Сўх муаммоси: Президент сафари олдидан маҳалла фаоллари тингланди. Фарғона марказига авиақатнов масаласи кўрилади.

Сўх тумани (Фарғона вилояти ҳокимлиги сайтидан олинган сурат)

Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх туманидаги, Қирғизистоннинг Боткен вилоятига туташ, Чашма қишлоғида сув устида яна тўқнашув бўлди.

Гувоҳлар кўрсатмаси ва расмий баёнотларга кўра, жанжалда икки тарафдан мингдан ошиқ одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилган.

Расмий маълумотга кўра, Сўх тумани шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган, 15 нафари вертолётда вилоят шифохоналарига олиб кетилган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 қирғизистонлик жароҳатланганини хабар қилди. Булардан 4 нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимида, 2 нафарининг аҳволи оғир.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати раҳбарлари "Чашма" чегара пунктида учрашиб, зиддиятнинг эскалациясига йўл қўймаслик ҳақида келишиб олди.

1 июнь куни Бош вазир Арипов норози бўлиб йиғилган юзлаб сўхлик билан шахсан учрашди, президент Мирзиёев номидан чегара, сув ва яйлов муаммосини ҳал қилиб беришни ваъда қилди.

Гувоҳлар чегарадаги даҳанаки можаронинг тўқнашувга айланишида маҳаллий раҳбарлар, хусусан, Фарғона ҳокимини айбламоқда. Ҳодисада ҳоким Шуҳрат Ғаниев ва Сўх тумани собиқ ҳокими тошбўрон қилинди.

"Президент сафари олдидан маҳалла фаоллари билан учрашув бўлди"

4 июнь куни Сўх туманидаги бир неча манбадан олинган маълумотга кўра, вилоятдан борган расмийлар ва туман маъмурияти вакиллари маҳалла фаоллари билан йиғилиш ўтказган.

"Тушга яқин районимиз марказида йиғилиш бўлди, ҳамма маҳаллалаларни раислари билан. Кеча селекторда президент ёрдам ажратгани, кейин шу район марказида ногирон ва кам таъминланлар учун кўпқаватли уй қурилиши ҳақида гапиришди. Жума куни Фарғонага президент келаркан. Сўхга ҳам келиши мумкин, ҳозир бўлиб туринглар дейишди", деди тумандаги маҳаллий ҳокимият идораларидан бирида ишлайдиган сўхлик.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини яширган бу манбанинг айтишича, президентнинг 5 июнга кутилаётган сафари олдидан, маҳаллий расмийлар, банк ва бошқа давлат идоралари раҳбарларидан иборат гуруҳ маҳаллий аҳоли муаммоларни фаоллардан тингланган.​

Президентнинг 5-6 июнь кунлари Фарғонага бориши кутилмоқда

Ижтимоий тармоқлардаги қатор каналлар, жумладан Телеграм тармоғидаги Farg'onaliklar каналида президент Шавкат Мирзиёев шу ҳафтанинг пайшанба куни 5 - 6 июн кунларида Фарғонага вилоятига бориши ҳақида хабар пайдо бўлди.

Президент матбуот хизмати ҳозирча бу борада бирор хабар бермади.

1 июнь куни Сўхда аҳоли билан учрашган Бош вазир Абдулла Арипов шу ҳафта ичида президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага боришини маълум қилганди.

Сўхдан Фарғона марказига авиақатнов масаласи кўриб чиқилади

3 июнь куни президент ​Шавкат Мирзиёев мамлакатда камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Ушбу йиғилишда Сўх туманидаги муаммоларни ҳал йилиш учун 1 триллион сўм маблағ ажратилиши айтилди.

Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур маблағ ҳисобидан тумандаги эски аэродромни таъмирлаб, Фарғона вилоятига марказига ҳаво қатновини тиклаш масаласи кўриб чиқилади.

Жами маблағ эса қуйидаги ишларга йўналтирилади:

- Бу йилни ўзида 101 млрд. сўмлик 73 лойиҳа амалга оширилади, 4,5 минг янги иш ўринлари яратилади;

- Банклар 82 лойиҳа доирасида Сўх тумани учун 153 млрд. сўм кредит ажратади;

- 6 та маҳаллада кичик саноат ҳудудлари, 3 та дам олиш маскани яратилади;

- Сўхлик ёшларга Олий таъли масканлари (ОТМ) учун 500 та квота ажратилади, уларга тожик тилида имтиҳон топшириш имкони берилади;

- Симодон, Касминон, Ҳушёр, Малбуд ва Варган ҳудудларида икки ой давомида тик қудуқлар ўрнатилиб, бўш турган ерлар ўзлаштирилади;

- Тумандаги эски аэродромни таъмирлаб, вилоят марказига самолётда бориб-келиш масаласи кўриб чиқилади.

Манбаларнинг айтишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг тез орада Фарғона, хусусан Сўх туманига бориши кутилмоқда.

Бош вазир Абдулла Арипов шу ҳафта ичида президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига боришини маълум қилган.

Kun.uz: президент видеоселекторда Сўх масаласига тўхталди

3 июнь куни президент ​Шавкат Мирзиёев мамлакатда камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, президент йиғилишда асосан коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталган ва сўнгги ўн кунда ўрта ҳисобда кунига 70-80 кишида касаллик аниқланганидан хавотир изҳор қилган.

Мирзиёевнинг маълум қилишча, сўнгги бир ойда 32 та чартер рейс орқали 8 мингга яқин, чегара постлари орқали 20 мингдан ортиқ фуқаролар мамлакатга киритилганини алоҳида таъкидлаган.

Kun.uz нашрининг ёзишича, турли вилоятларда камбағалликни қисқартириш масалалари ҳақида гапирган президент, Сўх туманидаги воқеаларга ҳам тўхталган.

Президент бу ҳудуддаги оғир вазият кеча ёки бугун пайдо бўлмагани, бу ерда одамлар ишсизлик ва яшаш шароити оғирлигидан азият чекиб келганини таъкидлаган:

"Мана, Раматовга қўшимча топшириқ берилди. Ҳар ойда иккитадан чегарадош ҳудудда бир ҳафтадан яшайди. Керак бўлган одам, унинг ҳамма ваколати бор. Билардику, шу чегардош ҳудудни. Нега бориб Сўхда ётиб келмаган?!

Энди ана шундай чегарадош ҳудудларнинг алоҳида рўйхатини қиламиз, бош вазир ўринбосари бориб инфратузилма ва бошқа масалаларини ўрганади. Бизни олдинроқ огоҳ қиладиган тизим яратишимиз керак.

