Жорий ҳафта давомида Озодликка бир-биридан мустақил тарзда мурожаат қилган республика Солиқ қўмитаси Урганч шаҳри¸ Тошкент шаҳри ва вилоятидаги бўлимларининг айрим масъул ходимлари соҳа раҳбарларин “муттасил мажлисбозлик” да айблади.
Оқибатда¸ солиқчиларга кўра¸ улар уйида тунги 11 дан кейин бормоқда, оиласи¸ хусусан¸ фарзандларини деярли кўрмасдан яшамоқда.
Озодликка боғланган солиқ ходимлари таъкидича, “мажлисбозлик” профессионал иш фаолияти¸ муҳими саломатлиги ва оилавий ҳаловатига “энг кўп зиëн етказаëтган омил” бўлмоқда.
Тошкент вилоят Зангиота тумани ДСИ (Давлат солиқ идораси) ходими ўз сўзи исботи сифатида Озодликка республика Солиқ қўмитаси ва Тошкент вилояти солиқ идорасининг 11 март куни кечқурун ўтказган селектор мажлиси аудиоëзувларини тақдим қилди.
Аудиоëзувда эркак мулозимнинг “ҳисоботни фалон жойингизни қисиб ўтириб вақтида топширинг” каби жумлалардан таркиб топган дашномлар силсиласи эшитилади.
Бу аудиоëзувни Озодликка тақдим қилган Зангиота ДСИ ходими селектор бўлган куни уйига ярим тунда кириб борганини билдирди:
- Селектор йиғилиши 11 март соат 17:00 да бошланди. Республика Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Олимжон Файзибоев олиб борди. Республика қисми 19:00 да тугади. Кейин вилоят ДСБ (Давлат солиқ бошқармаси) селектори бошланди. Тошкент вилояти ДСБ бошлиғи муовини Султон Обидов бир соатдан кўп дашному маломат қилди. Ишга эрталаб 7.30 да келганман. Эрталабки 8 да ҳам Султон Обидов селектор ўтказганди. Эрталаб селектор¸ кечқурун 8 дан кейин ҳам яна селектор. Уйга борсам ярим тун бўлибди¸ дейди ¸ дейди ишини йўқотишидан қўрққани учун исмини айтмаган Зангиота ДСИ ходими.
Озодлик 11 март куни республиканинг бошқа вилоятлари¸ хусусан Урганч шаҳрида ҳам солиқчилар тунгача чўзилган селектор мажлиси боис уйига кеч кетганини аниқлади.
Кунора селектор
Республика солиқ қўмитасининг ўзини ходимлар билан ишлаш бўлими ходими деб таништирган мулозими¸ 11 март куни селектор мажлиси ўтказилганлигини тасдиқлади:
- Янги молиявий йил бошланиши муносабати билан ишлар анча тиғиз. Ишларни мувофиқлаштириш учунгина ҳафтанинг баъзи кунлари селектор ўтказилди. Сиз айтган 11 март куни ҳам ўтказувдик. Лекин ўша куни соат 19 да селектор тугади. Вилоят шундан кейин давом эттирган бўлса¸ буни улардан сўранг. Лекин ҳар куни селектор ўтказилаëтгани йўқ. Навбатдаги селектор 14 март¸ шанбага мўлжалланган. Ишдан кейин бор-йўғи бир соат¸ деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми ва овози эфирда берилишини истамаган мулозим.
Солиқчилар оиласидан узоқлашди
Хоразм вилояти Урганч шаҳар ДСИ ходими Озодлик билан суҳбатда бундай селекторлар боис оилавий ҳаловат йўқолганини айтади.
- Кошки бир муҳим нарса айтилса бу селекторда. Столга муштлаб¸ дағдаға қилиб қулоғимни оғритишади. Ҳар бири 3-4 соатга чўзиладиган мажлисларда бирор жўяли масала муҳокама қилинмайди. Ярим оқшомда уйга бораман ва тонг қоронғисида ишга келаман. Уйдаги хотин¸ бола-чақани танимайдиган ҳолатга ҳам етиб келдик¸ дейди урганчлик ДСИ ходими.
Селекторга келмаган ишдан қувилади
Солиқ инспекторларининг таъкидлашича, ҳар гал айни гап такрорланадиган бу йиғилишларда бирор сабаб билан қатнашмаганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинади.
