Прокурор ваъдасига ишониб Ўзбекистонга қайтган ака-ука диндорлар 6,5 йилга қамалди

Ака-ука Аброл ва Шуҳрат Дўсмуҳаммедовлар 28 май куни Тошкент аэропортида ҳибсга олинганди.

8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди, қамалмаслиги ҳақида прокурор ваъдаларига ишониб, Ўзбекистонга қайтгач ҳибсга олинган ака-ука диндорлар – 56 яшар Аброл ва 53 яшар Шуҳрат Дўсмуҳаммедовларнинг ҳар бирини 6.5 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Суд ака-укаларни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244- моддасида (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш; диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ва 223-моддасида (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) айбдор деб топди.

Ака-укаларнинг жиноий шериги дея кўрилган 51 яшар Жўрабой Сатиболдиевга эса 5 йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

Беш йилдан буён қидирувда бўлган тошкентлик диндор ака-укалар 28 май куни Истанбулдан Тошкентга қайтгач, аэропортда қариндошларига бирров кўрсатилганидан сўнг қўлга олинган эди.

Беш дақиқа давом этган якуний суд

Яқинларидан бирининг айтишича, якуний суд мажлиси шунчалар қисқа давом этганки, улар ҳукмни тинглашга ҳам улгура олмаганлар.

- Беш минутдан ўқиб чиқариб юборишди. То биз кириб борамиз дегунимизча, ҳукмни ўқиб чиқариб юборди. Эътирозларимизга ҳам қарамасдан, судья ҳукмни ўқиб, чиқиб кетди. Бўлди. Бошқа ҳеч қанақа гап-сўз бўлмади. Олти ярим йил ака-укаларга, деди, беш йил Жўрабой Сотиболдиевга, деди. Биз етиб киришга ҳам улгура олмадик, - деб айтди судда қатнашган айбланувчилар яқинларидан бири.

Шуҳрат Дўсмуҳаммедовнинг хотини Махсуданинг Озодликка айтишича, судья ҳукмни ўқиркан, айбланувчиларнинг соғлиги ва ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтганини эътиборга олмаган.

Қўйилган айблов

Ака-ука Дўсмуҳаммедовлар устидан чиқарилган тергов хулосаси

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида яшаган Аброл ва Шуҳрат Дўсмуҳаммедовлар 28 май куни Истанбул-Тошкент рейси билан Ўзбекистонга қайтгач, милиция ходимлари томонидан ушланган эди.

Озодлик қўлга киритган тергов хулосаларидан маълум бўлишича, "Жиҳодчилар" қуролли гуруҳига аъзолик ва экстремистик адабиётларни сақлашда" айбланган ака-укалар жазоланишдан қўрқиб, 2013 йилнинг февралида Туркияга чиқиб кетган, Жўрабой Сотиболдиев эса, Ўзбекистон ичкарисида яшириниб юришга мажбур бўлган.

Унда шунингдек, ака-укаларнинг Ўзбекистонда "Ваҳобийлик" оқими раҳнамолари сифатида кўриладиган уламолар Абдували Мирзаев ва Обидхон Назаров ваъзларидан руҳлангани" айтилади.

Озодлик Тошкент шаҳар прокуратурасининг 16-бўлим прокурори Жаҳонгир Исмоилов билан боғланди.

Прокурор бу ҳақда телефон орқали ҳеч қандай маълумот бермаслигини айтди.

"Халқ президент қарорига қандай ишонсин?"

Махсуда Дўсмуҳаммедова президент Шавкат Мирзиёевнинг чақириқлари ва Тошкент шаҳар прокурорининг эри ва қайниси "Ўзбекистонга қайтиб келса, қамалмайди", деган гапига чиппа-чин ишониб, қайтганини айтади.

- Бизнинг ҳаракатларимиз, президентимизнинг қарорлари қаерга кетди? Қўли қонга ботмаган бўлса, ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса, дейилган қарорда. Улар ҳеч бирини қилмаган-ку?! Энди халқ президент қарорига қандай қилиб ишонсин? Президент қарорига қарши шунча иш қилишаяпти пастдагилар, - деди Махсуда Дўсмуҳаммедова.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Энди халқ президент қарорига қандай қилиб ишонсин?"

Аммо, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг биридан олинган маълумотга кўра, қидирувда бўлганлиги сабабли ихтиёрий қайтаётган бўлса ҳам, расмий равишда "қидирув натижасида умумий ушланганлар", деб ҳисобланади.

"Ушланганларга нисбатан процессуал тартибда жиноий жавобгарликдан озод қилиш ёки қилмаслик масаласи кўрилади," дейилади ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларидан бири берган маълумотда.

Президент сиёсати

2017 йил 15 июнда президент Мирзиёев мамлакат имомлари ва диний хизматчилар иштирокида ўтказган видеоселектор мажлисида "қора рўйхат"га тушган диндорларни қайта текшириш, қамоқдаги диндорларнинг оиласи билан ишлаш ҳақида топшириқ берган эди

2017 йилнинг 1 сентябрида Тошкентдаги Хасти Имом масжиди ҳовлисидаги Бароқхон мадрасасида имом хатиблар билан учрашар экан, президент "қора рўйхат"да турган 17 минг мусулмондан 16 минг нафари рўйхатдан чиқарилганива улардан 9 минг 500 нафари иш билан таъминланганини айтган эди.

Ўзбекистон Президентининг "қора рўйхат"га тушган диндорларни қайта текшириб ватанга қайтариш ҳақидаги топшириғидан кейин, оммавий бўлмасада, аммо қидирувдаги шахсларнинг мамлакатга қайтиши кузатилмоқда.

Мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг биридан олинган маълумотга қараганда, ​“2018 йил, 1 август ҳолатига жами қидирувдагилар сони 8936 нафарни ташкил этади".

Диний экстремистик оқимлар таркибида жиноят содир этганлиги учун жами 3390 нафар шахсга қидирув эълон қилинган бўлиб, 2018 йилнинг ўтган даврида уларнинг 134 нафари ушланган.

"Ушланганларнинг 78 нафарига (36 нафари ихтиёрий равишда қидирувдан қайтиб келганлиги, 42 нафари тузалиш йўлига ўтганлиги сабабли) муқаддам қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартирилган", дейилади Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларидан олинган маълумотда.