Марказий Осиëда илк демократик ва дунëвий давлат сифатида тақдим қилинган Туркистон мухторияти тузилган кунга 100 йил тўлди.1917 йилниинг 27 ноябрида тузилган ва 1918 йилнинг февралига қадар 72 кун умр кўрган бу давлат большевиклар тарафидан тор-мор қилинган эди.
Чор подшоси ағдарилганидан сўнг юзага келган вазият - мустақилликка чиқиш имкониятидан фойдаланиб тузилган минтақадаги илк демократик ва дунëвий тузилманинг 100 йиллиги Ўзбекистонда ҳеч бир тарзда нишонланмаëтгтанидан тарихчи олимлар ва адабиëтчилар таассуф билдирди.
Ҳатто Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих институтида ҳам бу сана ҳеч бир тарзда эсланмаётганини айтди шу институт илмий котиби Озодлик мухбирига. Тошкентлик блоггер Жонузоқ Ҳалилнинг 27 ноябрь куни Озодликка билдиришича¸ «Расмий Тошкент ва илмий элита Россия раҳбариятига ëқмаслиги мумкин деган андиша боис» бу санани эсламаяпти.
Тошкентлик мунаққид ва блоггер Акмал Ризаев 27 ноябрь куни Озодлик мухбири билан суҳбатда бундай деди:
- Ҳозир Ўзбекистонни бошқараëтган Шавкат Мирзиëев ва бошқа мулозимлар ўтмишда коммунистик режим мулозими бўлишган. Шу боис, улар учун Кремлнинг Совет Ўзбекистонидаги дастëри¸ Ўзбекистонни руслаштириш сиëсатини амалга оширган Шароф Рашидов юбилейини ўтказиш комфортроқ. Туркистон мухторияти тузилган кунга 100 йил тўлганини эсламаслик - улар учун энг маъқули.
Миллий байрам
Ўзбекистонлик ношир Анвармирзо Ҳусаинов 27 ноябрь куни Озодлик мухбири билан суҳбатда «Туркистон мухторияти тузилган кун ҳар йили Ўзбекистон миллий байрами сифатида нишонланиши шарт» деб ҳисоблайди:
- Тарих ҳақида сўз борганда «агар» деган сўз қўлланилмайди. Лекин айнан ўша 1917 йили Финляндия халқи ҳам Туркистон ўлкаси билан бир вақтда ўз мустақиллигини эълон қилган эди. Бугун Финляндия Европанинг энг тараққий қилган давлати сифатида турибди. Ўша пайтда жадид оталаримиз оëғидан қадимчилар чалмаганида¸ миллий бирлик тимсоли бўлган Туркистон давлати сақлаб қолинганида қандай бўларди деб ўзимга савол берсам кўз олдимга ривожланган бугунги Финляндия келади¸ дейди Ҳусаинов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Коммунизмга қарши бўлишган
Тарих фанлари доктори Қаҳрамон Ражабов жорий йилнинг 7 ноябрь куни Озодлик мухбири билан суҳбатда 1917 йил ноябри охирларида Қўқонда Туркистон мухторияти ҳукумати ташкил қилинганини, бундан қўрққан большевиклар тинч аҳоли қонини тўкканини эслатаркан:
- Бунинг сабаби нимада? Туркистон мухторияти ташкил этилгандан сўнг даставвал Наманганда, Марғилонда, Скобелевда (ҳозирги Фарғона), Самарқандда ва бошқа кўплаб шаҳарларда мухторият ҳукуматини қўллаб-қувватлашга қаратилган митинглар ўтказилди. Уларда туб аҳоли большевизм ғоялари ва ҳокимиятини қабул қила олмаслиги ҳақида фикрлар билдирилган эди”, - деди олим.
Суҳбатдошга кўра¸ Туркистон мухториятининг ва Қурултой ишининг бутун тафсилотлари ўша даврдаги жадид газеталарида тарих учун муҳрлаб қўйилган.
