Мирзиëев бўшатган туман ҳокимини вилоят ҳокими яна норасмий ҳокимликка қўйди

Асака шаҳар марказий бозори

Ғалла масаласида ўтказилган душанба кунги видеоселектор йиғилишида Андижон вилояти ҳокими Асака туман ҳокими Тоҳир Шоввозовни ҳақорат билан ишдан олди. Айни шу йиғинда вилоят ҳокими "Асакани бошқариш"ни май ойида президент тақдимномаси билан Избоскан ҳокимлигидан бўшатилган Улуғбек Раҳимовга топширди.

Асака тумани ҳокими Тоҳир Шоввозов Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 26 июнь куни ўтказган селектор йиғилишида ҳақорат билан ишдан бўшатилди.

Бу ҳақда шу йиғилишда иштирок этган, исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири Озодликка хабар берди.

“Вилоят ҳокими ҳар куни эрталаб соат 5 да видеоселектор қилади. Душанба кунги йиғилишга фермерлар кам келди, унда туман ҳокими Тоҳир Шоввозов ва вилоят ҳокимининг ғалла ўримини назорат қилувчи вакили, Избоскан ҳокимлигидан бўшатилган Улуғбек Раҳимов ҳам бор эди. Асака ҳокими ғалла ўрими бориши ҳақида гапираётган эди, Улуғбек Раҳимов “фермерлар келмаптию, 63 та фермер кепти” деб, уч марта унинг гапини бўлди. Шоввозовнинг аччиғи келиб, “сизга мана шу ерни бўшатиб берайми”, деди. Кейин Улуғбек Раҳимов аччиқ қилиб, қоғозларини йиғиштириб, мажлисдан чиқиб кетди”, дейди фермер.

Унинг айтишича, Улуғбек Раҳимов мажлисдан чиқиб, тўғри вилоят ҳокимининг олдига бориб арз қилган.

“Орадан ярим соатлар вақт ўтган эди, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов селекторда “Асака! Ҳаром, ифлос, нега сен мен юборган вакилни менсимаяпсан”, деяпти. Шоввозов “унақа бўлган эмас”, деса, вилоят ҳокими “кўзимга кўринма ҳаромдан бўлган, йўқол, жойни бўшат”, деди. Кейин Тоҳир Шоввозов ўрнидан туриб, чиқиб кетди. У кетгандан сўнг вилоят ҳокими, “кўриб қўйиш, Асака ҳокими сенларга ўрнак бўлсин, деб айтаяпти. Кейин яна, Асака!, милиция бошлиғи, прокурор эшитинглар, ҳозир Улуғбек Раҳимов боради, шу туманни бошқаради, деяпти”, дейди видеоселекторда бевосита қатнашган фермер.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир фермер, Улуғбек Раҳимовнинг норасмий ҳокимликка тайинланиши асакалик фермерларни жиддий хавотирга солиб қўйганини айтади.

“Бу одам, Избосканда ҳам фермерларнинг додини берган эди. Бизга уполномеченний булиб келганидан сўнг, фермерларга режадан ортган буғдойни ҳам топширасан, топширмасанг ерингни олиб қўяман, деган сиёсат олиб бораяпти. Баъзи фермерлар топширмайман деса, прокурор ва милиция билан давление қилаяпти. Мана бугун ҳам ҳокимиятда мажлис бўлди. Улуғбек Раҳимов фермерларга роса дағдаға қилди. “Ўласан, режадан ортиқ 10 фоиз топширасан, хоҳлаган жойингга жалоб қил, хоҳласанг виртуал қабулхонага ёз, лекин барибир топширасан, дебди. Шоввозов озгина бўлса ҳам фермерларни тушунарди. Бунақа босим қилмасди”, дейди фермер.

Асака тумани ҳокимлигининг шахси очиқланмаслигини сўраган мулозими Тоҳир Шоввозовнинг ишдан бўшатилганини тасдиқлади.

“Кеча ҳокимни селектор йиғилишида вилоят ҳокими ишдан олди. Расман Асака шаҳар ҳокими Иномжон Мамадалиев туман ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи деб тайинланди. Лекин вилоят ҳокими фермерлар устидан назорат қилиш ваколатини ўзининг вакили Улуғбек Раҳимовга берди, дейишаяпти”, деди туман ҳокимлиги расмийси.

Андижон вилояти ҳокимлигидаги мулозим Улуғбек Раҳимовни вилоят ҳокими ғалла ўрими штабига бошлиқ қилиб тайинлаганини тасдиқлар экан, бошқа гаплардан хабари йўқлигини айтди.

Озодлик мухбири 26 июнь кунги мажлис тафсилотларини ўрганиш мақсадида Асака туманининг эндиликда собиқ ҳокими Тоҳир Шоввозовга боғланишга уринди¸ аммо унинг қўл телефони ўчирилгани боис, боғланишга муваффақ бўлмади.

Улуғбек Раҳимов жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳнинг Андижон вилоятидаги текшируви ортидан президент тақдимномаси асосида ишдан олинган эди. Улуғбек Раҳимов билан бирга туман прокурори, милиция ва солиқ инспекцияси бошлиқлари ҳам ишдан бўшатилган эди.

Улуғбек Раҳимов жорий йилнинг январь ойида Избоскан туманига ҳоким бўлиб тайинланиб, тўрт ойдан сўнг "қишлоқ хўжалик соҳасида йўл қўйилган камчиликлар учун" ишдан олинган эди.

Ўзбекистон Республикасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунига кўра, "туман, шаҳар ҳокимлари вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.