Чегарадош ҳудудларнинг суви қандай, жойи қандай, хавфсизлиги қандай, вазият қандай, ичкаридаги муҳит қандай – Раматов бош. Кейин сиз етиб борасиз (А.Арипов – таҳр). Раматов диагноз қўяди, даволашга сиз. Диагноз деганим, ҳамма нарсани билиш керак. Мана, ўзингиз кўрдингиз одамларнинг кайфиятини. Оддий-оддий масалалар-ку! Ҳеч қийин масала қўйилгани йўқ, бемалол ҳал қилса бўлади.

Йиллар давомида ҳеч ким бормаган. Жуда бўлмаса «у халқ ёмон, оғир халқ» деганмиз. Нимага ёмон, талаб қилиш ёмонми?! Адолат-ку талаб қилиш. Бу жараён жуда кўп сабоқ берди. Жуда катта сабоқ", дея президентдан иқтибос келтиради Kun.uz нашри.

Аммо, 3 юнь кунги селекторда президент Сўх масаласини тилга олгани ҳақида Kun.uz нашри берган бу хабар президент матбуот хизмати тарқатган хабарда акс этмади.​

Бош вазир Абдулла Арипов шу ҳафта ичида президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига боришини маълум қилган.

Айрим манбалар президент сафари пайшанба кунига режалангани ҳақида ёзмоқда. Аммо, бу борада ҳозирча бирор расмий маълумот берилмади.

Бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов эса 2 кундан буён Сўхга қатнаётган ҳукумат делегациясига раҳбарлик қилмоқда.

А. Арипов: Шуҳрат Ғаниев ва бошқа раҳбарлар етиб келиб, Сўхда вазиятни чуқурлашишига йўл қўймаган

3 июнь куни Халқ депутатлари Сўх туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати тарқатган хабардан маълум бўлишича, сессияда қатнашган Бош вазир Абдулла Арипов Фарғона вилояти ҳокимининг чегарада юз берган 31 май кунги инцидентдан кейинги ҳаракатини юқори баҳолаган.

Матбуот хизмати Бош вазирнинг Ғаниев ҳақидаги мана бу гапларини маълум қилди:

“Авваламбор Сиз ҳурматли Сўх тумани фаолларига, Сизларнинг тимсолинингизда бутун Сўх аҳлига муҳтарам Президентимиз, ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромларини етказаман.

Албатта, бир неча кун олдин чегара ҳудудидаги бўлган нохуш ҳолат кўп нарсаларни қайтадан кўриб, қайтадан қарашга ҳаммамизни мажбур қилди. Бевосита Президентимизнинг топшириқлари билан мен бошчилигимда вазиятни ўрганиш учун мутасадди идоралар раҳбарлари етиб келишди.

Биринчи навбатда вилоят раҳбари Шуҳрат Ғаниев ва бошқа раҳбарлар етиб келиб вазиятни чуқурлашишига йўл қўймаган. Тинчликни қадрига етиш бу жуда катта бахт. Муҳтарам Президентимизнинг чегарадош ҳудудлар билан олиб бораётган яхши қўшничилик сиёсатларини бутун жаҳон эътироф этиб турибди”.

31 май куни чегаранинг баҳсли қисмида жойлашган Чашма булоғи суви устида икки давлат ватандошлари ўртасида чиққан инцидент гувоҳлари, томонлар ўртасидаги можаронинг тўқнашувга айланишиб кетишида маҳаллий раҳбарлар, хусусан, Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниевни айблаб келмоқда.

Тўқнашувлар пайтида ҳоким Шуҳрат Ғаниев ва Сўх тумани собиқ ҳокимининг тошбўрон қилингани акс этган видеолар эса, 2 кундан буён ижтимоий тармоқларда баҳсу муноазараларга сабаб бўлиб қолмоқда.

1 июнь куни Сўхга борган Бош вазир билан юзма юз учрашувга йиғилган сўхликлар Ш. Ғаниевнинг истеъфосини ҳам талаб қилган эди.

Бунинг ортидан, қатор сўхликлар 3 июнь кунги сессияда Фарғона вилояти ҳокимига бирор шаклда чора кўрилишини кутаётганини айтиб, Озодликка боғланган эдилар.

Аммо, Озодлик гаплашган сўхликларга кўра, 3 июнь кунги йиғилишга улар истаган халқ вакиллари киритилмаган. Бундан ташқари, ҳокимлик биноси олдига арзини айтиш учун борган юзга яқин одам миллий гвардия ҳарбийлари томонидан тарқатиб юборилган.

Айни сессияда 2019 йилда туман ички ишлар бўлими бошлиғи этиб тайинланган Сайидбаҳром Сайидмусаев Сўх тумани ҳокими этиб тайинланди.

50 яшар бу мулозим хизмат фаолияти давомида Қува, Бешариқ туман ҳамда Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи ҳамда вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.

Унинг тайинловини маълум қилган Бош вазир А. Арипов янги ҳоким зиммасига чегарада навбатдаги тўқнашувдан тинчи бузилган Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш бўйича катта вазифалар юкланганини алоҳида қайд этди.

Айни пайтда, Бош вазир шу ҳафта ичида президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига боришини маълум қилган. Айрим манбалар президент сафари пайшанба кунига режалангани ҳақида ёзмоқда. Аммо, бу борада ҳозирча бирор расмий маълумот берилмади.

Гувоҳ: ҳокимиятга 3 июнь куни йиғилган одамларни ҳарбийлар тарқатиб юборди

3 июнь куни Фарғона вилояти Сўх туманида ўтган навбатдан ташқари сессия пайтда ҳокимият биноси олдига йиғилган одамларни ҳарбийлар тарқатиб юборган.

Йиғилганлар орасида бўлганини айтган сўхликка кўра, юзга яқин одам туманга борган ҳукумат вакилларига ҳоким тайинлаш борасида фикрларини билдириш учун борган.

А. Арипов Сўхга янги ҳоким тайинланганини маълум қилган сессия, 3 июнь, 2020

Исмини сир сақлаган йиғилиш қатнашчиси, сессияга улардан вакил киритилмагани, янги ҳоким тайинлаш чоғида уларнинг истаклари инобатга олинмаганини даъво қилди:

"Оддий халқдан вакиллар киритилмади. Сессия тугамасидан миллий гвардияни болалари келиб, халқни тарқатиб юборди. Яна ўзларининг ҳокимини тайинлаб кетишди. Мен ҳам уйга келиб, ЎзА сайтидан ўқидим хабарни. Лекин, янги тайиинланган Сайидбаҳром Сайидмусаевни танийман, гап эшитадиган одам. Босиқ ва мулоҳазали. Кўрамизда энди ишини".

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, 3 июнь кунги сессияда 2019 йилда туман ички ишлар бўлими бошлиғи этиб тайинланган Сайидбаҳром Сайидмусаев Сўх тумани ҳокими этиб тайинланган.

