Тошкентнинг COVID-19 касаллиги билан оғриган беморларга мўлжалланган шифохоналари фақат оғир беморларни қабул қилмоқда.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги махсус шифохона ўпка яллиғланиши 30 фоиздан ошган беморлар қабул қилиниши, улар ҳам фақат “Тез ёрдам” машиналарида келтирилиши шартлигини билдирди.
Сўнгги 4 кундан буён коронавирус билан оғриётган тошкентлик оиланинг айтишича, илк хасталанган пенсионерга шифохоналарда жой топилмаган, мажбур уйида қолгани учун у вирусни яқинларига ҳам юқтирган.
Тошкентнинг коронавирус беморларини қабул қилаётган Вирусология илмий текшириш институти клиникаси ҳамда “Ўзэкспормарказ”да қайта очилган ковид- марказларида ҳам беморларнинг сони кундан кунга ортиб бораётгани айтилмоқда.
Айни пайтда ўзбекистонлик шифокорлар беморларнинг аксарида ўпка яллиғланиши 25 - 30 фоиздан юқори эканини қайд этмоқда, вакцина олган беморларда ҳам касалланиш ҳолатлари кузатилаётгани, аммо бунинг сабаблари шифокорларга қоронғу қолаётгани айтилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) берган маълумотга кўра, сўнгги кунларда Ўзбекистонда кунига 400 - 500 атрофида коронавирус, 200 - 300 атрофида пневмонияга чалинган бемор аниқланмоқда. Айни пайтда вазирлик 2 июлдан бери шифохоналарда даволанаётган беморлар сони ҳақида маълумот бермаётир.
Тошкентда яшайдиган 60 яшар пенсионер Гулнора Файзиева 10 фоизлик ўпка зарарланиши билан уйда даволанаётганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ўтган сешанбадан иситмалашни бошлаган ва шанба куни “Тез ёрдам” чақиришга мажбур бўлган.
“Зангиотада жой йўқ, деди. Семашкодаги пульмонология шифохонасига олиб борди. У ерда ҳам жой йўқ. Кейин “Ўзэкспормарказ” ковид-марказга олиб боришди. У ерда сатурацияни ўлчашди, 99 чиқди. Иситма бор, МСКТда (ўпка томографияси) 10 фоиз яллиғланиш чиққан. Лекин қабул қилишмади. Мени “Тез ёрдам” оқшом соат 9 да кўчанинг юзида қолдириб кетди. Такси билан зўрға уйга етиб олдим. Мана, душанба куни тест топширдим ва ковид позитив чиқди”, - дейди Гулнора Файзиева.
Айтишича, касал ҳолида якшанба куни ҳамшира қизини уйига чақиришга мажбур бўлган ва ҳозир унга қизи қарамоқда. Аммо қизи ҳам, унинг ёш болалари ҳам ковидга чалинган:
“Ҳозир қизимда ҳам, икки боласи билан бирга, ковид чиқди. Уларда ҳам иситма. Уйда ҳаммамиз касал ётибмиз”.
Тошкент вилоятида яшайдиган яна бир пенсионер ковид касаллиги билан оғригани, шифохоналар қабул қилмагач, уйда даволанганини айтди.
“Келиним қаради менга. Ўпкада яллиғланиш 20 фоиз чиқди. Зангиотага ўғлим машинасида олиб борди, қабул қилишмади. Яна бир нечта шифохонага бордик, жой йўқ. Кейин келиним ўзи врач, лечение ёзиб, уйда қаради. Уколларини ҳам қилди. Битта хонада ётдим. Ҳозир анча яхшиман, шукур. Лекин жуда кўпчилик ёши катталар роса қийналиб қолдида ҳозир”, - деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган пенсионер.
Озодликка Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирус беморлари сони ортаётгани, шифохоналарда эса жой етишмаётгани ҳақида кўплаб мурожаатлар келмоқда.
Зангиота-2 шифохонасидан олинган маълумотга кўра, коронавирус беморлари учун очилган махсус шифохона тўлган. Фақатгина ўпка яллиғланиши 30 фоиздан ошган, аҳволи оғир беморлар қабул қилинмоқда.
"Бемор албатта “Тез ёрдам”да келиши шарт ва 30 фоиздан ортиқ яллиғланиш борлиги ҳақидаги МСКТ бўлиши керак. Бўлмаса, “Ўзэкспормарказ” ва Вирусология илмий текшириш институти клиникасига бориши мумкин”, - деди шифохона ходими.
Озодлик бундан бироз аввалроқ Зангиотадаги ковид-марказининг коронавирусга чалинганларга тўлиб-тошгани ва қабул тўхтатилгани ҳақида хабар берган эди. Марказ раҳбари Олимжон Исоқов 2 минг беморга мўлжалланган шифохонада ҳозирда коронавирусга чалинган 2 ярим мингдан ортиқ касал борлигини тасдиқлаган.
ССВ берган маълумотга кўра, 13 июлга келиб мамлакатда коронавирус билан жами касалланиш сони 117 ярим мингдан ортган. Бундан ташқари, вазирлик шу йилнинг 5 июлидан бошлаб пневмония статистикасини ҳам алоҳида равишда юрита бошлади.
