Шифокорлар ўлмаган чақалоқни “ўлди”га чиқарган ҳолат бўйича суриштирув ишлари бошланди

Муҳаммаджон ҳаёт учун курашмоқда

Бир ярим ойлик МуҳаммаджонРашидовни жарроҳлик операциясидан сўнг “ўлди” деб, яқинларига топширган дўхтирлар ҳаракати устидан Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар ички ишлар бўлими терговчилари суриштирув ишларини олиб бормоқда. Муҳаммаджоннинг яқинларига кўра, шифокорлар “ўлди” деб, чакагини боғлаб онасига тутқазилган чақалоқ қабрга қўйилишидан олдин ювишга олинганда, ҳушига келган. Вилоят тиббиёт бирлашмаси мулозимлари эса, операциядан чиққан Муҳаммаджонни унинг яқинлари мажбуран касалхонадан олиб кетганликларини иддао қилмоқда.

Қарши шаҳар ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими бир ярим ойлик чақалоқ Муҳаммаджон Рашидовнинг “ўлган”га чиқарилгани ва шунга боғлиқ ҳолатлар бўйича суриштирув ишлари бошланганини айтди:

“Муҳаммаджон Рашидов онаси Қарши туманидан бўлгани учун ишни тумандаги касбдошларимиз бошлаган эди. Воқеа Қарши шаҳридаги кўп тармоқли болалар шифохонасида бўлгани сабаб, ишни бугун бизга ўтказишди. Ҳозир терговчиларимиз шу иш билан шуғулланмоқда”, деди ички ишлар мулозими.

Муҳаммаджон жарроҳлик амалиётидан сўнг

Муҳаммаджоннинг бувиси Наргиза Қурбонованинг Озодликка айтишича, невараси жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан сўнг, дўхтирлар унга ва қизига сабр тилаб, боланинг ўлганлигини айтишган эди:

- Муҳаммаджон 14 майда туғилган эди, лекин орадан икки кун ўтиб бола қусишни бошлади. Қаранг, болани 16 майда духтурга олиб келган бўлсак, 28 июнда операцияга олиб киришяпти, унгача боланинг ичаги қайрилиб, ёрилиб кетган экан. Операциядан сўнг бола ўлди деб, маняги ва оёғигача тугиб беришяпти. Олиб кетаётганимизда духтур чиқиб, “илтимос, болани олиб кетяпман деб, ёзиб беринг”, деяпти. Бола ўлдику, нима фарқи бор энди, десам, улар “бир хиллар болани зовурга ҳам, мусорга ҳам ташлаб кетади, шунинг учун ёзиб беринг”, деди. Кейин болани олиб кетяпман, деб ёзиб бердим. Қарангда энди, ўлган деб ёзмабманда. Сиз қарангда, операциядан чиққан бола тирик бўлса ким уни олиб кетади? Қайси ота-она қачон ўласан экан деб, юзига қараб ўтиради?”, деди Наргиза опа.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Муҳаммаджоннинг бувиси Наргиза Қурбонова билан суҳбат

Бувининг айтишича, бола нотўғри диагноз билан даволангани учун шу ҳолатга тушган:

- Саккизта духтур бўлса, болани саккиз хил даволаган. Боланинг йўғон ичаги ёрилиб кетган. Ахлат қоринни заҳарлаган. Ичаклар 15 кун давомида ахлатда ётган, дейди Наргиза опа.

Бувининг сўзларига кўра, боланинг тирик эканлигини унга қабр қазилиб, ювишга олинаётган пайтда ғассол билиб қолган:

- Гўрков қабрни қазиб келяпти, уйда мурдашўй болани тахтага олиб, энди юваман деганда бола кўзини очиб, қўлини кўтариб керишяпти. Бола тирик, деб дод соляпти. Кеча терговчилар, эшон-муллани сўраган, мурдашўйларни сўроқ қиляпти, бутун маҳалла жанозага келган. Ахир биз қандай қилиб тирик болага жаноза қиламиз, тушунинг, дейди Наргиза опа.

Қашқадарё вилояти тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Рустам Эшмуродовнинг Озодликка иддао қилишича, чақалоқ операциядан чиққанда тирик бўлган:

- Йўқ, ўлди деган жойи йўқ, бола операциядан чиққандан сўнг, бувиси тилхат бериб олиб кетган. Ўлди деган жойи йўқ, абсолютно унақа жойи бўлмаган. Яшаши даргумон, оғир касал деб айтганда улар. Қийнаб нима қиламиз уни, деб олиб кетишган, деди Рустам Эшмуродов.

Шифокорнинг айтишича, Муҳаммаджон айни пайтда болалар касалхонасининг жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Расмий жавоб

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Расуловнинг ушбу воқеа бўйича расмий жавоби эълон қилинди.

Расмий ахборотда айтилишича, “бемор уйига олиб кетилаётганда ижтимоий тармоқларда тарқалганидек вафот этган эмасди, у тирик бўлган. Бу ҳақда беморнинг бувиси Шаҳноза Ҳамидова (беморнинг бувиси Наргиза Қурбонова - Озодлик) тилхат ҳам ёзган. Бола вафот этгани ҳақидаги хулоса унинг яқинлари томонидан қилинган ва бу ҳақда тиббиёт ходимларига хабар берилмаган.

Бемор шифохонадан олиб кетилган куннинг ўзидаёқ соат 22:30 – 23:00 ларда Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг реанимация бўлимига уни яна қайтариб олиб келишган ва даво муолажалари давом эттирилган.

4 июль куни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази болалар жарроҳи И.Каримов бемор Муҳаммад Рашидовнинг барча таҳлил натижалари ва касаллик тарихи билан танишиб, консультация қилди. И.Каримов ташхис тўғри қўйилгани ва барча муолажалар стандарт асосида олиб борилганани қайд этиб, қўшимча тавсиялар берди.

Ҳозирги вақтда бемор жонлантириш бўлимида. Даво муолажалари давом эттирилмоқда"

Аммо, Муҳаммаджоннинг бувиси Наргиза Қурбонова бошқарма бошлиғининг бу баёноти ёлғон маълумотлар асосида ёзилганини ва ҳақиқатни қарор топтириш учун курашни давом эттиражагини айтади.

Озодлик воқеа ривожини кузатиб боради.