А. Арипов Сўхга янги ҳоким тайинланганини маълум қилган сессия, 3 июнь, 2020

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари М. Обидовнинг Gazeta.uz нашрига маълум қилишича, Сўх туманининг аввалги ҳокими Фаррух Усаров бир неча кун олдин ўз лавозимидан озод қилинган. Ҳоким вазифасини унинг биринчи ўринбосари бажариб турган эди.

Чашмадаги булоқни икки мамлакат ҳарбийлари қўриқламоқда

Боткен вилоятининг Қадамжон туманидаги Чечме (Чашма) чегараолди ҳудудида Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот идоралари биргаликда Чашма булоғи ва унинг теграсини назорат қилмоқда.

Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати маълумот тарқатди.

Расмий хабарда бу ҳудуддаги чегара ўтказиш пунктларидаги чегарачилар ҳам кучайтирилган тартибда ишлаётгани урғуланди.

Қайд этилишича, икки томон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигидаги чегара назорати давлат чегарасининг бузилиши, яна можаро чиқиши эҳтимоли ва ёйилиши олдини олиш учун кучайтирилган.

Ўзбекистон Бош вазири Чашма булоғини кўздан кечирмоқда, 1 июнь, 2020

Айни пайтда Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларида вазият барқарор.

Сўхликларнинг хабар қилишича, 3 июнга келиб, туманда юрган Миллий гвардия ва Чегара қўшинлари ҳарбийлари сони камайган. Лекин, туманга келиб кетаётган ҳукумат вакилларини ҳарбийлар қаттиқ қўриқлаётгани айтилмоқда.

31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида булоқ суви устидаги тортишув ортидан тўқнашув юз берган.

Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлган.

Сўхга туман ИИБ раҳбари ҳоким қилиб тайинланди

3 июнь куни Фарғона вилояти Сўх туманида ўтган навбатдан ташқари сессияда янги ҳоким тайинланди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, 2019 йилда туман ички ишлар бўлими бошлиғи этиб тайинланган Сайидбаҳром Сайидмусаев Сўх тумани ҳокими этиб тайинланган.

Сўх туманига тайинланган янги ҳоким Сайидбаҳром Сайидмусаев, 3 июнь, 2020

Расмий маълумотга кўра, 50 яшар мулозим асли фарғоналикдир, Қўштепа туманида туғилган. Фарғона давлат университети, ИИВ академиясини тамомлаган.

Қува, Бешариқ туман ҳамда Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи ҳамда вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.

31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи устида тўқнашув юзага чиқди.

Бу ҳодисани ЎзА агентлиги "чегарадош ҳудудлари аҳолиси ўртасида маҳаллий даражадаги ҳодиса" деб таърифламоқда. Агентлик можаро булоқ ариқларини биргаликда тозалаш пайтида келиб чиққан, деб хабар қилмоқда.

Арипов бошчилигидаги вазирлар гуруҳи яна Сўхга ҳоким тайинлагани борди

Сўх тумани ҳокимият идораларида ишловчи манбаларнинг Озодликка хабар қилишича, Бош вазир А. Арипов, унинг биринчи ўринбосари ва Ўзбекистон Транспорт вазири Очилбой Раматовлар бошчилигидаги вазирлар гуруҳи 3 июнь куни яна Сўх туманига борган.

Ушбу делегация таркибида Ички ишлар, Мудофаа, Халқ таълими вазирлари борлиги хабар қилинди.

Туман ҳокимлигида ишлайдиган, исми сир қолиши шарти билан Озодликка хабар берган манбага кўра, вазирлар маҳаллий вақт билан соат 13 да йиғилиш бошлаган.

"Туман ҳокимиятида сессия бошланди. Сўх тумани ҳокимлигидан ходимлар, депутатлар кирди. Туманга ҳоким тайинлаш масаласи кўриб чиқилмоқда", деди исмини ошкор қилмаётганимиз ҳокимлик вакили.

Ушбу йиғилиш бораётган ҳокимият биноси олдида яна юзга яқин одам йиғилгани айтилмоқда.

Бу оломон орасида турганини айтган сўхликлардан бирига кўра, йиғилишга оддий аҳоли вакиллари киритилмаган:

"Аҳоли орасидан сўхлик бир блогер билан маҳалла оқсоқоли бор. Бошқаларни киритишмагани яхши бўлмади. Туманга ҳоким тайинлашар экан, яна халқни иштирокисиз бўлаяпти. Мана ҳозир одамлар ташқарида кутиб турибмиз", деди исми ошкор қилинишини истамаган сўхлик.

Тумандаги манбалардан олинган маълумотга кўра, ҳозирда бу туман ҳокимлигига 2 номзод бор. Булардан бири Тошкент шаҳридаги туманлардан бирида узоқ йиллар ИИБ раҳбари бўлиб ишлаган сўхлик, яна бири эса Фарғона вилоятидаги ҳокимият идораларидан бирининг раҳбаридир.

Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати бу ҳақда ҳозирча бирорта расмий маълумот бермади.

Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳукумат аъзолари ва бир неча вазирлардан ҳукумат вакиллари гуруҳи 2 июнь куни ҳам вертолётда Сўх туманига борганини хабар қилганди.

Хабар қилинишича, мазкур делегация аъзолари давлат раҳбарининг топшириғи билан икки кундан буён Сўх туманида ишламоқда.

Улар анклав ҳудудидаги муаммоларни ўрганиб, махсус дастур тайёрлаб, тезлик билан муаммоларни бартараф этиш топшириғини олган.

Сўх тумани ҳокимлиги тарқатган сурат, 2 июнь, 2020

Гувоҳ: "Матбуот котиби алдади - ҳокимни ростдан ҳам тошбўрон қилишди"

Озодликка боғланган сўхликлар 31 май куни Фарғона вилояти ҳокими сўхликлар томонидан тошбўрон қилингани ҳақидаги хабарларни инкор қилган ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари М. Обидовга эътироз билдирмоқда.

"Мен шахсан ўзим ўша ерда эдим. Ўз кўзим билан кўрдим: одамлар Фарғона вилоят ҳокимини тошбўрон қилди. Риштоннинг собиқ ҳокимидан ҳам сўхликлар кўп зулм кўрган - уни ҳам уришди. Қўрқоқ, деб роса бақиришди. Ҳарбийлар ҳам қўрқиб қолди, тўғриси. Мен ўзим ўша ерда эдим, оломон жуда ваҳима бўлади.

Вилоят ҳокимининг матбуот котиби бўлган Обидов ёлғон айтди, Ғаниевни одамлар урмади, деб. Юзлаб одам гувоҳку бунга, Youtube ҳокимни урилаётгани кўринган видеолар билан тўлиб кетдику! Наҳотки, шунақа ошкора алдаш мумкин?!" деди овози эшиттирилмаслиги ва исми ошкор қилинмаслигини сўраган сўхликлардан бири.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов, 2 июнь куни Озодлик билан суҳбатда, 31 май куни Сўхда ҳоким Шуҳрат Ғаниев тошбўрон қилингани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

"Шуҳрат Ғаниев тошбўрон қилинмади", деди Обидов.

