2014 йилнинг апрелида Россия Қримни аннексия қилиб олиб, Украина шарқида бўлгинчиларни қўллай бошлаганидан кейин марҳум сиёсатчи Борис Немцов президент Владимир Путин ҳақида қўпол тарзда «Путин – ёб…тий» деган эди. Россиянинг Украинага тажовузига кескин қарши чиққан Немцов 2015 йилнинг февралида Кремль яқинида отиб ўлдирилди.
Орадан етти йил ўтиб, Путин бирор сабабсиз Украинага қарши кенг қамровли уруш бошлади. Босқиндан олдинги ҳафталарда ва Россия биринчи ракеталарини отганидан кейинги кунларда Путин айтаётган гаплар ва кўраётган чоралар эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган саволни туғдирди: Россия президенти оқилона иш тутяптими?
Кўпчилик учун Россия Украинага бостириб кирганининг ўзи Путин ҳис-туйғуга берилиб, ўзига тақдим этилаётган фактларни нотўғри талқин қилган ҳолда қарор қабул қилаётганидан далолат беради. Россия президентининг бемулоҳаза қарорлари кўп қон тўкилишига сабаб бўлди ва вазият янада оғирлашиши муқаррар.
Мавзуга алоқадор "Ақлдан озган". Ғарб Украинага уруш очган Путиннинг руҳий ҳолатидан хавотирдаУкраинага босқин бошланганидан кейин Россия бўйича китоблар муаллифи ва мутахассис Марк Галеотти «У реалликдан узилиб қолгани энди аниқ бўлди. Бу фожиа», деб ёзди.
Узоқ вақтдан бери Путин ўз мақсадларига эришиш учун нима қилиши мумкинлиги ва нима қилса, кескин оқибатларга учрамаслиги ҳақида совуққонлик билан, ўйлаб иш юритувчи прагматик етакчи сифатида кўриб келинаётган эди.
Аммо Россиянинг босқини вазият аслида бошқача эканлигини кўрсатди. Путин Совет Иттифоқи парчаланганидан ўттиз йил ўтгач бутун эътиборини Украина устидан назоратни тиклашга қаратаётганидан Россия президенти ўз мамлакати қисмати ҳақида унутиб қўйгани ёки атай бунга эътибор бермай қўйганини хулоса қилиш мумкин.
Европа кенгашининг ташқи алоқалар бўйича катта илмий ходими Кадри Лиик 25 февраль куни эълон қилинган «Обсессия уруши: Путин нима учун Россия келажагини хавф остига қўймоқда?» деб номланган мақоласида: «Ҳозирча фақат бир нарса аниқ: Путин ўзининг шахсий обсессиясини Россия манфаатларидан устун қўйди», деб ёзди.
Путин украинларни руслар билан «бир» халқ деб айтиб, Украинага қарши йирик ҳарбий ҳужум бошлашга қарор қилганининг ўзи учига чиққан мантиқсизликдек туюлиши мумкин.
Яна бир вариант шуки, Путин ҳужум қилиш ўз мақсадларига эришишнинг энг яхши йўли эканини хулоса қилган, яъни у қайсидир маънода рационал йўл тутган, аммо нотўғри даъволар, эътиқодлар ёки тахминларга асосланган.
«Овози хафақон эшитилади»
Дунё қўрқув билан кузатар ва АҚШ босқин исталган кун бошланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирар экан, Путинни йиллар давомида кузатиб келган кўпчилик у бундай кескин чорадан ўзини тийишига ишонаётган эди. Аммо Россия президенти ўтган ҳафтада сўзлаган нутқи бу қараш асоссиз эканини кўрсатди.
Путин 21 февралдаги мурожаатида Украинани суверенитетга лойиқ бўлмаган ва Россия билан яқин алоқаларсиз мавжуд бўлмаслиги керак бўлган ноқонуний давлат экани ҳақидаги аввалги иддаоларини яна такрорлади. Шунингдек, Путин Киевдаги ҳукумат Донбассда «геноцид» содир этаётгани ҳақидаги ёлғон даъвосини такрорлади. Донбассда Россия дастаклаётган айирмачилар ва Киев ўртасида 2014 йил бошланган уруш бугунга қадар 13 200 дан ортиқ одам умрига зомин бўлди.
Путин 21 февралдаги нутқидан бери айтган гаплар Россия президенти нақадар оқилона иш тутаётгани ҳақидаги саволларни янада кучайтирди. 25 февраль куни, яъни босқин бошланганидан бир кун ўтиб, Путин Украина президенти Владимир Зеленский ҳукуматини ҳеч бир асоссиз ва ғалати тарзда «гиёҳвандлар» ва «неонацистлар» гуруҳи дея таърифлади.
Бундан ҳам муҳими, у Украина армиясини ҳокимиятни қўлга олишга ундади. Бу эса Путин украиналикларнинг руҳий ҳолати ва Россияга нисбатан муносабатини умуман нотўғри тушунишини кўрсатади. Украинада Путин бошлаган саккиз йиллик уруш туфайли аҳолининг Кремлга қарши кайфияти кучайиб, Киев Москва орбитасидан анча узоқлашган.
