Ўзбекистонда арзонроқ нархда машина сотиб олиш орзусида юрган минглаб мижозлар телефон ва компютерлари қаршисида икки кун ўтириб UzavtoSavdo онлайн тизимидан шартнома ололмаганликларини айтишмоқда.
“Ҳамма шартнома оляпти экан, лекин мен ололмаяпман. Ўша олаётганлар кимлар эканлигини мен билмадим”, - дейди ширкат мижозларидан бири.
“Икки кун Интернетда ўтириб, UzAvto дан битта “Дамас”га шартнома ололмадим. Қанчадир минг одам олганмиш, лекин мен ололмадим”, - дейди автомобил олиш орзусида юрган бошқа бир ўзбекистонлик.
UzAuto Motors ширкати 25 декабрь куни оммабоп автомобиллари учун онлайн контрактация эълон қилган эди.
Ширкатга кўра, шартнома олиш 26 декабр оқшомига қадар давом этган, 170 мингдан зиёд шартномалар онлайн тартибда тузилган.
Лекин кўпчилик ушбу платформада шартнома олиш тугул, унга кириб бўлмаганини айтмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Олтита телефонда уриниш
Бир нечта телефон билан қайддан ўтиб, онлайн шартнома қилишга уринганлар ҳам бўлди.
“Шунча ёшга кириб машина мингимиз келяпти, тўртталаб телефон билан киришга ҳаракат қиляпмиз, натижа бўлмаяпти. Раҳбарият, нима қилсак бўлади, иложини қилинглар буни”, дейди андижонлик Абдужалил.
Ўзбекистонлик автоблогер Бектош Абдиқундузов олтита телефонда шартнома олишга уриниб кўрди.
“Баъзилар бир қанча телефон билан кириб шартнома қилса бўлади, дейишяпти. Мана олтита телефон билан киришга ҳаракат қиляпман, лекин шартнома қилолганим йўқ. Рўйхатдан ўтдим, у ёғига мана қаранг “серверда хатолик" деяпти”, - дейди блогер.
Шикоятлар кўпайиши ортидан UzAuto Motors 26 декабрь куни ўз савдо сайти нега кўнгилдагидек ишламагани борасида кичик изоҳ берди.
"UzAutoSavdo онлайн тизимида 17 киберҳужум кузатилди. Умуман олганда, тизимда ушбу вақт оралиғида 66 600 дан ортиқ фаол сенсорлар қайд этилди", дейилади ширкат баёнотида.
UzAuto Motors хабар қилишича, нуқсон бартараф этилган. Ширкат 2024 йилда ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган Cobalt, Damas ва Labo автомобиллари учун 25−27 декабрь кунлари оммабоп автомобиллар контрактацияси даврида жами 124 мингдан ортиқ шартнома берган.
"Халқни алдаш"ми?
Кўпгина истеъмолчилар ва тармоқ фаоллари монополист ширкатни “халқни алдаш”да айблашди.
“UzAuto Motors атайлаб авторизациядан ўтишни ўчириб қўйиб, миллионлаб ўзбекистонликларни аҳмоқ қилмоқда” деб ёзди тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
"Контрактация деб халқни алдаб нима қилишади. Шартнома тузганларнинг ҳаммаси дилерлар бўлиб чиқди, улар махсус код орқали кириб шартнома олган. Бутун ўзбекистонликларни алдаб, истеъмолчилар устидан кулгани учун бу компанияга ҳеч қандай чора кўрилмайдими?", дейди тармоқ фойдаланувчиси.
“Эрталаб соат 10да кирсангиз ҳам “иш вақти тугагани сабабли онлайн сотув тўхтаган” деган эълон чиқади. Лекин, “иш вақти тугагани сабабли” онлайн сотув тўхатиб қўйилган бўлса-да, ундан кейин ҳам бир неча дақиқа ичида базада Cobalt оқ вариантига 400 тадан ортиқ шартнома имзоланган”, деб ёзди бошқа бир ҳаридор.
Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров Телеграм каналида "ҳали биронта одамдан шартнома қила олдим" деган хабарни эшитмагани ҳақда ёзди.
"Онлайн сотув" зўр ечим бўлди. UzAuto Motors'нинг Cobalt, Labo ва Damas автомобилларига контрактация очгани ва фақат "онлайн сотаётгани" "зўр ечим" бўлди.
Ҳали биронта одамдан шартнома қила олдим деган хабар эшитмадим. Балки алоҳида серверга уланган компьютерларда онлайн шартнома тузилаётгандир. Ким билади”, деб фикр билдиради иқтисодчи.
Баъзилар Ўзбекистондаги энг йирик ширкат нега ўз кибер хавфсизлигини таъминлай олмаганини савол остига олмоқда.
“Сайт абитуриентларнинг тест натижаларини эълон қилган ДТМ сайтидек ишлаяпти. Балким ундан ҳам ёмонроқ. Триллионлаб сўмга эга GM наҳотки битта сайтни тўғирлаб қўйишга кучи етмаса? Ёки бошқа гап борми бу ерда?
Инсон омили аралашмаган деб умид қиламиз”, - деб ёзди Телеграм фойдаланувчиси.
Мавзуга алоқадор Илғор технологиялар ва Chevrolet Damas. Ўзбекистондан Россияга параллел импортИкки кунлик онлайн савдо пайти UzAuto платформасидан контракт ололмаганлар орасида Швециядаги Марказий Осиё ассоциациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Гулноз Мамарасулова ҳам бор.