Унинг айтишича, тошбўрон қилинган мулозим шу куни Сўх туманига борган собиқ туман ҳоким Таваккал Раҳимовдир.

Матбуот котибининг бу суҳбати Озодликда эълон қилинганидан сўнг таҳририятга боғланган бир неча сўхлик Обидовнинг бу раддиясига эътироз билдирди.

Яна бир сўхлик эса таҳририятга ҳодиса жойдан олинган яна бир видеони йўллади. Унда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев аниқ кўринган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Сўхга борган Фарғона вилояти ҳокими тошбўрон қилинди

Видеода ҳоким одамлар қуршовидан қочишга уринаркан, унинг ортидан ғазабланган оломон тош улоқтиради. Сўнгра, ҳокимга етиб олган одамлар уни мажбурлаб тўхтатади. Баъзилар ҳокимнинг устидаги костюмини ечиб олишга ҳаракат қилади.

Ҳодисага гувоҳ бўлган иккинчи сўхликнинг айтишича, ҳоким оломон ғазабидан аранг қутулган:

"Ҳокимни ёнида ўзимизнинг Сўхдаги мелиса болалар юрганди, кўпчилиги гражданкада. Ўшалар халқни бостирди, бўлмаса оломон жуда қаттиқ ғазабланиб кетганди. Кейин ҳоким улар билан ўтириб гаплашди охири, ваъдалар бериб тинчлантирди. Бунгача мелисалар, чегарачилар ҳам атрофни ўраб олди", деди Озодликка исми сир сақланиши шарти билан видео йўллаган сўхлик.

Бу гувоҳнинг айтишича, бу видеодаги ҳодиса 31 май куни тушдан кейин - Чашма булоғидаги тўқнашув чиққанидан иброз ўтибоқ содир бўлган.

Арипов ваъда қилган вазирлар гуруҳи Сўхга борди

Ҳукумат аъзолари ва бир неча вазирлардан ҳукумат вакиллари гуруҳи 2 июнь куни вертолётда Сўх туманига етиб борди.

Туман ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабар қилишича, мулозимлар гуруҳи дастлаб Чашма булоғини бориб кўрган.

Сўх тумани ҳокимлиги тарқатган сурат, 2 июнь, 2020

Сўх тумани ҳокимлиги тарқатган сурат, 2 июнь, 2020

Сўх тумани ҳокимлиги тарқатган сурат, 2 июнь, 2020

Хабар қилинишича, мазкур делегация аъзолари давлат раҳбарининг топшириғи билан борган.

Улар анклав ҳудудидаги муаммоларни ўрганиб, махсус дастур тайёрлаб, тезлик билан муаммоларни бартараф этиш топшириғини олган.

"Ӯзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ниғматович Арипов 1 июн куни Чашма маҳалласида Сух тумани аҳолиси билан учрашган чоғида барча ӯринбосарлари, турли соҳалар вазирлари келиб, туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бӯйича дастур тайёрлашларини ваъда берганди. Орадан бир кун ӯтмай, вертолёт орқали ҳукумат аъзолари ва бир гуруҳ вазирлар туманга етиб келишди" деб хабар қилди Сўх тумани матбуот хизмати.

Қирғиз расмийси: Ўзбекистон билан Сўх-Риштон йўли масаласи муҳокама қилинмади

Қирғизистон билан Ўзбекистон расмийлари Сўх-Риштон йўлини очишга оид масалани муҳокама қилганлари йўқ.

Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига бош вазир ўринбосари Акрам Мадумаров 2 июнь куни билдирди.

Ҳукумат мулозими чегарадаги можаронинг келиб чиқишига аввало чегарада аниқланмаган участкалар борлиги, яйлов ва сувдан фойдаланиш масалалари сабаб бўлганини айтди.

Унга кўра, Сўх-Риштон йўлини очиш учун икки томоннинг розилиги билан бир қаторда бунинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқи тартиб-қоидаларига тўғри келиши талаб қилинишини айтди.

“Йўлни очиш масаласи ҳеч қачон бир томонлама ҳал бўлмайди. Албатта иккинчи томоннинг розилиги лозим. Агар сўхликлар Ўзбекистон бош вазири олдига масала қўяётган бўлса, бу ҳукумат даражасида ҳал қилиниши шарт. Ҳал қилинганда ҳам икки томоннинг манфаатларини эътиборга олиш билан ҳал этилиши керак. Шу сабабли бу масала ҳал бўлди, дейишдан йироқмиз. Бу музокараларнинг асосий кун тартибига киритиладиган масаладир. Қирғизистон ЕОИИ аъзоси, Ўзбекистон эса бу ташкилотга аъзо эмас. Шу важдан чегара ҳудудлари, савдо-сотиқ масаласи ЕОИИ низоми ва халқаро шартномалар асосида кўриб чиқилади. Бугунги кунда бу масала муҳокама қилингани йўқ”, деди А. Мадумаров.

1 июнь куни Ўзбекистон томони билан учрашган Қирғизистон расмийлари, 2020

Шу йил 31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани турғунлари орасида жанжал юз бериб, икки мамлакат фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилди.

Чегарадаги можаро ортидан 1 июнь куни сўхликлар билан шахсан учрашган бош вазир Абдулла Арипов қирғиз расмийлари билан Сўх-Риштон йўлини очиш тўғрисида гаплашганини айтган ва уларга йўл масаласида талаб қўйганини билдирган эди.

Сўхликлар билан учрашаётган Бош вазир А. Арипов, 1 июнь, 2020

31 май кунги можаро оқибатида, қирғиз расмийларига кўра, 25 нафар қирғизистонлик тан жароҳати олган. Булардан 4 нафари шифохонага тушган, 2 нафари оғир яраланган.

Айни пайтда Сўх тумани ҳокимлиги 31 майдаги можаро ортидан туман шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилгани, 15 нафари вертолётда вилоят шифохоналарига олиб кетилганини расман маълум қилган.

Сўх тумани тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, яраланганлардан 13 нафари ўқ еган, айримларининг жароҳати оғирдир.

2 июнь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов 3 киши ов милтиғидан яраланганини расман маълум қилди.

Бу ярадорлар ҳолидан 1 июнь куни Сўх туманига борган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам хабар олди.

Ўзбекистонга қарашли Сўх тумани Қирғизистон ҳудудидаги эксклав бўлиб ҳисобланади. 2013 йили қирғиз-ўзбек чегарасидаги можародан кейин Сўх-Риштон йўли ёпиб қўйилган. 2019 йилда бу йўл 2 кунга очилиб, кейин яна ёпилган.​

Расман: 3 киши ов милтиғидан жароҳатланган

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидовнинг, 2 июнь куни Озодликка маълум қилишича, чегарадаги тўқнашувда 3 ўзбекистонлик ов милтиғидан жароҳатланган.

