Мексика ва АҚШ чегарасидаги депортация марказида ҳозирда Марказий Осиёдан юзлаб муҳожирлар сақланмоқда. Улар орасида жорий йил март ойида АҚШ ҳукуматини ўзини камситгани учун судга берганлар ҳам бор.
Даъвога имзо чеккан 280 нафар муҳожир орасида Грузия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа собиқ иттифоқ мамлакатларидан келганлар бор. Уларнинг барчаси АҚШга Мексика орқали визасиз кирган. "Migrant Media" лойиҳаси журналистлари Ўзбекистондан АҚШ ва Мексика чегарасигача бўлган хавфли йўлни босиб ўтиб, оқибатда депортация марказига тушиб қолган ўзбекистонликларнинг қариндошларини топишди.
Вақтинчалик сақлаш марказларида сақланаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг қариндошлари муҳожирларнинг ҳимояланиш ҳуқуқлари чекланаётгани, қамоққа олишлар асоссиз эканини таъкидламоқда.
Ўзбекистонда туғилган Диёра (исми хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзгартирилган) 53 ёшли онасининг Мексикага келишидан олдин талангани, бор пулидан айрилганини айтди. У фақат бошқа муҳожирлар ёрдами билан тирик қолган.
Диёранинг онаси Ўзбекистондан Мексикага бориш учун 40 минг долларга яқин пул сарфлаган. Ўшандан бери, орадан ярим йил ўтиб, у депортация марказида қолмоқда. Диёранинг ўзи АҚШга Мексика орқали 3,5 йил олдин келган. У эри билан Нью-Йоркда яшайди, ўзи энага бўлиб ишлайди, эри эса такси ҳайдовчи.
Диёранинг айтишича, депортация марказидаги онасига ўзбек таржимони берилмаган:
"Ходимлар ўзаро кулишарди. [Онам] сумкасидан дори сўраганида, чунки унинг қон босими кўтарилганди, улар: "Дори нима деб аталади?" деб сўрашди. У дорининг номини айтганда, улар кулиб, мазах қилишди. Онам улар ҳақорат қилаётганини тушунарди."
Адвокат Абадир Барре ва унинг ёрдамчиси Ўткир Раҳматуллаев АҚШдаги муҳожирлар билан боғлиқ вазиятни яхши билишади. Уларнинг фикрича, Марказий Осиёдан келган муҳожирларга муносабат икки асосий сабабга боғлиқ: Марказий Осиё аҳолисининг тез-тез террор ҳужумларини уюштиришда айбланиши ва минтақанинг Россияга геосиёсий яқинлиги.
Абадир Барренинг таъкидлашича, чегарани кесиб ўтганлар, агар жамиятга таҳдид солмаса, судгача озод қилиниши мумкин. Бироқ, унинг сўзларига кўра, муҳожирлар ўз мақомининг нотўғри таснифланиши туфайли кўпинча бу имкониятдан маҳрум бўлишади.
"Муҳожирлар уч тоифага бўлинади: ҳужжатсиз, лекин чегарани кесиб ўтган; ҳужжатсиз ноқонуний кириб келган; ва ҳужжати бор, лекин илгари жиноят содир этган. Агар одам биринчи тоифага тушса, уни судга қадар қўйиб юборишлари керак. Бироқ, ҳукумат уларни қамоқда сақлаш учун атай бошқа тоифаларга киритмоқда," дея тушунтиради адвокат.
Адвокат ёрдамчиси Ўткир Раҳматуллаевнинг таъкидлашича, одатда 3-4 ой давом этадиган жараён 6-8 ойгача чўзилиб кетмоқда, ҳатто дастлабки эшитувлар ҳам ўз вақтида тайинланмаяпти.
Ўзбекистон фуқароси Мафтунанинг айтишича, унинг қариндоши апрель ойи охирида жўнаб кетган ва июнь ойида АҚШга етиб келган. Бироқ у етти ойдан бери депортация марказида сақланмоқда.
"Раҳбарият билан учрашишни сўраймиз, лекин бизни эътиборсиз қолдиришади. Кўпинча: "Депортация қилишни сўранг, бу ерда ўтириш бефойда," дейишади," дейди Мафтуна.
Депортация марказларида ушлаб турилганларнинг қариндошлари тергов якунига қадар муҳожирларни озод қилишни талаб қилмоқда.
