“Талимаржон” ИЭСда йирик ҳалокат: Қашқадарёнинг ярми электрсиз қолди

Талимаржон ИЭС

8 январь куни Қашқадарёдаги “Талимаржон” иссиқлик энергияси станциясида йирик авария юз берди. Натижада Қашқадарё вилоятининг асосий қисми, қўшни Сурхондарё вилояти ва Шимолий Афғонистонни электр энергияси билан таъминловчи 450 Мегаваттлик 2 та блок ишдан чиқди.

Расмий хабарда таъкидланишича, 8 январь куни соат 10:27 да ва 10:31 да «Таллимаржон» ИЭСнинг 2 ва 3-буғ-газ қурилмалари фаолияти бутунлай тўхтаган.

«Оқибатда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари бўйлаб электр энергияси таъминотида умумий 446 мегаватт қувватда чеклов киритилмоқда. Вазир Алишер Султонов бошчилигидаги мутахассислар зудлик билан мазкур станцияга учиб кетди. Ҳозирги вақтда юзага келган тўхтатилиш сабаблари аниқланмоқда», — дейилади вазирлик ахборотида.


Озодлик боғланган “Талимаржон” иссиқлик энергияси станцияси ходими 2 та блокда техник портлаш юзага келгани ва ҳудуд деярли бир миллион Мегаваттлик электр энергиясидан маҳрум бўлганини айтди. Унинг айтишича, аварияга бир неча кунлик нормадан ортиқ қувват билан ишлаши сабаб бўлган.


Авария жойига Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Энергетика вазири Алишер Султонов етиб борган. Куннинг иккинчи ярмида Бош вазирнинг ҳам келиши кутилмоқда.
Нишон тумани Абдулла Қодирий маҳалласида яшовчи педагог Аҳмад Нарзиевга кўра, кечадан бери туманда суткасига 7-8 соат электр энегрияси берилмоқда:
“Электр энергияси жуда суст, кучланиш жуда паст бунинг устига 7-8 соатдан ошмай қолди. Бугун эрталабдан бери умуман йўқ. ГРЭСдаги подстанция портлабди дейишяпти. Энди аввалгидан ҳам чатоқ бўлса керак”, - дейди А. Нарзиев.


Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султоновга кўра, мазкур ҳалокат сабабли мамлакат бўйлаб электр энергияси таъминотида умумий 446 мегаватт қувватда чеклов жорий қилинади.


Қашқадарё электр тармоқлари корхонасининг қўшимча қилишича, авария оқибатида вилоятнинг Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб, Чироқчи, Ғузор, Нишон туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида электр таъминоти тўлиқ узилган.
Озодликка боғланган айрим тингловчилар “Талимаржон” ИЭС жойлашган Нуристон шаҳарчаси аҳолиси газ босимининг ҳам кескин пасайгани, электр билан иситиладиган иншоотларда аҳволнинг ўта ёмонлигини таъкидлашди.


Жанубий Кореянинг Daewoo ва Hyundai компаниялари инвестицияси эвазига бунёд қилинган «Толлимаржон» ИЭСнинг сўнгги блоклари 2016-17 йилларда ишга туширилган. Станциянинг 2004 йилда ишга тушган 800 мегаваттлик блоки эса ишлаб турибди.