Матбуот котиби 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаи чегарада жойлашган Чашма қишлоғида икки давлат аҳолиси ўртасида чиққан можарода жами 187 ўзбекистонлик жароҳатланганини айтди.

(М. Обидов билан суҳбатни тез орада Озодликда тинглашингиз мумкин!)

Бунга қадар ўзбек-қирғиз чегарасидаги Чашма булоғи суви устида чиққан жанжалда қурол қўлланганига оид норасмий маълумотларга бирор расмий изоҳ берилмаганди.

Инцидент пайтида 13 ўзбекистонлик ўқ егани ҳақидаги маълумотни Озодлик Сўх тумани тиббиёт бирлашмасидаги бир неча тиббиёт ходимидан олган.

Озодликка ўқ еган айрим сўхликларнинг шахси, олинган жароҳатига оид аниқ маълумотлар келиб тушган.

Бундан ташқари, Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати 31 май кунги тўқнашувда жами 187 ўзбекистонлик жароҳатлангани, улардан 15 нафари оғир аҳволда бўлгани боис, вертолётларда вилоят шифохонасига олиб кетилганини маълум қилган.

15 киши айнан қандай жароҳат боис, санавиация воситасида тезкор ташилгани расман изоҳланмади. Аммо, Сўх туманидаги номи очиқланишини истамаган бир неча тиббиёт ходими бу 15 бемор орасида ўқ еган хасталар борлиги, уларнинг сони 13 нафар эканини айтган.

Сўхликлар Фарғона ҳокимидан норози

Тармоқларда сўхликларнинг Фарғона ҳокимидан норозилиги акс этган видеолар тарқалмоқда.

Шундай видеолардан бири 31 май куни Youtube тармоғига қўйилди ва кейинги 2 кун ичида қатор Telegram каналларида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Озодликда бу видеонинг ким томонидан қачон ва қаерда ёзиб олинганини тасдиқловчи расмий манбадан олинган маълумот йўқ.

Аммо, кадр ортидан туриб гапирган одам ва бу ҳодисага гувоҳ бўлганини билдирган бир неча сўхликка кўра, видеода қайд этилган ҳодиса 31 май куни Сўхнинг Чашма қишлоғида бўлган.

Видеодан кўринишича, бир кўчадаги хонадон олдига йиғилган юздан ортиқ норози киши Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг номини тилга олиб, бақир-чақир қилади.

Кадр ортидаги овоз эгаси ҳодисаларни тожик тилида шарҳлаб боради.

Унинг иддао қилишича, видеодаги ҳодиса давомида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Сўх тумани собиқ ҳокими Таваккал Раҳимовни халқ қисувга олган, уларни тошбўрон қилган.

Қуйида бу шарҳдан бир қисмининг ўзбекча сўзма-сўз таржимаси:

“Мана ҳарбийларни олиб келишди, булар Ғаниевни ҳимоя қилса керак-да. Ҳов анави ерда Ғаниев ўтирибди, ҳамма тош отяпти унга. Халқ аскарларнинг автоматини тортиб олиш даражасигача келди. Халқ ҳарбийларни тошбўрон қилиб қувди. Ҳов ана у ерда, дарвозанинг олдида Ғаниев жимгина томоша қилиб турибди. Бечора халқ сарсон.

Вазият борган сари таранглашяпти. Одамлар тоғора олиб чиқиб уришга борайлик, деб даъват қиляпти. Булоқнинг олдида вазият ёмон. Биздан олти одам ўқдан яраланди. Бу 31 май куни Чашма қишлоғида бўлган воқеа.

Мана ҳозир аввалги ҳоким Таваккал Раҳимовни халқ кўриб қолиб, уряпти. Лекин уни уришдан фойда йўқ. Ана Таваккал Раҳимовни халқ ўртага оляпти.

Сўхга 5 йилдан бери йўл ёпилган, халқ жуда қийналиб кетди. Ана Ғаниевни турткилаб, судраб олиб кетишяпти”.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов, 2 июнь куни Озодлик билан суҳбатда, 31 май куни Сўхда ҳоким Шуҳрат Ғаниев тошбўрон қилингани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

"Шуҳрат Ғаниев тошбўрон қилинмади", деди Обидов.

Унинг айтишича, тошбўрон қилинган мулозим шу куни Сўх туманига борган собиқ туман ҳоким Таваккал Раҳимовдир.

Президентнинг пайшанба куни Фарғонага бориши кутилмоқда

Ижтимоий тармоқлардаги қатор каналлар, жумладан Телеграм тармоғидаги Farg'onaliklar каналида президент Шавкат Мирзиёев шу ҳафтанинг пайшанба куни - 4 июнда Фарғонага вилоятига бориши ҳақида хабар пайдо бўлди.

Президент матбуот хизмати ҳозирча бу борада бирор хабар бермади.

1 июнь куни Сўхда аҳоли билан учрашган Бош вазир Абдулла Арипов шу ҳафта ичида президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага боришини маълум қилганди.

А. Арипов сўхликлар билан учрашувда, 1 июнь, 2020

Жанжалга сабаб бўлган булоқ ёнида дам олиш маскани қурилади

31 май кунги жанжалга сабаб бўлган Чашма қишлоғидаги булоқ атрофи панжара билан ўраб олиниб, унинг ҳудудида замонавий дам олиш маскани барпо этилади.

Бу ҳақда 1 июнь кунги Абдулла Ариповнинг Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Қубатбек Бўрўнов билан учрашуви пайти қарор берилган.

Келишувга мувофиқ яқин келажакда Чашма дам олиш маскани ташкил этилади.

Бу ҳақда хабар қилган Сўх туман ҳокимлиги қурилиш ишлари қачонга режаланганини очиқламаган.

Абдулла Арипов Чашма қишлоғида. 1 июнь, 2020 йил

Бош вазир Арипов Cўхдаги жанжалда яраланганларни бориб кўрди

1 июнь куни Бош вазир Абдулла Арипов Сўх жанжалида жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган сўхликлар ҳолидан хабар олди.

“Арипов Сўх тумани марказий шифохонасига бориб, беморлар ва жароҳат олганлар ҳолидан хабар олди. Оғир аҳволдаги яралаганларни вилоят марказий шифохоналарига етказиш учун санавиация хизмати туманга сафарбар этилди”, дейилади Сўх туман ҳокимлиги хабарида.

Ҳокимлик хабарига кўра, жанжал пайти жами 187 киши яраланган, улардан 15 нафари 1 июнь куни вертолёт орқали Фарғона вилоят марказий шифохонасига етказилган.

