Ўзбекистондаги энг йирик қурилиш лойиҳаси – Tashkent Cityнинг бош пудратчиси, мамлакатдаги йирик девелоперлик ширкатларидан бири Discover Invest мингдан ошиқ ишчини ҳафтасига 7 кун¸ 12 соатлаб ишлатмоқда.
Discover Invest, Озодлик гаплашган компания расмийсининг айтишича¸ Akfa Group ҳолдинггига қарашли. Бу ҳолдинг акцияларининг 70 фоизи эса¸ Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) томонидан Озодликка тақдим этилган ҳужжатларга кўра¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашлидир.
Ўз хавфсизлигидан чўчиб Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган Discover Invest ишчиларига кўра¸ 27 январь куни 10 ишчининг беш минут дам олгани учун прораб томонидан ишдан ҳайдалиши юзлаб одамнинг иш ташлашига сабаб бўлган.
Озодлик Discover Invest ширкатидан бу иддаоларга жавоб ола олмади - компаниянинг Озодлик боғланган хизматчилари бошқарувчилар ëки матбуотга гапириш ваколати бор раҳбарлар билан улаб бера олмаслиги¸ Озодликда “қандай таклиф” бўлса¸ уларни электрон почта орқали ëзиб юбориш мумкинлигини билдирди. Озодликнинг тавсия қилинган info@di.uz электрон почтасига юборган саволларига кун давомида жавоб берилмади.
Иш ташлаш
Озодликка боғланган ишчилар ўзларини Қашқадарë¸ Сурхондарë ва Жиззах вилоятларидан келиб¸ Discover Invest компанияси қураëтган объектларда ишлаëтган оддий қурувчилар деб таништирди.
Уларнинг билдиришича¸ уч ойдан бери бирор кун дам олишсиз кунига 12 соатдан ишлаëтган ишчилардан 10 нафарга яқинининг ишдан бўшатилиши хабари¸ 27 январь куни “тўполонга сабаб бўлган”.
“Уч ойдан бери бирор кун дам олмасдан совуқда итдек ишлаяпмиз. 10 киши ишлаб чарчаганидан энди 5 минут дам олиб турса¸ прораблар келиб суратга олган ва уларни ишдан бўшатамиз деган. Қолган ишчилар уларни ҳимоя қилиш учун якшанба куни эрталаб йўқлама пайтида ëтоқхонанинг олдида иш ташлаш қилди. 300 тача одам тўполон қилгандан кейин¸ прораблар кечирим сўраб¸ уларни ишда қолдирди ва ишчилар бугундан (28 январь - таҳр.) яна Шаҳристон кўчасида йўлнинг пиëдалар ўтадиган қисмига брусчатка теришаяпти”¸ деди Discover Invest ширкати қурилиш объектларидан бирида ишлаëтган қурувчи.
“Қулдек ишлаяпмиз”
Озодлик суҳбатдошлари¸ Discover Invest ширкатига¸ уларнинг вилоятлардаги вакиллари томонидан ишга ëллангани ва ишга кириш олдидан ўзларига ўқитмасдан туриб “кўп қоғозларга тез-тез" қўл қўйдириб олинганини айтади.
“Нимага қўл қўйганимизни¸ очиғи билмаймиз. Иш соати ҳақида аниқ гап ëзилганини кўрмадим. Ширкатнинг талаблари ниҳоятда оғир. 1200 тача одам Сельхознинг Лимонарийдаги эски ëтоғида яшаймиз. Биттасида 25 тагача одам турадиган хоналар бор. Эрталаб 6 да подъëм. Икки бўлак бўлка нон билан шакар беради завтракка. Эрталаб соат 8 дан кечқурун 8 гача дам олишсиз ишлаймиз. Прораб Мирсаид деган йигит. Юнусобод прокуратурасининг олдида Автопарк қурилаяпти¸ шунинг бузиш-тозалаш ишларини бизнинг группага қилдиришаяпти. Бу ерда обедни салофан билан ўралган навесда қиламиз¸ кўпинча ерда ўтириб овқат еймиз. Совуқ жон-жонимиздан ўтиб кетади¸ чидолмай олов ëқиб исинамиз. Беш минут ишни тўхтатсак¸ прораб расмга олади¸ ë қора дафтарига ëзиб қўяди – бир кун иш ҳақингизни кесади. Одамлар уч ойдан бери бир кун ҳам дам олмасдан ишлаяпти. Ҳолдан тойиш ва совуқдан ҳамма зомби бўп қолган”¸ дейди Озодлик суҳбатдошларидан бири.
Иш ҳақи
Озодликка гапирган Discover Invest объектларида оддий қурувчи бўлиб ишлаëтганлар¸ бундай оғир меҳнат учун тўланадиган ойликка ҳам аниқлик киритди.