-«Улуғ Туркистон» газетаси хам ўз саҳифаларида мухторият ҳукумати фаолиятига алоҳида ўрин бера бошлади. Нашр ишларини яхшилаш учун босмахона мухторият молиявий қарамоғига олинди. Мухторият ҳукумати миллий қўшинни ташкил қилишга киришди. 1918 йил бошида бу қўшин сафларида бир мингдан ортиқ аскар бўлган. Ҳарбий вазир Убайдулла Хўжаев иштирокида ўтказилган кўрик-парад вақтида аскарлар сони 2000 кишига етган. Бундан ташқари Қўқонда тахминан шунча миршаб бор эди. Ҳукумат иқтисодий соҳада 30 миллион сўм миқдорида ички заём чиқаришни йўлга қўйди. Чунки газеталарни нашр қилиш, мухторият қўшинларининг таъминоти ва ҳукуматнинг ички харажатлари учун маблағ зарур эди. Туркистон аҳолисига Оренбург орқали ғалла келтириш муаммосини ҳал қилиш учун хам амалий қадамлар ташлади. Туркистон Мухторияти ҳукумати қисқа муддат ичида халқ ўртасида катта эътибор қозонди. Янги ҳукумат фаолияти фақат Қўқонда ёхуд Фарғона водийсида эмас, балки бутун Туркистон минтақасида яшаётган туб ерли халқлар томонидан қизғин кўллаб-қувватланди. Фитрат, Чўлпон, Ҳамза мухториятга бағишлаб , шеърлар битишди. Фитрат мухторият эълон қилинган 27 ноябрь тунини «Миллий Лайлатул қадримиз» деб атади. Аллома Фитратнинг бу сўзларида олам-олам маъно мужассамлашган¸ деган эди тарихчи олим.
Туркистон ҳукумати таркиби
Озодлик суҳбатлашган тарихчилар таъкидича, Туркистон ҳукуматининг илк таркиби Чор даврида яхши таълим олган адвокат¸ молиячи ва ҳарбийлардан ташкил топган. Масалан, Мухториятнинг илк раиси ва ички ишлар вазири Муҳаммаджон Тинишбоев маҳаллий аҳоли ичидан етишиб чиққан илк темир йўл инженеридир. Гимназияни олтин медаль билан тугатган Тинишбоев Петербургда инженерлик дипломини олиб Ашхобод-Тошкент темир йўл қурилиш лойиҳасини бошқаради. Ўша пайтда у Туркистон ўлкасидан Россия Давлат думасига депутат бўлган. Тинишбоев 1937 йилда “халқ душмани” тамғаси билан советлар тарафидан отиб ўлдирилди. Туркистон мухторияти президенти Мустафо Чўқай Чор даврида адвокат сифатида танилган эди.
1890 йил декабрида туғилган Мустафо Чўқай¸ Туркистон генерал-губернаторлиги маркази бўлган Тошкент гимназияларидан бирида ўқийди ва чўқайшуносларга кўра¸ талабалигиданоқ¸ ўзининг фавқулодда истеъдодини намоëн қилади.
1913-14 йилларда Санкт-Петербургдаги император университетининг ҳуқуқшунослик факультетида таълим олган Мустафо Чўқай¸ кўп ўтмай Туркистон миллий озодлик ҳаракати етакчиларидан бирига айланади.
1917 йил февралида Чор империяси қулаши билан Мустафо Чўқай¸ босқинчилар бошқаруви остида ҳақсиз-ҳуқуқсиз қолган бугунги Марказий Осиë халқларини ягона Туркистон давлати остида бирлаштириш ғояси учун фаол ҳаракатга киради.
Туркистон мухторияти большевиклар томонидан тор-мор этилади. Чўқай¸ хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлади ва Туркистон мустақиллиги учун курашини Франциядан туриб давом эттиради.
Советлар томонидан “халқ душмани” деб эълон қилинган Мустафо Чўқай¸ нафақат қозоқ халқи¸ балки бутун Туркистон халқлари мустақиллиги учун курашган сиëсий арбобдир¸ деганди Мустафо Чўқай ҳаëти ва сиëсий фаолияти тадқиқотчиси Султонхон Жусуп 2010 йили Озодлик мухбири билан қилган суҳбатда.
- Мустафо Чўқайнинг бутун Туркистон халқлари тарихида тутадиган ўзига хос ўрни¸ унинг бу халқларни миллий давлатларга бўлмасдан¸ уларнинг ягона Туркистон байроғи остида бирлашишлари учун курашганидир. Бу унинг ўз умри охирига қадар содиқ қолган ғоясидир¸ дейди тадқиқотчи.
Мустафо Чўқай¸ 1941 йилнинг 27 декабрида Берлинда сирли тарзда оламдан кўз юмди ва унинг ўлими ҳамон жумбоқлигича қолаëтир.
Узоқ йиллик таъқиблардан сўнг¸ Мустафо Чўқай номи Қозоғистонда миллий қаҳрамон даражасига кўтарилган эса-да¸ тарихчи Султонхон Жусуп¸ агар Чўқай минтақанинг бугунги вазиятини кўрганда эди¸ ундан қаттиқ азият чеккан бўларди¸ деган ишончда.