Бош вазир Абдулла Арипов Сўх жанжалида яраланганларни кўргани борган пайти.

Ўт қўйилган уйлар қайта тиклаб берилади

31 май кунги жанжал пайти Ўзбекистон ҳудудида ўт қўйилган уйлар сони аввал хабар қилинганидан битта кўп бўлиб, жами 3та уй ёнган.

Бу ҳақда хабар қилган Сўх туман ҳокимлиги Ахборот хизматига кўра, Абдулла Арипов ўт қўйилган уйларни қайта тиклаб беришига ваъда берган:

“Зарар кӯрган оилалар хонадонларини қисқа муддатда тиклаб берамиз”, деган Абдулла Арипов.

Фарғона ҳуқуқ-тартибот идоралари ёнган уйлардан иккитаси ҳақида Озодликка хабар берди:

"Уйлардан бирининг 90 квадрат/метр ҳудуди, иккинчи уйнинг 40 квадрат/метри ёниб кетган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, ўтни ўчиришган. Уй ичидаги жиҳозларнинг деярли ҳаммаси ёниб кетган. Иккита уйда ҳам хонадон эгаларига ҳеч нарса қилмаган, болалар ҳам ёнғиндан зарар кўрмаган, ҳаммаси омон қолган. Кўрилган зарарнинг умумий миқдори ҳали маълум эмас. Вилоят раҳбарлари ҳаммаси бугун ўша жойда”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган ҳуқуқ-тартибот идораси мулозими.​

Сўхдаги жанжал пайти ўт қўйилган уйлардан бири.

Сўх тумани ҳокимлиги: 187 киши жароҳатланган

Сух тумани марказий шифохонаси бош ҳакими ӯринбосарининг маълумотига кӯра, чегарада жабр кӯрганларнингг умумий сони 187нафарни ташкил этади.

Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабар қилишича, вертолёт орқали 15 нафар бемор вилоятнинг шифохоналарига етказилган.

Булардан 5 нафари жонлантириш бӯлимидан олиб борилган ва ҳозирда аҳволи яхши.

Шунингдек, туман ҳокимлиги Ахборот хизмати Бош вазир Абдулла Ариповнинг туманга сафари ва аҳоли билан учрашуви тафсилотларини ҳам батафсил баён қилди.

Бош вазир А. Арипов сўхликлар билан учрашмоқда, 1 июнь, 2020

Мирзиёев билан Жээнбеков Сўх можаросини телефон орқали муҳокама қилди

1 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков билан Сўхдаги жанжал борасида гаплашди.

Бу ҳақда хабар қилган Рresident.uz сайтига кўра, “икки давлат раҳбарлари “Чашма” чегараолди ҳудудида рўй берган ҳодиса билан боғлиқ масалаларни батафсил кўриб чиқиб, бундай вазият бошқа такрорланмаслиги учун мукаммал чоралар қабул қилиш муҳим эканини таъкидладилар".

Ушбу суҳбатдан бироз аввал Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Қубатбек Бўрўнов учрашиб, ​"эскалациясига йўл қўймаслик" ҳақида келишувга эришганди. Икки президент суҳбати давомида ҳукумат делегациялари ўтказган ушбу музокараларнинг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилган.

Телефон мулоқотида Ўзбекистон ва Қирғизистон Ҳукуматлараро қўшма комиссияси ҳамда Чегарадош вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисларини ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланган.

«Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида янада мустаҳкамлашда қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқладилар”, дейилади расмий хабарда.

Сўхликлар Арипов билан учрашув пайти Ғаниевнинг истеъфосини талаб қилди

1 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов сўхликлар билан учрашди.

Чашма қишлоғидаги мактаблардан бирининг яқинида ўтказилган учрашувнинг бир қисми акс этган видеода ўнлаб одамлар ўртасида ниманингдир устига чиқиб, микрофонда гапираётган Абдулла Арипов акс этган.

Видео аввалида Арипов кимнидир "Яйловлар бўйича назорат кенгашининг раиси" этиб тайинлайди, йиғилганларнинг аксари буни қўллаб, қарсак чалади.

Видео узоқдан олингани сабаб “Яйловлар раиси”нинг кимлиги кўринмайди, фақат овози эшитилади. У Ариповга ўз миннатдорчилигини билдириб, “Мен керак бўлса, президентнинг патинкасини ялайман. Бунақа президентни бизга Худонинг ўзи берди”, дейди. Йиғилганлар яна қарсак чалиб, уни қўллашади.

Айни пайтда видеода ўнлаб одам “Ғаниев кетсин” дея қичқиради. Бу чақириқ 3:50 дақиқалик видео давомида бир неча бор эшитилади.

“Яйловлар раиси”дан кейин сўз берилган сўхлик ҳам аҳоли муаммоларини бирма-бир тилга олар экан, халқнинг маҳаллий ҳокимиятга ишончи қолмаганини, уни алмаштириш лозимлигини айтади. Буни йиғилганларнинг деярли барчаси қўллаб, қарсак чалади.

Сўх тумани шифохонасига 200 жароҳатланган киши келтирилди

Сўх тумани тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, 31 май оқшомигача шифохонага 200 жароҳатланган одам келтирилган.

Булардан 13 нафари ўқдан жароҳатланган эркаклардир. Улардан камида 3 нафарининг аҳволи оғирлиги боис, вилоят шифохонасига жўнатилган.

Яна 187 киши бошқа жароҳатлар билан келтирилган:

“Биздаги сўнгги рақамга кўра, 13 та ўқ еганганлар, 187 та жароҳатланганлар. Ҳозир шифохонани ҳарбийлар қўриқлаяпти. Беморлар келиши тўхтаган”, деди тиббиёт бирлашмасида ташкил қилинган штаб ходими.

Сўхлик шифокорлардан бирига кўра, ўқ еганлар орасида оғир жароҳат олганлар бор:

"Бир бемор 3 та ўқ еган, пистолетдан. Оёғига, бўйнига ва жинсий азосига ўқ еган. 2001 йилда туғилган М.С.С. Ўқ бир томонидан кириб нариги томонидан чиққан. Аҳволи ўрта оғир, кўп қон йўқотган. Иккинчи бемор Т. Д. 1991 йилда туғилган. Демурсад қишлоғидан, уям ўқ еган".

Озодликка йўлланган видеоларда 31 май куни шифохонага бирин-кетин келиб кетаётган Тез ёрдам машиналари ва шифохона коридорида югуриб юрган тиббиёт ходимлари кўринади.