Айни шундай шикоят билан Озодликка мурожаат қилган Тошкент вилояти Зангиота туман ДСИ ходими ¸ вилоят раҳбари ҳар кун тонгги 8 да мажлис чақиртириши¸ узоқ масофадаги ходимларнинг ҳам эрта тонгда бу мажлисга етиб келиши шарт қилиб белгиланганини билдирди.
Озодлик суҳбатлашган тошкентлик ва хоразмлик солиқчилар ¸ меҳнат қонунчилигига зид белгиланган равишда иш соатларидан кейин мажлис ўтказиш Солиқ қўмитаси тизимида муттасил давом этаëтганини билдиришди.
Урганчлик солиқчи ишсиз қолмаслик учун бунга чидаб келаëтганлигини айтади:
- Бошимиз мажлисбозликдан чиқмайди. Нормал иш соатлари йўқ¸ дам олиш куни йўқ. Бунақа ритмдан ҳаммамиз ҳолдан тойганмиз. Ëқмаса кетинглар¸ дейди. Қаерга борамиз. Иш йўқ бўлса. Россияга кетсак бўлар.
Оддий инспекторнинг иш куни 15-16 соат бўлиб қолган!
Тошкент шаҳар туманларидан бирида ишловчи солиқ инспектори¸ мажлисда қатнашиш-қатнашмасликдан ташқари¸ оддий ходимнинг иш куни 16 соатга чўзилишини айтади.
-Тошкент шаҳар давлат солиқ ходимларимиз. Бизнинг иш кун тартибимиз 8:30 дан 23:30 гача. Бунга ташаббускор ДСБ бошлиғи Турсунов Нормат бўлади. Ахир бизда ҳам оила¸ бола-чақа борку! Нимага муҳтарам президентимиз давлат ходимлари дам олсин дейди? Нимага меҳнат қонунчилиги бузилмасин дейди? Бу бошлиқларга шу гаплари таъсир қилмайдими? Мажбурмиз ишлашга¸ оилани боқиш учун¸ фарзанд катта килиш учун. Лекин сурункали уйқусизликдан¸ дам олмай ишлашдан эртага касал бўлиб қоламиз. Мухбирлар келиб¸ масалан¸ Юнусобод¸ Бектемир¸ Мирзо-Улуғбек¸ Сергели ва Чилонзор туман солиқчилари билан бир кун бирга юрсин¸ кўради буларнинг иш куни қанчалигини.
Селектористон
Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакат бўйлаб мажлис ўтказиш¸ хусусан¸ президент ва Бош вазирнинг видеоселектор мажлислари ўтказиш урфга кирди.
Бутун мамлакат бўйлаб минглаб давлат хизматчиси ва тадбиркорлар асосий вақтини соатлаб давом этган бу мажлисларда ўтказадиган бўлди.
Мавзуга алоқадор Мажлисбозлик хроникаси. Банк ходимлари мажлисбозликдан силласи қуриганини айтмоқда
Кўп ўтмай¸ мажлисбозликнинг янги муаммога айланганини англаган ҳукумат раҳбарларининг ўзи уни камайтириш ҳақида гапира бошлади.
2018 йил 25 август куни Бош вазир Абдулла Арипов¸ мажлислар тартиби ва самарадорлигини ошириш мақсадида улар сонини кескин камайтириш ҳақида топшириқ берган эди.
Мавзуга алоқадор Бош вазир Арипов мажлисбозлик ва қоғозбозликни тугатмоқчи
Аммо бу топшириқдан кейин ўтган икки йил мобайнида ўтказилган юзлаб селектор йиғилишлари бу муаммога Бош вазир ҳам барҳам бера олмаганини кўрсатди.
2019 йил сентябрида халқаро музокаралардан бирида Тошкент мулозимининг ҳушдан кетгани ортидан Reuters агентлиги¸ мулозимнинг узоқ муддат мажлисбозлик туфайли нормал ухламагани ва қаттиқ стрессдан йиғилганини ëзган эди.
Агентлик гаплашган Тошкент мулозимлари¸ бундай самарасиз мажлисбозлик давлат бошқарувида ишлаëтган пастдан тепагача бўлган мулозимлар тинкасини қуритганини таъкидлаган эди.