“UzAuto Motors” томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган оммабоп машиналарни онлайн савдоси йўлга қўйилгани ҳақидаги эълон ёйинланганидан сўнг мен ҳам кўпчилик истеъмочилар қатори икки кун давомида узлуксиз эълон қилинган платформалар орқали шартнома олишга ҳаракат қилдим. Афсуски, барча уринишлар бесамар кетди.Эълон қилинган сайт ва платфорамлар блоклангани сабабли биргина мен эмас, мен қатори жуда кўп одам, ўзбек фуқаролари азият чекди. “Uz Auto Motors” бу борада халққа бирор жўяли тушунтириш бергани йўқ. Шунчаки техник носозликлар, сервер носозлиги ҳақидаги қисқа хабар билан чекланди. Бу хабардан ҳеч нарсани тушуниб ҳам бўлмайди. Сабаби, буни тушунтиришни ҳам имкони йўқ. Қандай қилиб техника савдоси билан шуғулланадиган йирик компания мана шунақа техник носозликлар олдини ололмади, диагностика қилолмади? Ёки ундан олдинги савдода кузатилган ва “Uz Auto Motors” эълон қилган кибер ҳужумлар олдини олиш имкони йўқмиди? Наҳотки шунча катта ширкатда шундай хатолик рўй бериши олдини олиш учун диагностика имконлари бўлмаса? Бунга ресурс йўқми? Бу биргина мени эмас. Бутун ўзбек халқини ўйлантираётган саволлар”, - дейди Мамарасулова Озодлик билан суҳбатда.
Собиқ Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ўзининг Телеграм каналида масалага эътибор қаратди.
"Ўтган сафар кимлар ўз номига қанчадан автомобилга шартнома қилдиргани ҳақида тўлиқ рўйхат қўлимизда турибди. Катта ўйин бўлган. Кўрамиз, бугунги ҳаракатлар қандай тугаркан. Ишқилиб буям яна катта "томоша" бўлиб чиқмаса бўлди", деб ёзди собиқ депутат.
UzAuto Motors машиналарини хорижда арзонроқ сотиш учун йиғим
Арзон машина олиш орзусида юрган минглаб мижоз сарсон бўлаётган бир пайтда UzAuto Motors ва бошқа компанияларга автомобилларни экспорт қилишда “йўл харажатлари”ни қисман қоплаш учун давлат бюджетидан 200 млрд сўм ажратилиши хабар қилинди.
Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, шунингдек, президент томонидан маъқулланган 2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларда назарда тутилган.
Тармоқ фаолларига бу қарорни аслида бошқа давлатлар аҳолиси сотиб оладиган автомобилларга ўзбекистонлик солиқ тўловчилар тўлайдиган йиғим деб таърифлашмоқда.
Ўзбекистондан энг кўп машина ҳарид қилган давлат эса Қозоғистондир. Ўтган йили Қозоғистон Ўзбекистондан 26 970 дона автомобиль сотиб олган.
Бу Ўзбекистон четга экспорт қилган машиналарнинг қарийб 96 фоизини ташкил қилади.
Ўтган йили Ўзбекистондаги монополист ширкат ғарб санкцияларига тушмаслик учун Россияга машина экспортини тўхтатган эди. Машиналарда Жанубий Кореянинг яримўтказгичлари ва микросхемалардан фойдаланилади. Жанубий Корея эса Россияга қарши Ғарб санкцияларига қўшилган.
Миллий монополиячи
Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб ўз автосаноатини ташкил қилган мамлакат. Четдан машина киритилиши деярли тақиқлаб қўйилган бу мамлакатда ишлаб чиқариладиган машиналарни сотиб олиш учун харидор ойлаб, баъзида йиллаб навбат кутади.
“UzAuto Motors” 1996 йилдан бери Ўзбекистонда машина ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Сал кам 20 йилга яқин вақт давомида Ўзбекистонда ҳануз ўз монополиясини давом эттириб келмоқда. Тўғри, сўнгги йилларда бир нечта хорижий компаниялар ўз фаолиятини бошлади, машиналар савдосини йўлга қўйди, лекин улар ҳануз UzAuto Motors билан рақобатлаша оладиган даражада эмас. Сабаби, машина жихозлари ёки уни олди-сотдиси ва турли расмиятчиликлар сабаб ҳануз UzAuto Motors рақобатчиси йўқ монополист бўлиб қолмоқда” , дейди Швециядаги Марказий Осиё ассоциациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Гулноз Мамарасулова.
Мавзуга алоқадор UzAuto буюртма қабул қилишни тўхтатди. Ҳукумат монополияни тугатишга шошилмаяптиАндижоннинг Асака ва Хоразмнинг Питнак шаҳарларидаги заводларда ҳар йили 300 мингга яқин автомобиль ишлаб чиқарилади.
Машина нархларининг юқорилиги доим танқид марказида бўлиб келган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors ширкатини мaшиналар нархини асоссиз кўтаришда айблаб, нархларни туширишни сўраганди.
UzAuto Motors бунга жавобан қўмитани маҳкамага берди.
Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди UzAuto Motors фойдасига ҳукм чиқарди.
UzAuto Motors эса сал ўтиб машина нархларини 21 фоизгача кўтарди.
2023 йилнинг тўққиз ойида UzAuto Motors`нинг даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26,5 трлн сўмдан 38,1 трлн сўмгача, маҳсулот таннархи эса 22,3 трлн сўмдан 33 трлн сўмгача, Соф фойда 1,84 трлн сўмдан 1,93 трлн сўмга ошган.