"Мигрантларга қулдек муомала қилинмоқда". Экспертлар Кремлнинг репрессив сиёсати ҳақида

Новосибирскдаги полиция рейди. 2024 йил, октябрь.

Экспертларнинг таъкидлашича, Россияда мигрантофобия ҳукумат зўр бериб илгари сураётган трендга айланмоқда. 2024 йил декабрдаги маълумотларга қараганда, Россиядан 80 мингдан зиёд мигрант суд қарорига кўра бадарға қилинган – бу бурноғи йилдагига (44,2 минг) нисбатан қарийб икки карра кўп.

Федерал суд приставлари хизмати чет эл фуқаролари депортация қилиниши асосан “миграция қоидалари бузилиши” сабаб бўлганини билдирган.

Айни чоғда Росстат 2023 йилда Россияга миграция оқими 560 минг кишига камайганини қайд этмоқда. Яъни, миграция оқими сўнгги 10 йилдаги энг паст даражага етган ва бу пасайиш яна давом этадиганга ўхшайди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

2025-йилдан бошлаб Россияда визасиз юриш муддати қисқартирилди. Муҳожирларни яна қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Халқни муаммолардан чалғитиш

“Медуза” нашрининг Кремлга яқин манбаларига фикрича, Россия ҳукумати жамиятни долзарб муаммолар, энг аввало озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашиши ва Украинадаги урушдан чалғитиш мақсадида аҳоли эътиборини атай мигрантлар билан курашга қаратмоқда.

Экспертлар, шунингдек, Россия Украинага қарши кенг кўламли босқин бошланганидан сўнг кескин кучайган кадрлар танқислиги манзарасида мигрантларни сиқувга олаётганига диққат қилишмоқда.

Бу Путин режими учун классик усул бўлиб, унинг бошқаруви даврида бир неча бор қўлланган. Украинадаги уруш манзарасида у Россия жамиятида азалдан бўлган ксенофобия ва мигрантларга нафратдан фойдаланиб халқни иқтисодий муаммолардан чалғитишга уриняпти, дея таъкидлайди “Америка овози”нинг рус хизмати билан интервьюда иқтисодий таҳлилчи Семён Новопрудский. Унинг фикрича, Россия ҳукумати шу пайтгача тайинли миграция сиёсатини ишлаб чиқа олмаган.

“Миграция сиёсати бўйича махсус идора ташкил қилиш ғояси ҳозир Кремлга керак эмас. Уруш ва ҳайбаракаллачи ватанпарварлик риторикаси аксилмигрант кайфиятни бадтар кучайтирди, ҳукумат эса бундан фойдаланиб қолмоқда. Бунда ҳеч қанақа иқтисодий маъно йўқ – қайтага кадрлар танқислиги чуқурлашяпти, мигрантлар эса бу эҳтиёжни қоплашнинг бирламчи манбаи эди. Турли маълумотларга кўра, мамлакатда тахминан 80 млн нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли бўлгани ҳолда ишчи кучи танқислиги 1,5–5 млн кишини ташкил қилади”, дейди эксперт.

“Америка овози” суҳбатдоши Путин режими миграция сиёсатида икки мақсадни кўзлаганини айтади:

“Биринчидан, ўз аҳолиси норозилигини бошқа тарафга йўналтиряпти, иккинчидан эса бошқа мамлакатларда миграция инқирозлари яратмоқда. Ўз вақтида Россия учинчи мамлакатлардан Беларус орқали Польшага миграция оқимини яратган эди, Украина билан уруш бошланганидан кейин эса минглаб одамларни атайлаб ҳеч қандай ҳужжатсиз чегарадан ўтказиб юбориб Финляндияда миграция билан боғлиқ мини-инқирозни вужудга келтирди. Натижада Финляндия Россия билан чегарасини ёпди ва ҳануз очгани йўқ. Москва миграция сиёсатидан олган “дивидендлар” мана шу”.

Репрессив миграция сиёсати оқибатлари

2024 йилнинг кузида Дума спикери Вячеслав Володин депутатлар мигрантларга доир 34 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқаётганини билдирди. Улар орасида мигрантларнинг ўз оиласини кўчириб келишини тақиқлаш ва уларни муайян лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш назарда тутилган қонун лойиҳалари бор. Шунингдек, рус тилини билмайдиган ҳар қандай мигрантни бадарға қилиш таклифи ҳам илгари сурилаётгани маълум.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Путиннинг содиқ аскари ва мигрантлар ҳимоячиси - Рамзан Қодиров ким?