МОдаги илк дунëвий давлат
Санкт- Петербургда истиқомат қиладиган ўзбек блоггери Баҳром Раҳмоннинг 27 ноябрь куни Озодлик мухбирига айтишича¸ 1917 йил 26-28 ноябрда Қўқон шаҳрида ўз қурултойини ўтказган мухторият «демократия принципларини илгари сурган дунëвий давлат» бўлган:
- Бу давлат таркибида ўша давр Туркистонида яшаган барча этник группалар вакиллари бор эди. У пайтда мен қозоқман¸ қирғизман деб эмас, балки мен туркистонликман деб аташган ўзларини¸ дейди суҳбатдош.
Туркистон Мухториятининг илк раҳбарларидан бири Мустафо Чўқай (1890-1941) ўзининг «Туркистонда миллий озодлик ҳаракати» деган китобида эслашича¸ жадид зиëлилар миллий айримачилик¸ трайбализм ва диний экстремизм аломатларига қарши чиқишган:
-Туркистон жадидларининг отаси саналган Беҳбудий ўз маърузасида, «Қурултойимиз қабул қилаётган қарорлар шунинг учун хам аҳамиятлики, унда Туркистон аҳолисининг европалик вакиллари хам иштирок этмоқдалар», деган эди, деб ëзади.
Ўша давр газеталари¸ ҳусусан Туркистон мухторияти молия вазири бўлган Соломон Герцфельд нашр қиладиган «Самарқанд» газетасида ëзилишича¸ «Беҳбудий ва Обиджон Махмудов қурултой ҳайъатида мусулмонлар билан бир қаторда бошқа миллий гуруҳларнинг ҳам вакиллари бўлишини ёқлаб чиққан»
Қадимчилар жадидларга қарши
Ўзбекистонлик ношир Анвармирзо Ҳусаиновнинг айтишича « Қўқон мухторияти йўқ бўлишига диний муттаасиблар ҳамда болшевиклар сабаб бўлган»
- Аввалига мухторият нима, давлат нимаю миллат нималигини билмаган диндор мутаассиблар Мухториятга қарши фитналар қилишди. Бу фитналар ортидан пайт пойлаган болшевиклар Қўқон шаҳрига қақшатқич ҳужум уюштириб аҳоли қирғин қилинди. Шаҳар устига уч кун давомида тўплардан ёндирувчи снарядлар отилди. Мухторият мағлубиятига сабабчи бўлган Эргаш мулла қочиб қутулди, дейди Ҳусаинов.
Ўзбек блоггери Баҳром Раҳмон Қўқон мухториятининг емирилишини бугунги кундаги воқеалар билаан таққослайди:
- Эргаш мулла бошчилигидаги диний мутаассибларнинг Мустафо Чўқай каби демократия тарафдорларига қарши чиқиб мухториятни заифлаштиргани менга бугунги воқеликни эслатди. Масалан, Сурия халқи Асад зулмига қарши кўтарилди. «Озод Сурия» деган демократик ташкилот тузилди. Лекин «Жабҳатул Нусра» каби диний экстремистик гуруҳлар ўртага суқулиб кириб, салбий роль ўйнашди. Бу эса, оқибатда ИШИД террорчиларига имкон яратди. Пировардида Асад ҳукумати оëқда қолди. Бундан 100 йил олдин юз берган Туркистон мухториятни ҳам диний мутаассиблар заифлаштиргани болшевиларга қўл келди, дейди суҳбатдош.
Тошкентлик блоггер Жознузоқ Ҳалилга кўра¸ мухториятнинг халқ ўртасидаги обру-эътибори большевикларни ташвишга солиб қўйган ва улар 1918 йил февралида мухторият ҳукуматини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлаган:
- Туркистон большевиклари бунинг учун қизил аскарлардан ташқари арманларнинг «Дашноқцутюн» партияси аъзоларидан тузилган қуролли тўдалардан хам кенг фойдаланди¸ дейди суҳбатдош.
Суҳбатдошга кўра¸ болшевикларнинг Қўқонга ҳужумини бартараф қилиш учун маҳаллий жадидлар митинг қилиб чиқишган:
- Шундай митинглардан бири 1917 йилнинг 13 декабрида Тошкентда уюштирилди. Жадид бобомиз Беҳбудий етакчилигидаги бу митинг Совет ҳукумати тарафидан аëвсиз бостирилди¸ дея эслатди блоггер.
Айнан 13 декабрь Туркистон мухториятини тинч йўл билан сақлаб қолишга қаратилган сўнгги тадбирлардан бири сифатида тарихга кирди.
1953 йилда Туркистон миллий қўмитаси мурожаатига кўра, АҚШ Сенати 13 декабрни Туркистон куни, деб эълон қилган эди.