28 август куни Ўзбекистонга айнан туризм соҳасига сармоя ëтқизиш режасини муҳокама қилиш учун келган европалик тадбиркор Тошкент аэропортидан чиқарилмади.
ДХХ Чегара хизматининг Тошкент халқаро аэропортидаги чегарачилари¸ визасиз транзит режимининг келиб-кетиш билетини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатидан олган сайëҳларгагина тегишли эканини таъкидлаб¸ бошқа давлат авиакомпаниялари орқали келиб-кетмоқчи бўлганларнинг транзит зонасидан чиқарилмаслигини айтган.
Бундай талаб эса¸ президентнинг 101 давлатдан келган сайëҳларнинг Ўзбекистонга беш кунгача визасиз киришига рухсат этилган 4 июль кунги қарорида ҳам¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида транзит сайëҳлардан сўраладиган ҳужжатлар расмий рўйхатида ҳам йўқ.
29 август куни Озодлик суҳбатлашган туризмни ривожлантириш учун масъул идоралар¸ президент қарорининг амалда ижро этилмаëтгани учун бир-бирларини айбладилар.
Европалик потенциал сармоядорнинг Тошкент халқаро аэропортидаги саргузаштлари
28 август куни Тошкентдаги тадбиркорлардан бири Озодликка қуйидаги хабарни юборди:
“Бугун ҳам кулгулик¸ ҳам йиғлагулик ахмоқона вазият билан юзма-юз келдик. Бир инвестицион лойиҳа билан ЕИдан меҳмон келиши керак эди. Иш графиги ниҳоятда тиғизлиги учун фақат бир кунга келиб¸ биз билан бизнес режани муҳокама қилиб¸ яна учиб кетадиган бўлди. У учиб келиб¸ аэропортдан чиқаришмаяпти¸ деб телефон қилди. Нега деса¸ Тошкентдан учиб кетиш билети ҳам “Ўзбекистон ҳаво йуллари”ники бўлиши керак экан!!!”
Эҳтимолий бизнес шериги бундай талабдан “ëқа ушлаганини” таъкидлаган тошкентлик тадбиркор¸ Ташқи ишлар вазирлиги сайтида 5 кунлик Ўзбекистонга кириш визасини олиш учун учинчи давлатга қайтиш билети бўлиши кераклиги айтилгани¸ аммо бу билетнинг айнан “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ники бўлиши кераклиги айтилмаганини таъкидлайди.
Ўзбекистонда айнан туризм соҳасига сармоя ëтқизиш истиқболини муҳокама қилиш учун тўхтаб ўтишга қарор қилган европалик тадбиркор¸ Тошкентдаги бизнес шерикларининг уч соатлик югур-югуридан сўнг¸ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” рейсларидан бирига билет сотиб олган ва чегарадан чиқиб¸ Тошкентга кирган.
“Биз зудлик билан аэропортга етиб келдик, у ерда ўтирган Ташқи ишлар вакили “мен ҳеч нарсани билмайман¸ бу менинг ваколатимда эмас”¸ деб туриб олди. Меҳмонни чегарадан ўтказиш учун Москвага билет сотиб олмоқчи бўлдик¸ аммо яқин кунларга Москвага билет умуман йўқ! Ялиниб-ëлвориб қарийб 900 долларга бизнес классга билет олдик. Шундан кейин карахт бўлган меҳмонимизни олиб чиқдик. Бир неча соатга кириш учун шунча вақт¸ шунча асаб ва шунча пул зое кетди. Бу воқеадан кейин бу одам сармоя киритиш у ëқда турсин¸ Ўзбекистонга бошқа келмаса ҳам керак энди”¸ деди 29 август куни Озодлик билан қайта гаплашган тошкентлик мезбон-тадбиркор.
Визасиз транзит кириш режими нега ишламаяпти?
28-29 август кунлари европалик меҳмон Тошкентга кириб-чиқишда дуч келган муаммоларга изоҳ сўраб¸ Озодлик мухбири Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси¸ Ташқи ишлар вазирлиги ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси расмийлари билан боғланди.
Туризм ва ташқи ишлар идораси вакиллари президент қарорига ишониб¸ Ўзбекистонда тўхтаб ўтишга қарор қилган транзит сайëҳлар дуч келаëтган бу муаммо учун бошқа авиаширкатлар билан Ўзбекистонга келаëтган йўловчиларга оид маълумотлар базасини бўлашишга оид механизмни яратмаган миллий авикомпанияни айблади:
«Бу ишни «Ҳаво йўллари қилиши керак эди. Улар қилмаган. Чегарачилар бизда фақат «Ҳаво йўллари»нинг маълумотлар базасига доступ бор¸ бошқасига киролмаймиз¸ демакки улар билан келиб-кетадиганларни кирита олмаймиз¸ деб туриб олаяпти».
23 августда Бокудан Тошкентга уч кунга учиб келган хитойлик туристнинг учинчи мамлакат чиптасига эга бўлиб туриб¸ "Ўзбекистон ҳаво йўллари" билетини сотиб олмагунича¸ паспорт назоратидан ўта олмагани ҳақида 28 август куни Газета.уз нашри ëзган эди.
Туризм қўмитаси расмийсига кўра¸ мазкур мақолада келтирилган муаммо юзасидан тегишли тизимлар 28 август куни Дававианазорат идорасида махсус йиғилиш ўтказган:
«Бугун (29 август куни) кечки соат 6 гача Чегара қўшинлари¸ Ташқи ишлар вазирлиги¸ Туризм қўмитаси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» бу муаммони бартараф қилиш бўйича ўз таклифларини бериши керак. Унгача аэропортлардаги бу муаммо давом этса керак. Бунақа воқеалар туризмни ривожлантирайлик¸ деб турилган бир пайтда¸ албатта¸ уят».
Туризм қўмитасининг Озодлик гаплашган расмийси мазкур йиғилиш якунига оид Туризмни ривожлантириш қўмитаси расмий сайтида маълумот берилишини билдирди.
Расмий изоҳ
Мазкур мақола эълон қилиниши арафасида рус тилида чоп этилган расмий баëнотда¸ визасиз транзит кириш режимидан фақат "Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари бўлинмаларига маълумот берадиган авиаташувчилар йўловчилари фойдалана олиши мумкинлиги" ва ҳозирча бундай маълумотни фақат "Ўзбекистон ҳаво йўллари"гина тақдим этаëтгани айтилди.
Бу механизмдан фойдаланувчилар сонини кўпайтириш мақсадида¸ баëнотга кўра¸ 28 август кунги махсус йиғилишда қатнашган авиакомпаниялар вакиллари белгиланган тартибда йўловчиларга оид маълумотларни тақдим қилишга қизиқиш кўрсатган.
Айтилишича¸ хитойлик йўловчи билан юзага келган вазият такрорланиши олдини олиш мақсадида Utair авиакомпанияси билан транзит йўловчиларга оид маълумотларни ўзбек чегарачиларига тақдим этиш борасида дастлабки келишувга эришилган.
Айни пайтда Ўзбекистон туризм қўмитаси¸ визасиз транзит режимидан фойдаланмоқчи бўлган хорижликларга билет олишдан олдин авиакомпанияларнинг Ўзбекистон Чегара хизмати билан маълумотлар айирбошлаш тўғрисида келишуви бор-йўқлигини аниқлаб олишни тавсия этган.
Ҳозирча бундай маълумотни эҳтимолий транзит сайëҳ қаердан топиши мумкинлигига оид аниқ маълумот йўқ.