Тожикистонда ўқишга шахсий автомобилида келган талабалар ўқишдан ҳайдаладиган бўлди

Тожикистон парламентининг депутатлари мамлакат президентининг таълим тўғрисидаги қонунга айрим ўзгартишлар киритишга оид таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлади. Қонунга киритиладиган ўзгартишлардан бирига биноан, эндиликда мактаб ўқувчилари ва талабалар ўқишга ўзлари бошқарган автомобилда кела олмайдилар.

Тожикистон Таълим ва фан вазири Нуриддин Саиднинг тушунтиришича, хуқуқбузарликларни амалга оширган талабалар уч йил муддатга олий ўқув юртидан, коллеж ва касб-ҳунар билим юртларининг ўқувчилари эса, бир йилга ўқишдан ҳайдалади:

"Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, талабалар дарсга автомашиналарни бошқарган холда келишни тақиқланади, аммо биз бошқа вазиятларда талабаларнинг автомобил бошқаришларини тақиқлай олмаймиз. ДАН ходимлари буни ҳисобга олиши керак”, – деди парламентининг қуйи палатаси депутати Саиджафар Усмонзода.

Бундан аввал Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги ўзининг сайтида мактаб ўқувчиларига қўйиладиган талабларни эълон қилган эди.

Янги қоидаларга кўра Тожикистон мактабларининг ўқувчи болалари ва қизлари учун қуйидагилдар тақиқланади:

  • ҳижоб,
  • калта, йиртиқ жинсилар, (жинси кийишга фақат қиш фаслида рухсат берилади),
  • мини ва калта юбка,
  • реклама ёзувлари бўлган, бошқа мамлакатларнинг давлат рамзлари акс этган футболкалар,
  • спорт либослари (физкультура дарслари ва ҳашарлардан ташқари),
  • битта қулоққа биттадан ортиқ зирак тақиш,
  • ёрқин ёки ажойиб макияж,
  • узун тирноқлар,
  • соқол ва узун сочлар (ўғил болалар учун),
  • татуировкалар.

Рухсат берилади:

  • Миллий рўмол ва дўппилар.

Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган кийимлар тавсия қилинмоқда.

Тожикистон парламенти куни кеча “Анъаналар, тантана ва урф-одатлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ҳам маъқуллаган эди.

Бу қонун кучга кирганидан сўнг Тожикистонда марҳумнинг 7 сига ва 40 ига мол сўйиш ва меҳмонлар олдига дастурхон ёйиш тақиқланади. Қонунда бошқа чекловлар ҳам назарда тутилган.