Вазирлик расмий ҳисоботларига кўра, июль ойида бошидан буён мамлакатда кунига 450 - 500 атрофида коронавирус, 200 - 300 атрофида пневмонияга чалинган бемор аниқланмоқда. Бошқача айтилса, кунлик аниқланаётган беморлар сони 750 - 800 нафар атрофида.
Аммо Ўзбекистон ССВ 2 июлдан буён мамлакатда коронавирус беморларини даволаётган тиббиёт муассасаларидаги жами беморлар сони ҳақида маълумот бермаётир, бунинг сабабларини ҳам изоҳламаётир.
Бироқ айнан коронавирус билан хасталанган беморлар учун мўлжалланган Зангиота-1 ва Зангиота-2 шифохоналари, Тошкент шаҳрида ковид беморлари учун очилган яна 2 та шифохона ҳам тўлгани айтилмоқда.
Шифокорларга кўра, ҳозирча қўшимча шифохона ажратиш масаласи кўрилмоқда, аммо бунда жиддий муаммо бор.
Жумладан, Тошкентдаги оилавий поликлиникалардан бирининг бош шифокори ўтган йили ковид хасталари учун ажратилган шифохоналарнинг кўпчилиги президент танқидидан сўнг оптимизация қилинганини эслатди:
“Селекторда президентимиз айтганди: “17 ярим минг ўринга 6 мингта бемор ётибди”, деб. Ўшанда шифохоналар роса текшир-текшир бўлди, оптимизацияга, деб. Қанча бош варчлар сўроққа қатнади. Койкалар ажратилган, бюджет ажратилган, бемор қани, деб. Ҳозир энди, койка ажратиш муаммо бўляпти. Бошқа тарафдан, пул йўқ. Халққа хусусий шифохонага боринглар, дейиляпти. Кунига 2 миллион сўмдан”.
Ўтган йилнинг 17 ноябрида президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги коронавирус беморлари учун мўлжалланган шифохоналар тўла қувват билан ишламаётганини танқид қилган ва бу муассасаларни оптимизация қилиш ҳақида кўрсатма берган эди.
Мавзуга алоқадор Ковид-марказлар ёпилмоқда. Шифокорлар кейинги тақдиридан хавотирдаЎша кунги видеоселектор йиғини ҳақида хабар қилган президент матбуот хизмати “Ўзбекистон бўйича 89 та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган”и, ўша кезда бу ўринларда “6 минг 570 нафар бемор” даволанаётганини билдирган.
“Шу муносабат билан, мутасаддиларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар фаолиятини чуқур ўрганиб, уларни оптимизация қилиш топшириғи берилди”, дея хабар қилганди президент матбуот хизмати.
Лекин июль ойи бошидан буён коронавирус ва пневмонияга чалинган беморлар сони ортаётгани кузатилмоқда. ССВ берган расмий маълумотга кўра, Тошкент шаҳар “Тез ёрдам” хизмати CALL-марказига бир кунда ўртача 5000-5100 тадан мурожаат тушмоқда.
Тошкентдаги хусусий клиникалардан бирида ковид беморларини даволаётган шифокорга кўра, шу кунларда аксар хасталарда ўпка яллиғланиши 25-30 фоиз ёки юқори бўлмоқда:
“Ковид ва пневмонияга чалингани кўп. 14 июль куни ўпка яллиғланиши 25-30 фоиз чиққан беморлар кўп бўлди. Айримларида иситмалаш бошланганига 1 ой бўлган, ковид манфий чиққан, ўпка эса охирги бир ҳафта ичида яллиғланиб, 30 фоизга етган. Симптомлар ўтган йилгидан бошқача. Менимча, ўтган йили касалланганларнинг кўпида ўпка заиф, тўлиқ ўзини тикламаган. Шунга, бу йил аномал иссиқда муздек сув ичган, чўмилган, кондиционерни тагида узоқ вақт ётганлар тез касалланяпти, пневмония ҳам тез ривожланиб кетяпти”.
Шу йилнинг 24 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази Ўзбекистонда коронавируснинг "ҳиндча штамми" аниқланганини тасдиқлаган.
Тез юқувчанлиги билан коронавируснинг бошқа турларига нисбатан хавфли деб кўрилаётган “ҳиндча” штамм юқтирганлар сонига доир расмий маълумот йўқ.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши 5 миллион 100 минг доза вакцина қўлланилган.
Тиббиёт соҳасидаги энг нуфузли нашрлардан The Lancet кўра, Марказий Осиё давлатлари вакцинага энг муҳтож минтақалардан бири бўлиб қолмоқда.
"COVID-19 билан боғлиқ инқироз бутун Марказий Осиёга тарқалиш хавфи мавжуд, бу минтақада ҳозирча фақат икки давлат (Қирғизистон ва Ўзбекистон) вакциналарни бепул тарқатмоқда", дейилади тадқиқотчилар хулосасида.