Қирғиз-тожик чегарасининг Фарғона вилояти Бешариқ туманидан тахминан 40 километр узоқликдаги баҳсли ҳудудида содир бўлган тўқнашувлар ортидан Ўзбекистон ўз чегараларида назоратни кучайтирди.
Гувоҳларга кўра, Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан чегараларига қўшимча ҳарбийлар жўнатилган.
Айни пайтда ўзбек-қирғиз ва ўзбек-тожик чегаралари очиқ бўлиб, пандемия сабаб у ердан чекланган кўринишда ўтиш тартиби амал қилмоқда.
30 апрелда Мирзиёев Қирғизистон ва Тожикистон президентлари билан телефон мулоқотида қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вазиятдан ташвиш изҳор қилиб, томонларни тўқнашувларни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
28 апрель куни тожик-қирғиз чегарасида бошланган қуролли тўқнашувларда Қирғизистондан 13 киши ҳалок бўлди, 134 киши жароҳатланди, Тожикистондан эса ҳалок бўлганлар сони камида 8 киши, жароҳатланганлар 90 киши экани айтилди.
Томонларнинг ўт очишни тўхтатиш борасидаги келишувига қарамасдан 30 апрель куни вазият таранглигича қолди.
Ўзбек-тожик чегараси
Сув можароси сабаб бошланиб кетган қонли тўқнашувлар содир бўлган Тожикистоннинг Исфана тумани Сомониён қишлоғи, Чоркўҳ жамоати ўзбек-тожик чегарасидаги Фарғона вилояти Бешариқ туманидан тахминан 40 километр узоқликда жойлашган.
Озодлик суҳбатлашган бешариқликлар қирғиз-тожик чегарасидаги зиддиятни интернет орқали кузатиб бораётганини айтишди.
“Уч кундан бери тожик қўшниларимиз билан қирғизлар ўртасидаги воқеаларни кўряпмиз. Тўғри, бизлар Тожикистон билан чегарада яшаймиз. Бироқ бешариқликлар орасида ҳеч қандай паника йўқ. Ҳаёт олдингидай давом этяпти”, -деди аноним қолишни истаган бешариқлик.
Бошқа бир суҳбатдошимиз охирги чегара ҳодисасидан сўнг давлат идоралари томонидан қўшимча бирор чора кўрилмаганини айтди:
“Маҳаллаком ёки ҳокимиятдагилар ҳам жим. Одатда вазият жиддий бўлса, аҳоли орасида тарғибот ишларини олиб бориб, одамларни паникага тушмаслик ва провокаторларга берилмасликдан огоҳлантириши керак. Демак, улар сукунати вазият назоратда экани ва Ўзбекистон учун унақа жиддий хавф йўқлигини билдиради”.
Бешариқ туманидан Тожикистонга ўтадиган Андархон ва Равот чегара постлари пандемиядан аввал ёпилганича ҳануз очилгани йўқ.
Айни пайтда иккала чегара постида ҳам қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашувлардан сўнг назорат кучайтирилган ва чегарага қўшимча куч юборилган. Буни Озодлик суҳбатлашган чегарачилардан бири тасдиқлади.
Чегарачилардан олинган маълумотга кўра, 30 апрель куни ўзбек- тожик чегарасидаги 17та чегара постидан тўрттаси -“Сариосиё”, “Ойбек”, “Плотина” ва “Жартепа” чегара ўтказиш пунктлари фаолият кўрсатган.
13та чегара пости пандемия боис бир йил аввал ёпилганича, ҳануз очилмаган. Амалдаги тартибга кўра, очиқ чегара постларидан ҳам чекланган тартибда (асос кўрсатган ҳолда) ўтиш мумкин.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбек-қирғиз чегараси
11 ой аввал сув можароси рўй берган Фарғона вилояти, Сўх тумани, Чашма қишлоғининг Қирғизистон билан чегара постларида ҳам назорат кучайтирилган.
Риштонликлардан бири 29 апрель куни ҳарбийларни олиб бораётган машиналар карвонига гувоҳ бўлганини айтди. Унга кўра, ўзбек-қирғиз чегараси томон кетаётган машиналар сони ўндан зиёд бўлиб, улар орасида ҳарбий техникалар ҳам бўлган.
“Бизда вазият тинч, ҳеч қандай ғайриоддий ҳолат кузатилмаяпти”, -деди сўхликлардан бири.
Қирғизистон Чегара хизмати масъулининг 30 апрель куни Озодлик мухбирига айтишича, қирғиз-ўзбек чегарасида бирор ўзгариш кузатилмаган.
Масъулга кўра, чегара постларидан пандемия боис жорий қилинган тартиблар асосида икки томонга ўтиб-қайтиш мумкин.
Мирзиёев қўшни президентлар билан гаплашди
30 апрель куни Шавкат Мирзиёев Қирғизистон ва Тожикистон президентлари билан телефон мулоқотида қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди.
Расмий хабарга кўра, Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан мулоқотда “Тошкентдаги саммитда қабул қилинган мажбуриятларни сўзсиз бажариш муҳим”лигини қайд этган.
Жорий йил 11-12 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтган саммитда икки мамлакат уч ой ичида чегара муаммоларини ҳал қилишга келишган эди.
Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан мулоқотда чегарадаги вазиятни барқарорлаштириш учун томонлар эришган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга амал қилишнинг муҳимлигини таъкидлаган.
Сув можароси
Чегаранинг баҳсли ҳудудидаги сув муаммоси ўтган йилнинг 31 май куни Фарғона вилояти Сўх туманининг Боткен вилояти Қадамжой туманига туташ Чашма қишлоғидаги тўқнашувларга ҳам сабаб бўлган.
Тожикистон ҳарбийларининг “Головной” сув тақсимлаш иншооти электр устунига кузатув камерасини ўрнатгани ортидан 28 апрель куни бошланган жанжал қонли тўқнашувга айланиб кетди.
Қирғизистон Чегара хизматига кўра, Тожикистон билан чегарадаги қуролли тўқнашувда уч нафар қирғиз махсус кучлари аскари ҳалок бўлган, 20 нафар қирғиз аскари яраланган. Улардан 2 нафарининг аҳволи оғир экани айтилди.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, қирғиз томонидан жами 13 киши ҳалок бўлган, яраланганлар 134 киши.
Тожикистон томони талафот борасида расмий рақамларни эълон қилганича йўқ. "Азия-Плюс" агентлиги ўз манбаларга таяниб, 10 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар бермоқда. Яраланганлар сони 90 кишидан ортиқ.
Ўтган йилги ўзбек-қирғиз чегарасида жойлашган “Чашма” булоғи устидаги жанжал сабаб келиб чиққан тўқнашувларда айбланган икки киши ўтган ойда 5 йилга қамалди, 20 кишига озодликни чеклаш жазоси берилди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Сўхда май ойида юз берган тўқнашувлар юзасидан биронта қирғиз фуқароси ҳибсга олингани ёки жиноят иши очилгани маълум эмас.