“Орамизда уч хил тоифа ишчи бор – уста¸ устанинг ëрдамчиси ва разнарядчиклар. Уста 2¸5 миллион¸ устанинг ëрдамчиси 2 миллион¸ разнийлар 1¸4 миллион сўм ойлик олади. Ойнинг биринчи ва 15 куни нақд пул тарқатишади. Энг қизиғи¸ пул берилиши билан¸ вилоятлардан одам олиб келган “куратор”лар¸ уста ва уста ëрдамчиларидан 200 минг сўмдан йиғиб олади – иш топиб берганим ҳақи деб. Ҳар 30 та одамга битта бригадири бор¸ ана шу бригадирлар йиғиб олиб¸ билишимизча¸ қоровуллар бошлиғига беради. Уста бермайман деса¸ уни разнийга туширади ва ишдан ҳайдайди. Ҳеч кимга шикоят қилолмаймиз¸ чунки келган жойимизда шу иш ҳам йўқ”¸ дейди воҳа вилоятларидан биридан келган оддий ишчи йигит.
Суҳбатдошга кўра¸ бундай оғир шароитда ишлаб¸ яшаëтганларнинг аксарияти 20-25 ëшдаги ëш йигитлар ва улар Россияга кетмаслик учунгина¸ бу ишга кўнишга мажбур бўлган.
Комендатура
Суҳбатдошларга кўра¸ Discover Invest объектларида ишловчиларнинг оғир вазияти 12 соатлик иш куни билан тугамайди.
“Ëтоқхонага кириш ҳам¸ чиқиш ҳам муаммо. Ҳамма ëқ охрана. Ëтоққа борганимиздан кейин¸ у ердан чиқишга рухсат йўқ. Кўчага чиқиш учун комендантдан¸ бригадирдан рухсат олиш керак¸ охранадан прописка олишимиз керак. Ундаям кечқурун 10 дан кейин келсак¸ киритмайди. Эрталаб комендант йўқлама қилади¸ 8 гача йўқламадан кечиксангиз¸ ўша кунга иш ҳақи ëзилмайди”¸ дейди Озодлик гаплашган ишчилардан яна бири.
Discover Investнинг эгаси ким?
Расмий сайтини икки тил – рус ва инглиз тилларида юритувчи Discover Invest ширкати ўзини “Ўзбекистон келажагини қураëтган компания” сифатида таърифлаган. Ўз таърифига кўра¸ маъмурий бинолар¸ ишлаб чиқариш объектлари¸ турар-жой ва савдо комплексларидан санъат галереялари қуриш бўйича мамлакатдаги энг илғор компания бўлган Discover Investнинг кимга қарашли экани¸ унинг бошқарувчи ва инвесторлари ким экани ҳақида компания сайтида бирор маълумот йўқ.
Ўзбекистондаги ширкатлар регистрациясига оид очиқ маълумотлар порталидан ҳам бу ширкатга оид бирор маълумот топилмади.
Озодлик 28 январь куни ширкат сайти ва унинг реклама хабарларида берилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб¸ бу саволларга жавоб излади¸ айни пайтда¸ ишчилар билдирган эътирозларга муносабат сўради.
Озодликка “ўз таклифларини ëзма шаклда юборишни тавсия қилган” компания намояндаси¸ бу маълумот “компаниянинг ички қоидаларига кўра¸ эълон қилинмаслиги”ни билдирди.
Айни пайтда¸ ширкат офис бошқарувчиси Озодликнинг Discover Invest ширкати Akfa groupга қарашлими¸ деган саволга “Ҳа¸ қарашли”¸ дея жавоб берди.
Akfa group of companies деб номланган ҳолдинг таркибига¸ маҳаллий матбуотнинг ëзишича¸ «Akfa», «Imzo», «Artel» каби брендлар киради ва бу ҳолдинг асосчиси Тошкент шаҳрининг жорий ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдир.
Discover Invest сайтида «Akfa», «Imzo», «Artel» ширкатлари “партнëрларимиз” дея тақдим қилинган.
Озодлик билан бир-биридан мустақил гаплашган Давлат Мулк қўмитаси ва адлия тизими мулозими¸ шунингдек¸ ўзбекистонлик айрим девелоперлар¸ Discover Invest ва у қарашли Akfa Group ширкатининг асл эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев экани ҳеч кимга сир эмаслигини таъкидладилар.
“Қоғозда кимга расмийлаштирилган¸ буни аниқ билмайман. Лекин бу ширкат тўғридан-тўғри Ортиқхўжаевга бориб тақалади. Ортиқхўжаев Tashkent City қурилишига директор эди¸ Discover Invest унинг асосий пудратчисига айланди. Бугун Тошкентдаги энг йирик лойиҳаларни ҳам айнан шу Discover Invest олаяпти. Сабаби¸ ҳамма билиб турганидек¸ жуда жўн”¸ деди Тошкентдаги хусусий қурилиш ширкатларидан бири раҳбари.
Одамларни 7 кун дам олишсиз ишлатиш қонунга зиддир
Иш берувчи ва ишчи-ходимлар ўратсидаги муносабатларни тартибга солувчи Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 16-моддасига кўра¸ “муддатлари чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш, бир қатор касблар ва ишлар учун иш кунини қисқартириш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, шунингдек ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар бериш орқали таъминланадиган дам олиш” ходимнинг асосий меҳнат ҳуқуқлари саналади.
Кодекснинг “Иш вақти” деб номланган VII боби 115-моддасида “Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим”¸ деб ëзиб қўйилган.