан сўнг аёл билан бошқа боғлана олмади. Чехия полицияси ва Ўзбекистондаги Чехия элчихонасига мурожаат қилганига қарамай, у ҳали ҳам юборган тахминан 1000 еврони (1100 доллар) қайтариб олгани йўқ.

Яна бир ўзбекистонлик Достон Мустафоев ўзини икки киши алдагани, 20 минг доллар йўқотганини айтди. Унинг сўзларига кўра, улардан бири узоқ қариндоши бўлиб, унга Қўшма Штатларда ишлаш визаси ва иш ўрни ваъда қилган.

У бу одамлар билан Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида учрашиб, уларга пулни нақд топширган, бироқ кейин ўша одамларни ҳам, пулини ҳам қайта кўрмаган.

"Мен Туркияда ишлаб, ойига 700-800 доллар топардим. [Улар менга] Америкада бир йилда Туркияда 10 йилда топадиган пулимни топишим мумкинлигини айтишди," дейди Мустафоев.