Москвада жойлашган “Тонг Жаҳони” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Россиядаги меҳнат муҳожирларига юридик кўмак кўрсатувчи хизмат ишини йўлга қўйганини эълон қилди. Муҳожирлар учун юристлар хизмати кечаю кундуз бепул кўрсатилиши айтилмоқда. Ҳуқуқ фаоллари вақти-вақти билан мигрантлар учун турли тренингларни ҳам уюштиришга киришди.
“Тонг Жаҳони” ташкилоти раҳбари, асли тошкентлик юридик фанлари доктори Валентина Чупик ҳорижлик ишчилар уларни қизиқтирган саволлар ёки миграцияга оид юзага келган масалалари билан телефон орқали кечаю кундуз мурожаат қилишлари мумкинлигини Озодликка билдирди.
- Бизга мурожаат қилинг – биз бепул кечаю кундуз ёрдамга ҳозирмиз ва сизга ёрдамимиз тегса хурсанд бўламиз. Шу мақсадда биз муҳожирлар учун махсус “Мигрантлар мактабини” ҳам ишга туширдик. У ерда юртдошларимиз, хусусан, полиция билан қандай мулоқот қилишни ўрганади. Чунки жорий йилнинг сентябри давомида бажарган ишимнинг 58,3 фоизи – мигрантларни полиция томонидан ноқонуний ушланишига қарши курашга бағишладим. Таъкидлайман – ноқонуний ушлашлар! Чунки қонунийлари яна 6 фоизни ташкил этди. Шу боис, ўзингизни камситишга йўл қўйманг, сизга оёқ артишларига чек қўйинг, пора берувчи соғин сигирга айлантиришларига имкон берманг. Ўзингизга, атрофингиздагиларга ёрдам беринг, бошқа соҳаларда эришган ютуқларингиз каби бу соҳада ҳам ҳаракат қилинг, деди Валентина Чупик.
“Мигрант мактаби” деб номланган ва ҳар ойда бир марта ўтказиладиган бепул семинар-тренингларда ишчиларга полиция ходимлари билан тўғри муомала қилиш, ҳужжатларни расмийлаштириш, уй-жой излаш, ишга жойлашиш, чегарага чиқиб келиш, юзага келган низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва миграция масалаларига оид қоидалар борасида амалий маслаҳат берилади. Рус тилида олиб борилган машқлар ўзбек, тожик ва қирғиз тилларига ҳам таржима қилинади.
“Мигрант мактаби”нинг куни кеча ўтказилган машҳулотида ҳукук фаоллари саҳна куриниши ёрдамида юзага келиши мумкин бўлган саволларга жавоб беришга уринди.
Семинарга келган меҳнат муҳожирлари бу каби машқларнинг зарурлиги борасида ўз фикр-мулоҳазаларини Озодлик билан ўртоқлашди.
- Биз бу ерда жуда кўп маълумотлар олишимиз мумкин. Биз яқинда Россияга келганмиз бу нарсаларни билмаймиз. Ҳамма қонунларни ўқиб чиқишга вақтимиз бўлмайди, сабримиз етмайди, тўғриси. Шу семинарда фақат фойдали нарсаларни ўрганамиз-да. Мен полиция билан кўп маротаба учрашганман. “Ты что, оборзел?!” ёки метрода хонасига олиб кириб “Сен билан бошқача гаплашамиз!”, дейишлари кўп бўлади.
- Бизни бир-икки маротаба милиция тўхтатганида, Валя опага мурожаат қилганмиз. Ўзбекистондан келганларнинг кўпларига ўзимизникилар ҳужжатларини олиб, қонуний қилиб бермайди. Бу тренингларда ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишга ўрганаяпмиз.
- Тренинг менда жуда кўп таассурот қолдирди, чунки кўчада юрганда кўп маротаба ёрдами тегади буни.
Ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик у бошқараётган ташкилот йилига дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатидан Россияга келган 15 000 дан зиёд хориж ватандошига ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётганини маълум қилди.
Валентина Чупик бошқараётган ҳуқуқ фаоллари гуруҳи ҳозирда Каритас-Франс ташкилотининг “Ҳамкорлик орқали ЕОИҲ мамлакатларида мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоялашга кўмаклашиш” лойиҳаси молиявий ёрдами асосида ўз ишини давом эттирмоқда.
Ҳуқуқ фаоллари меҳнат муҳожирларини қизиқтираётган масалаларга бағишланган бундай семинарлар бундан буён ҳар ойда бир ўтказилиб туришини билдирди.
Юридик консультациялардан ташқари, “Тонг Жаҳони” мутахассислари муҳожирлар ҳуқуқларини суд маҳкамаларида бепул ҳимоя қилишга тайёр эканини айтмоқда.
Эндиликда “Тонг Жаҳони” бир эмас бешта кечаю кундуз ишловчи телефон линияларини ишга туширди.
+7 926 834 7602, +7 903 148 9636 –рус ва инглиз тилларида,
+7 903 799 0291 – рус ва ўзбек тилларида. +7 903 169 9161,
+7 903 169 2920 – рус ва тожик тилларида,
Ташкилот мутахассислари душанбадан жумагача соат 12:00дан 20:00 гача қуйидаги манзил бўйича қабул қилади:
Москва ш., Казакова кўч., 8 уй, 2 бино, 5 қават, 8 кабинет.