Кремлнинг репрессив миграция сиёсати оқибатлари сезилмоқда, масалан, Ўзбекистон аҳолиси Россиядан кўра Хитой ва Қозоғистондан кўпроқ иш излай бошлади, дейди Семён Новопрудский:

“Бу икки мамлакат Россиянинг Марказий Осиёдаги постсовет давлатлардан келган меҳнат мигрантларига қарши шартли урушидаги асосий рақобатчиларидир. Россия меҳнат бозори айниқса Қирғизистон ва Тожикистон учун жуда муҳим. Бироқ энг катта муаммо Тожикистон билан боғлиқ, чунки ушбу мамлакат фуқароларини “Крокус” терактида айблашди”.

Таҳлилчига кўра, чет эл фуқароларининг Россияда бўлиши қоидаларининг кучайтирилиши, рубл инфляцияси миграция оқимини янада камайтирмоқда:

“Айрим мигрантларга Россияда ишлашдан манфаат қолмаяпти. Боз устига ҳукумат меҳнат мигрантларини Россиядан бездириб, ўз меҳнат бозоридаги вазиятдан бадтар чуқурлаштирмоқда”, хулоса қилади Новопрудский.

“Россияда миллатчилик ва ксенофобия ҳамма вақт бўлган”

Россиялик мухолиф сиёсатчи ва ҳуқуқ фаоли Наталья Пелевина мигрантларга муносабат кескин салбий тус олишига Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида содир бўлган теракт бош сабабчи бўлганини, бироқ кейин ҳукумат бундан ўз манфаатларида фойдалана бошлаганини урғулайди.

“Улар одамларнинг иқтисодий аҳволдан, қимматчиликдан, Украинадаги урушдан норозилигини қисман мигрантларга қаратиб, шу тариқа масъулиятни ўзларидан соқит қилишаётир. Бу чалғитувчи манёвр. Жуда примитив бўлса-да, иш беради. Афсуски, ҳукумат эккан бу ёмонлик уруғи тез кўкарди, чунки Россия тупроғида миллатчилик ва ксенофобия ҳамма вақт бўлган ва ҳеч қачон йўқолмаган”, дейди Пелевина.

Ҳуқуқбон аксилмигрант сиёсат юритиш билан ҳукумат ўз оёғига болта ураётганига тўхталаркан, шундай дейди:

“Ҳукумат бу муаммони атай четлаб ўтмоқда. Аммо айни ёндашув меҳнат бозоридаги аҳволни янада оғирлаштириши аниқ. Бу демография ва бошқа нарсаларга ҳам тегишли. Шунча зарари бўлса ҳам ҳукумат ўз билганидан қолмаяпти”.

Пелевинага кўра, Россияда мигрантлар аллақачон қул каби яшамоқда:

“Мигрантларнинг қоғозда бир озгина ҳуқуқлари бор, лекин улар ҳам амалда ишламайди. Қолаверса, кучишлатар ходимлар ноқонуний мигрантларни “ё икки қўлингни бурнингга тиққанча уйингга қайтасан, ё урушга борасан”, дея очиқча шантаж қилаётганидан хабаримиз бор. Бунақа ҳолатлар оз эмас ва ҳануз давом этмоқда”, урғулайди эксперт.

Россия ҳукумати 2024 йилда эълон қилган статистика маълумотларига кўра, Россия фуқаролигини олган чет элликлардан қарийб 10 минг киши Украинага қарши урушда қатнашиш учун аскарликка ёлланган.

Наталья Пелевина бу омилларнинг барчаси, жумладан миграция қонунчилигига киритилаётган репрессив қоидалар потенциал мигрантларни Россияга ишлагани боришдан қайтаришини таъкидлайди:

“2024 йилда марказий осиёлик мигрантлар сони бурноғи йилга қиёсан деярли икки бараварга камайди. Шу маънода “эффект” бўляпти. Хусусан, шу пайтгача фақат Россияда ишлаб юрган Тожикистон фуқаролари энди нигоҳларини бошқа мамлакатларга қаратишмоқда”, дея сўзини якунлайди Пелевина.