Қашқадарёда солярка солинган цистерна портлаши оқибатида бир киши қаттиқ куйди

Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилоят, Қамаши туманидаги Оқработ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган ёнилғи қуйиш шохобчасида 14 апрель куни кучли портлаш содир бўлди.

Ёнғин хавфсизлиги мулозимининг айтишича, портлашга ўша ерда пайвандлик ишларини олиб бораётган устанинг техника хавфсизлигига риоя қилмагани сабаб бўлган.

Портлаш оқибатида уста қаттиқ куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилган, яна икки киши енгил куйган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қашқадарёда солярка солинган цистерна портлаши оқибатида бир киши қаттиқ куйди

14 апрель куни содир бўлган бу воқеа ҳақида воқеа гувоҳларидан бири Озодликка 16 апрель куни хабар берди:

“Оқработ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган фермерларга ёнилғи тарқатиш шохобчасида солярка ёнилғиси билан тўла бўлган 10 тонналик цистерна портлаб кетди. Бу цистернанинг бир жойидан ёнилғи тўкилаётган бўлган, шунга пайвандчи келиб ўша жойни сварка қилмоқчи бўлган. Уста ишини бошлаганда цистерна портлаб кетиб, у жуда қаттиқ куйди. Ўша жойга яқин бўлган яна икки киши ҳам турли хил куйиш жароҳати олди”

Қамаши тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи Даврон Қаюмов Озодлик билан суҳбатда, портлаш чақнаш сабабли содир бўлганини айтди:

“Ўша сиғимдан ёнилғи оқиб турган пайтда уста пайвандлаш иши билан шуғулланган. Лекин чақнаш оқибатида портлаб кетган. Уста оддий техника хавфсизлиги қоидасига риоя қилмаган. Ғузор нефтебазасига қарашли бу шохобча тугатилган ташкилотники бўлган, ўзлари фойдаланиб турган”

Қамаши тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими ёнган цистерна беш тонналик бўлганини айтар экан, мазкур ҳолат бўйича жиноят иши очилганини билдирди.

Ўзбекистонда техника хавфсизлигига риоя қилмаслик оқибатида ёнғин ва портлашлар тез-тез содир бўлиб туради.

26 февраль куни тонгги соат 10 ларда Андижон шаҳридаги марказий поликлиника қозонхонасида портлаш юз бериши оқибатида қозонхонага яқин рентген кабинетида бўлган мактаб ўқувчиларидан беш нафари оғир жароҳат олган ва касалхонага ётқизилган эди.

Бекобод шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг қозонхонасининг 28 январь куни портлаши оқибатида таъмирлаш ишлари билан машғул бўлган қашқадарёлик ишчилардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган, икки киши тан жароҳати олган эди.