Тошкент шаҳар Юнусобод туман Ички ишлар органлари (ИИО) фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ФМБ) тошкентлик Шаҳзода Ҳусанова уйига бостириб кириб, уни таҳқирлаганлар қилмишида жиноят таркибини топа олмади.
Тошкент шаҳар прокуратураси Шаҳзода Ҳусанованинг шикоят аризасига йўллаган жавоб хатида шундай ëзилган.
Икки фарзанднинг онаси, 28 яшар Шаҳзода Ҳусанова Озодлик билан суҳбатда ички ишлар ходимларини ўзини таҳқирлаганларга ён босишда айблади.
Ўтган йил Озодликка мурожаат қилган Шаҳзода Ҳусанова 2018 йил 4 октябрь куни уйига уч аëлнинг бостириб кириб, калтаклаб, сочини кал қилиб олиб ташлаганини даъво қилган эди.
"Енгил жароҳат"
Шаҳзода Ҳусанованинг ҳикоя қилишича¸ у Telegram каналида Т. Ш. исмли йигит билан ëзишиб юрган.
Бу ëзишмалардан хабар топган йигитнинг хотини М.Н. ва яна икки аëл Ҳусанованинг уйига бостириб кирган.
(Озодликда Шаҳзода Ҳусанованинг уйига бостириб кирган уч нафар аëл шахсига оид маълумот бор. Айбсизлик презумпциясидан келиб чиқиб¸ улар исми ошкор қилинмайди.)
Озодликда нусхаси бўлган Юнусобод ИИБ Ф-2 иш жилдига тикилган баëнномага кўра¸ бостириб кирган уч аëл Ҳусановани уриб, ерга ëтқизган.
Сўнгра ўзлари билан олиб келган механик соч олиш машинкасида Ҳусанованинг сочини олишган.
Ҳусанова калтак зарбидан ҳушсиз бўлиб қолганидан кейин унинг олтин тақинчоқларни олиб, уйдан чиқиб кетишган.
Озодликда нусхаси мавжуд бўлган Суд-тиббий экспертиза Бош бюросининг Бахтиëр Абдахатов имзолаган 5457-сонли хулосасида Ҳусановага “енгил жароҳат етказилгани” қайд қилинган.
Ҳужжатда ëзилишича¸ Ҳусанованинг сочи машинкада олинган ва тирсак¸ елка, билак ҳамда иккала сонида қонталаш¸ шилинма ва тиш излари қолгани аниқланган.
Республика Бош прокуратураси матбуот хизмати мазкур ҳодиса юзасидан Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлимида терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланганини билдирган эди.
Текширув хулосаси
Тошкент шаҳар прокуратураси 2 апрель куни Шаҳзода Ҳусанова шикоят аризасига йўллаган жавобида унга "нисбатан тан жароҳати етказганликлари ҳолати юзасидан" 2018 йил 22 декабрда Н. М. ва бошқаларга Юнусобод тумани ИИО ФМБ томонидан Жиноят Кодексининг 227-моддаси (Безорилик) 2-қисми "б" (бир гуруҳ шахслар томонидан) банди билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.
Кўп ўтмай¸ дастлабки тергов натижаларига таянган шаҳар прокуратурас Юнусобод туман ИИО ФМБ Н.Мга нисбатан "жиноят иши Жиноят Процессуал Кодексининг 84-моддаси 5-қисми, 1-бандига асосан тўхтатилганини билдирган.
23 апрель куни Юнусобод туман ИИБ вакили Озодлик билан суҳбатда Шаҳзода Ҳусанова айблаётган шахслар устидан қўзғатилган иш "қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотгани учун" ёпилганини айтди.
"Биз дастлабки терговни олиб бордик. Лекин тергов пайтига келиб қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган ва вазият ўзгариши оқибатида Шаҳзода Ҳусанова айблаётган шахслар ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолган¸ деб эътироф этилди. Шунга жиноят иши маъмурий ҳуқуқбузарликка ўзгартирилди," деди дастлабки тергов ишида иштирок этган ички ишлар ходими.
23 апрель куни Озодлик билан суҳбатлашган Шаҳзода Ҳусанова терговолди суриштируви пайтида ўзини таҳқирлаган шахсларнинг уйига бостириб киргани ва таҳқирлагани умуман ҳисобга олинмаганини айтди.
- Ҳисобга олинмапти ҳеч қайси. Бўлмаса, ман ҳамма нарсани илова қилганман. Расмлари билан илова қилганман.Ҳеч қайсини инобатга олишмади. Ҳеч ким эшитмаяпти, - деди Шаҳзода Ҳусанова.