Путинни ўрганиб келаётган ёки у билан шахсан мулоқот қилган шахслар учун Россия президентининг кейинги пайтда айтаётган гаплари ва қўл ураётган ҳаракатлари ажабланарли ўзгаришлардан далолат беради.
2012 – 14 йилларда АҚШнинг Россиядаги элчиси ўлароқ ишлаган ва ҳозирда Стенфорд университети профессори Майкл Макфол 26 февраль куни Twitterда: «Мен Путинни 30 йилдан ортиқ вақт давомида кузатиб ва эшитиб келаман. У ўзгарган. Реалликдан бутунлай узилиб қолгандек кўринади. Овози хафақон эшитилади», деб ёзди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“The Guardian” газетасида 25 февраль куни эълон қилинган мақолада ёзилишича, Кремль бўйича мутахассис, «R.Politik» сиёсий таҳлил ташкилоти асосчиси Татьяна Становая:
«Путин мен учун доим ўта прагматик лидер бўлиб кўринарди», деган.
«Аммо у Украинага қарши урушга киришганидан кейин, бу қарор ҳиссиётларга боғлиқ экани, мантиқий эмаслиги аён бўлди».
Флорида штатидан республикачи сенатор ҳамда АҚШ Сенати разведка қўмитаси раиси ўринбосари Марко Рубио 26 февраль куни “Twitter”да АҚШ разведка агентликларидан Путиннинг руҳий ҳолати ҳақида махфий маълумот олганига шама қилди.
«Кўпроқ айтишни хоҳлаган бўлардим, лекин ҳозирча шуни айта оламанки, Путинга нимадир бўлгани тайин», деб ёзди у.
Путиннинг рационал фикр юритиш қобилияти ҳақидаги савол кўпаяр экан, шуни айтиш жоизки, Россия президенти қисман COVID-19 пандемияси туфайли кўп вақтини оз сонли маслаҳатчилар қуршовида ўтказаётгани айтилмоқда. Унинг атрофидагиларнинг аксари уруш тарафдорларидир.
Бу эса Путин тўлиқ бўлмаган, нотўғри ёки унинг энг яқин ҳамкорлари фильтрлаган маълумотлар асосида қарор чиқараётганини англатиши мумкин.
«Жуда оддий хатолар»
Путинни бу тор доирадан ташқари зиммасига ташвиқот тарқатиш вазифаси юкланган лаганбардор амалдорлар, қонунчилар ва давлат оммавий ахборот воситалари рағбатлантираётган бўлиши ҳам мумкин.
Кўпчилик кузатувчилар Россиянинг Украинага ҳарбий кампанияси Путин режалаштирганидан секинроқ кечаётганини айтмоқда. Украинада ҳалокатга учраган рус техникаси ва ўлдирилган ёки асирга олинган рус аскарлари тасвирлари бу қарашни янада кучайтирди.
28 февраль куни АҚШ денгиз пиёдалари корпусининг собиқ зобити ва айни дамда Лондон қирол коллежининг уруш сиёсати бўйича тадқиқотчиси Роб Ли “Twitter”да: «Табиийки, биз ҳозирча фақат тахминий хулосаларни чиқаришимиз мумкин, аммо Россия армияси стратегик даражадан тактик даражагача жуда оддий хатоларга йўл қўймоқда», деб ёзди.
«Путин ўз ҳарбийларига бажариш мушкул бўлган вазифаларни юклаб ҳамда уларни етарлича огоҳлантирмай ёмон аҳволга солиб қўйди», дея қўшимча қилди Ли.
Аниқ маълумот етишмаётгани ҳамда давлат оммавий ахборот воситалари ва Россия парламентида Украинадаги вазият ҳақида тақдим этилаётган уйдирма ҳисоботлар Путиннинг у ердаги вазиятни тўғри баҳолаш ҳамда босқинни самарали режалаштириш қобилиятига салбий таъсир қилган бўлиши мумкин.
Қароргоҳи АҚШда жойлашган Кеннан институти таҳлил маркази томонидан чоп этиладиган “Russia File” блоги бош муҳаррири Максим Трудолюбов 27 февраль куни “Facebook”да бу ҳақда шундай фикр билдирди: «У Украина томони – олий раҳбариятдан тортиб, жанг майдонидаги оддий аскарларгача қулаб тушишига умид қилиб, қисқа амалиёт ўтказишга уринди. Балки бу девона психологик ва маънавий устунлигига жиддий ишонган».
Путин «бу “устунлик” бошдан оёқ ўз телеканаллари хомхаёллари эканлигини тушунишни истамади. Кўп йиллар давомида унинг телевидениеси ва матбуоти битта мижозга ва битта ҳақиқий томошабинга эга бўлиб келади – бу унинг ўзидир», дея сўзини давом эттирди Трудолюбов.
«У ўз ёлғонлари билан заҳарланган», дея қўшимча қилди таҳлилчи.