Бундан ташқари, видеода кўринган шифохона йўлакларида қон изига ўхшаш қизил доғлар акс этган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Сўх туман тиббиëт бирлашмасидаги 31 май кунги вазият

Шифокор ва туман тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, туманда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, шифохонага тумандаги қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларидан тиббиёт ходимлари жалб қилинган.​

Сўх тумани ИИБ “Чашма” қишлоғидаги ҳодисада жароҳатланганлар туман шифохонасига жойлаштирилганини тасдиқлади. ИИБдан олинган маълумотга кўра, 1 июнга келиб вазият тўлиқ назоратга олинган ва туманда тинчлик ҳукм сурмоқда.

Туман ИИБ жароҳатланганлар сони бўйича Фарғона вилояти ИИБдан маълумот олиш мумкинлигини билдирди. Вилоят ИИБдан эса ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва ДХХ Чегара қўшинлари ҳозирча жароҳатланганлар сони ҳақида ҳануз якуний расмий маълумот бермади.

Чашма қишлоғида чиққан жанжал пайти расмийлардан бири тошбўрон қилинди

Озодликка воқеа жойидан келган видеода жанжал пайти оломон томонидан тошбўрон қилинаётган бир шахснинг ҳарбийлар томонидан ҳимоя қилинаётгани акс этган.

Видео аввалида ўнлаб одамнинг ҳашаматли бир уй олдига тўпланиб тургани кўринади. Видеога олаётган киши тасвирни воқеа жойига яқинлаштирганида одамлар тўладан келган, кўк кўйлак кийган бир эркакни тошбўрон қилаётгани акс этади.

Видео давомида қалқон билан қуролланган ўндан зиёд ҳарбий кўк кўйлакли эркакни ҳимоя қилиб, уни оломондан узоқлаштиради. Кўк кўйлакли эркак бошини ушлаб олиб, узоқ вақт уни қўйиб юбормайди. Шундан унинг бошига тош текканини тахмин қилиш мумкин.

Видеонинг иккинчи қисмида кўк кўйлакли эркак бошига ҳарбийлар каскасини кийгани ва уни ҳимоя қилаётган ҳарбийлар сони ҳам бир неча баробар кўпайгани кўринади.

Одамлар ҳануз кўк кўйлакли одамга тош отиб, бақириб-чақираётгани эшитилади. Шовқин сабаб одамларнинг нима деятгани англашилмади.

Кўк кўйлакли эркак юзига тиббий ниқоб таққани сабаб унинг кимлигини таниш қийин.

Видеони Озодликка йўллаган сўхлик, кўк кўйлакли эркакнинг Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эканини иддао қилди. Видеонинг ўзига ёзилиб қолган овоз эгаси ҳам "Фарғонанинг ҳокими" деган. Бироқ Озодликда бунга расмий тасдиқ йўқ.

Озодлик 1 июнь куни Фарғона вилоят ҳокимлигидан ва вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан ушбу видеодаги воқеа бўйича бирор изоҳ ололмади.

Айни пайтда Шуҳрат Ғаниев 1 июнь куни ўзбек-қирғиз чегарасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокидаги икки мамлакат расмийлари учрашувида иштирок этгани маълум бўлди.

Учрашув пайти олинган суратда Ғаниевнинг Абдулла Арипов ёнида ўтиргани акс этган.

Ўзбек ва қирғиз мулозимларининг чегара масканидаги сўзлашуви, 2020 йил, 1 июнь..

ТИВ Сўхдаги можарони “маҳаллий даражадаги ҳодиса” деб атади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек-қирғиз чегарасининг “Чашма” участкасида юз берган можарога “маҳаллий даражадаги ҳодиса”, дея баҳо берди. Бу ҳақда вазирликнинг ўз Телеграм-канали орқали 1 июнь куни ёйинлаган хабарномасида айтилади.

Вазирлик қайдича, 2020 йил 31 май куни содир бўлган “воқеа сабабларини икки томон расмий шахслари ўрганиши шуни кўрсатдики, “Чашма” булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув натижасида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққан”.

Ҳодиса натижасида икки томондан ҳам жабрланганлар борлигини эътироф этган ТИВ уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилганини қўшимча қилади.

Хабарномада икки мамлакатнинг чегарадош вилоятлари раҳбарларининг музокаралари натижасида вазият тўлиқ назоратга олингани, томонлар бундан кейин олдиндан келишувсиз тозалаш ишларини олиб бормасликка келишиб олгани урғуланади.

“Чашма” булоғи Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлайди. Ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида келишув мавжуд”, дейилади ТИВ хабарномасида.​

Ўзбек мулозими: 2та уй ёнди, хонадон эгаларининг ҳаммаси омон қолди

Фарғона ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ўзбек- қирғиз чегарасидаги Чашма қишлоғида қирғизистонликлар билан келиб чиққан жанжал пайти Ўзбекистон томонидаги 2та уйга ўт қўйилган.

“Уйлардан бирининг 90 квадрат/метр ҳудуди, иккинчи уйнинг 40 квадрат/метри ёниб кетган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, ўтни ўчиришган. Уй ичидаги жиҳозларнинг деярли ҳаммаси ёниб кетган. Иккита уйда ҳам хонадон эгаларига ҳеч нарса қилмаган, болалар ҳам ёнғиндан зарар кўрмаган, ҳаммаси омон қолган. Кўрилган зарарнинг умумий миқдори ҳали маълум эмас. Вилоят раҳбарлари ҳаммаси бугун ўша жойда”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган ҳуқуқ-тартибот идораси мулозими.​

Чашма қишлоғидаги можаро пайти, 31 май, 2020 йил

Ҳукумат раҳбарлари чегарадаги зиддият "эскалациясига йўл қўймаслик" ҳақида келишувга эришди

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати икки давлат чегарасида юз берган можаро юзасидан биргаликда текширув ўтказади.

Бу ҳақдаги келишувга 1 июнь куни Боткен вилоятидаги “Чечме” назорат-ўтказиш масканида (Ўзбекистон томони "Чашма" НЎП) учрашган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Қубатбек Бўрўнов ўртасида эришилган.

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, Арипов ва Бўрўнов “ҳодиса юзасидан таассуф билдиришиб, вазиятни изга солиш учун биргаликда чора кўриш, эскалацияга йўл қўймаслик ва чегараолди ҳудудидаги тарангликни кетказиш бўйича фикрларини билдиришган”.

Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани турғунлари орасида 31 май куни жанжал юз бериб, икки мамлакат фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилганилари ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Якшанба куни юз берган можаро чоғида ўнлаб одам жароҳатлангани айтилган.

Чашма қишлоғидаги жанжал пайти яраланганлардан бири. 31 май, 2020 йил.

Абдулла Арипов Боткен вилоятининг Қадамжой шаҳрига борди

Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Кубатбек Бўрўнов учрашиб, Чашма қишлоғида булоқ устида содир этилган жанжални муҳокама қилади.

Қирғизистон ҳукуматининг 1 июнда билдиришича, Абдулла Арипов билан учрашиш учун Кубатбек Бўрўнов Боткен вилоятининг Қадамжой шаҳрига борган. Ҳозирча учрашув қачон ўтиши номаълум.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча бу борада расмий билдирув тарқатмади.