Ўзбекистонлик Анварнинг (исми ўзгартирилган) қариндоши 8 ойдан бери депортация марказида қолмоқда. Унинг сўзларига кўра, депортация марказларида ўзбекистонликлар ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан келган муҳожирлар жуда кўп.
"Уларга шубҳа билан қарашади. Саипов кабилар туфайли ўзбекистонликларни потенциал таҳдид деб ҳисоблашади," дейди у.
Анвар тилга олган, асли ўзбекистонлик Сайфулло Саипов 2017 йилда Нью-Йоркда саккиз кишининг ўлимига сабаб бўлган террор ҳужумини уюштиргани учун ҳибсга олинган. 2023 йилда Саипов саккиз марта умрбод қамоқ жазосига ва 260 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилди.
Марказий осиёлик муҳожирлар 2024 йил март ойида Москвадаги "Крокус Сити Холл" концерт залида содир этилган террор ҳужумида ҳам айбланмоқда. Бундан ташқари, ноябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларида Исроил раввинини ўлдиришда гумон қилинган уч нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинган эди.
Ўткир Раҳматуллаевнинг фикрича, бундай ҳодисалар Марказий Осиёдан келган муҳожирлар обрўсига салбий таъсир кўрсатмоқда. Раҳматуллаев таъкидлашича, бу воқеалардан сўнг АҚШ Марказий Осиё минтақасидан келган мигрантлар устидан назоратни кучайтирган.
"Уйларда текширувлар ўтказилмоқда. Буларни иммиграция хизматлари эмас, балки терроризмга қарши курашиш бўлинмалари амалга оширмоқда. Бундай ҳолатлар кўплаб Тожикистон фуқаролари билан юз бермоқда ёки тожикистонликлар билан алоқада бўлган шахслар текширилмоқда. Масалан, агар бирор киши шубҳа остига олинса, у билан алоқада бўлган, пул олган ёки берганларнинг барчаси қўлга олинади. Бундай одамларнинг 90 фоизи адвокат ёрдамисиз озодликка чиқолмайди," дейди Ўткир.
Абадир Барренинг фикрича, Марказий Осиёдан келган муҳожирлар устидан назорат кучайиши минтақанинг Россияга яқинлиги билан ҳам боғлиқ.
"Менинг назаримда, бу муаммо биринчи навбатда Россия фуқароларига, кейин эса собиқ СССР мамлакатлари фуқароларига тааллуқли. Улар Тожикистон, Ўзбекистон ёки Қозоғистон фуқароларини камситмайди. Бу россияликларга нисбатан сиёсат бўлгани учун у Марказий Осиё аҳолисига ҳам таъсир қилади. Депортация маркази ходимлари собиқ СССР мамлакатларидан келганларнинг барчасини "руслар" деб аташади. Бизга буни Луизианада айтишди," дейди адвокат.
Март ойида "Озодлик" АҚШда бошпана сўраб мурожаат қилганларни кузатиб борувчи нотижорий ташкилот – Транзаксия ёзувларини таҳлил қилиш маркази (TRAC) маълумотларига кўра, Марказий Осиёдан камида 40 минг киши ҳозирда суд қарорини кутаётганини хабар қилган эди. Уларнинг аксарияти – 17 минг нафари Ўзбекистон фуқароларидир.
Депортация марказларидан келган 280 нафар мигрант устидан биринчи суд мажлиси 2025 йил 3 январда бўлиб ўтади. АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш бюроси маълумотларига кўра, мамлакатда 62 мингдан ортиқ ўзбекистонлик истиқомат қилади, улардан икки мингдан ортиғи АҚШ фуқаролигини олган.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Қўшма Штатлар Мексика билан чегарадан ноқонуний равишда кириб келаётган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга киритмаслигини маълум қилган эди. Бунинг ўрнига улар иммиграция иши ҳал этилгунга қадар қамоқда сақланади.
Ўтган йилнинг 20 декабрида АҚШ ҳукумати 119 нафар Ўзбекистон фуқаросини Тошкентга қайтарган эди. Ушбу шахслар Қўшма Штатларга турли ноқонуний йўллар билан кириб келгани айтилди.
Ўтган йили АҚШ-Мексика чегарасини бутун дунёдан 2,5 миллиондан ортиқ ноқонуний муҳожир кесиб ўтган.
Форум