Қирғизистон ҳукматининг билдиришича, ҳозирда жанжал бўлган ҳудуддаги вазият барқарорлаштирилди. Қирғиз томони чегарада хавфсизлик чораларини кучайтирди.

Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги вазиятни икки давлат ҳамкорликда назорат қилади

Бу борада 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳаллий ҳокимиятлари расмийлари учрашувида қарор қабул қилинди.

Музокарада Ўзбекистон томонидан Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Сўх туман ҳокими иштирок этган. Қирғизистон томонидан эса ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги мухтор вакилининг биринчи ўринбосари Жаркинбай Максутов ва Қадамжой тумани ҳокими қатнашган.

Қадамжой тумани ҳокими Алгинбай Имаровнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига айтишича, учрашувда томонлар чегарадаги вазиятни ҳамкорликда барқарорлаштириш масаласини муҳокама қилган. Шу мақсадда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ҳамкорлиги режаси ишлаб чиқилган.

Чашмадаги жанжалда жароҳатланган икки қирғизистонликнинг аҳволи оғир

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 июнь куни Ўзбекистоннинг Сўх вилояти Чашма қишлоғидаги чегара ҳудудида чиққан жанжал оқибатида жароҳатланган 25 нафар фуқаро Ҳайдаркон шаҳар касалхонасига олиб келинганини билдирди.

Касалхонага олиб келинган қирғизистонликларнинг 4 нафари касалхонага ётқизилган, жарроҳлик амалиётидан сўнг улардан икки нафарининг аҳволи оғир. Қолганларга тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйларига қайтишга рухсат берилган.

Аввалроқ Озодликка можаро ҳақида хабар берган сўхликлардан бири жанжал оқибатида 16 нафар ўзбекистонлик турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилганини билдирган эди. Аммо Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача бу маълумотни расман тасдиқламади ва рад ҳам этмади.

Сўхлик: 16 киши жароҳатланди

Озодликка хабар қилган сўхликлардан бирининг айтишича, можаро 31 май куни тушга яқин Чашма булоғининг суви устида чиққан.

Сўнгра икки томон бир-бирини тошбўрон қила бошлаган.

"Сўхликлар булоқдан сув оламиз, деб борганда жанжал чиққан. Қирғизистон томондагилар ҳозир сувни биз оламиз, деб туриб олган. Жанжаллашиб кетишган, бир-бирини тошбўрон қилишган. Анча одам жароҳатланди. 16 киши шифохонага тушди, деб айтишди. Бу сафарги жанжал жуда катта бўлди", деди исмини сир сақлаган сўхлик.

Сўхликлар Ўзбекистон томонига йиғилган ўнлаб одам чегаранинг у тарафига тош, кесак улоқтираётгани акс этган видеоларни Озодликка йўллади.

Мухбир: 3 та уй ёнди

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг воқеа жойидаги мухбири хабар қилишича, 31 май маҳаллий вақт билан кечки соат 19:30да ҳам чегаранинг икки тарафига йиғилган одамлар тарқалмаган, бир-бирига тош отишлар давом этган:

"Милиция ходимлари одамларни тўхтатишга ҳаракат қилмоқда, лекин бўлмаяпти. Қурол қўлланмади, лекин томонлар бир-бирига тош отмоқда. Одамлар боши, қўли ва оёқларидан жароҳат олган. Уларга тиббиёт ходимлари ёрдам бермоқда. Мен уч жойда ёнғин кўряпман - Ўзбекистон томонида 2 та, Қирғизистон томонидан 1 та уй ёнмоқда", деб хабар қилди қирғиз хизмати мухбири.

Чегарадаги низода жароҳатлатганлардан бири, 31 май, 2020

Ўзбекистон ДХХ: вазият тўлиқ назоратга олинди

Ҳар икки томондан ҳам ҳодисада жароҳат олганлар бор. Аммо, жароҳатланганлар аниқ сони ҳақида икки томон давлат идоралари аниқ маълумот бермаётир.

ДХХ Чегара қўшинларининг Телеграмдаги расмий каналида, ушбу зиддият бўйича баёнот берилди.

Баёнотга кўра, ушбу ҳудуддаги вазият тўлиқ назоратга олинган. Икки давлатнинг чегараолди маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари воқеа жойида учрашган.

"Можаронинг сабаб ва оқибатларини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда", дейилади расмий баёнотда.

Тармоқларда Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг Сўхга етиб боргани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо, Фарғона вилояти ва Сўх тумани ҳокимлик идораларидан бу борада ҳозирча бирор расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Қирғизистон мулозими: бу - баҳсли ҳудуд

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Акрам Мадумаров жанжалга "Чашма" булоғи суви сабаб бўлгани ва икки тараф бир-бирини тошбўрон қилганини тасдиқлади.

"Ҳар йили икки тараф аҳолиси шу булоқни бирга тозалайди. Номаълум сабабларга кўра, бу йил томонлар ўртасида даҳанаки жанжал чиққан. Ҳозир маҳаллий ҳокимият вакиллари воқеа жойида", деди мулозим Озодлик радиоси қирғиз хизматига.

Унинг айтишича, тошбўронда жароҳатланганлар ҳақида аниқ маълумот йўқ:

"Жароҳатланганлар ҳақида менда аниқ маълумот йўқ. Маҳаллий ҳокимият вакиллари музокара олиб бормоқда. Бу - баҳсли ҳудуд, булоқдан икки тараф ҳам фойдаланади, шунинг учун можаро кўп чиқади. Лекин, вазият кескинлашишига йўл қўймаймиз".

Чегаранинг 5 фоизи ҳануз баҳсли

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара чизиғининг умумий узунлиги 1379 км.ни ташкил қилади. Бу чегаранинг 5% қисми томонлар ўртасида ҳануз баҳсли бўлиб қолмоқда. Шу боис, Сўхда ҳам сув ва ер устида тез-тез можаролар содир бўлиши кузатилади.

1 май куни бу ҳудудда мол боқиладиган майдонлар устида жанжал чиққан, натижада қирғизистонлик чегарачилар огоҳлантирувчи ўқ узганди.

Мавзуга алоқадор Сўхда яйлов ва сув устида жанжал юзага чиқди; қирғиз чегарачилари ўқ узди¸ талафотлар йўқ

"Чашма" суви йиллардан буён жанжалли бўлиб қолмоқда

Сўх ва Боткен тумани аҳолиси ўртасида бунга қадар ҳам бир неча йиллар мобайнида “сув уруш”лари бўлиб келган.

Айнан Ўзбекистоннинг Чашма ва Қирғизистоннинг Бирлик қишлоқлари ўртасидаги сув жанжали йиллаб давом этган.