Ўзига ўт қўйган ўқитувчи шифохонадан прокуратура ҳайдаб чиқарганини иддао қилди

Аҳмад Ниёзимбетов икки кун аввал Тўрткўл туман шифохонасида.

Уйини бузишга келган ҳокимлик вакилларига норозилик сифатида ўзига ўт қўйиб, томдан сакраган ва олган жароҳатлари сабаб шифохонада даволатаётган Аҳмад Ниёзимбетов касалхонадан ҳайдаб чиқарилди. Аҳмаднинг Озодликка айтишича, Тўрткўл туман прокуратураси вакиллари шифохона раҳбариятидан уни чиқариб юборишни талаб қилган.

Шифохонадан ҳайдалган Аҳмад

Аҳмад Ниёзимбетовнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, 28 сентябрь куни Тўрткўл туман прокуратураси вакиллари уни шифохонадан ҳайдаб чиқарган:

- Мени больницадан ҳайдаб чиқаришди. “Қолган лечениени уйингда олсанг ҳам бўлади”, деб ҳайдаб чиқаришди. Лекин мен уйимда ётиб лечение олиб, даволанишга имкониятим, шароитим йўқ, дедим. Шунга қарамасдан менга кўчага чиқ деб айтишди. Мени олдимга Тўрткўл тумани прокурори ёрдамчиси, ёнида бир нечта кишилар билан главврач, докторлар келишди. “Чиқиб кет деб 3 кун олдин айтганман”, деди бош шифокор. Мен айтдим, “қўлларим борку ҳали” десам, “уйингда даволансанг ҳам бўлади”, деб чиқариб юборишди. Прокурор ўринбосари главврачдан “Бу ердан чиқмаса, сиз қандай чора кўрасиз”, деб сўради. Шундан кейин кўчага нарсаларимни отиб юборишганидан кўра, ўзим чиқай деб, чиқиб кетдим, - дейди Аҳмад Ниёзимбетов.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзига ўт қўйган Аҳмад шифохонадан ҳайдалди

Аҳмад Ниёзимбетовнинг шифохонадан ҳайдалаши борасида изоҳ сўраб, Тўрткўл туман прокуратурасига қўнғироқ қилдик. Ўзини прокуратура ходими деб таништирган йигит "бу борада телефон орақали маълумот берилмаслигини" айтиш билан чекланди.

Ўзини ёқиб, тирик қолган Аҳмад

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Уллибоғ қишлоғида яшовчи 29 яшар Аҳмад Ниёзимбетов 19 сентябрь куни уйини бузишга келган ҳокимлик вакилларига норозилик билдириб, ўзига ўт қўйган ва уйининг томидан сакраган эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Тўрткўллик ўқитувчи ўзини ëқиб юборишга уринди

Аҳмад ўша куни Тўрткўл туман марказий шифохонасига етказилган. Ўн кундирки, у шифохонанинг травматология бўлимида даволанаётган эди.

Аҳмад жиддий шикастланмаган

28 сентябрь куни шифохона мулозимлари билан боғланиш имкони бўлмади. Икки кун аввал шифокор Элёр Аҳмедов Аҳмаднинг ҳозирда аҳволи яхши эканлигини айтган:

- Унинг сон соҳасида 1,5-2 фоиз ёнган. Оёғининг юмшоқ тўқималари лат еган. Синган-чиққан жойи йўқ лекин, -деган эди Элёр Аҳмедов 26 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Лекин Ниёзимбетовнинг айтишича, иккала оёғида ҳали ҳам оғриқ бор, куйган жойлари битишни бошлаган. "Ҳозир отамнинг уйида ётибман. Даволанишга имкониятим, шароитим йўқ", деди Озодликка Аҳмад 28 сентябрь куни.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Шифокор Элёр Аҳмедов: Аҳмад жиддий шикастланмаган

Аҳмад Ниёзимбетов икки кун аввал Тўрткўл туман шифохонасида.

Аҳмад: Мен орган ва ҳокимликдан қўрқаман

28 сентябрь куни Тўрткўл туман прокуратураси ходимлари Аҳмад Ниёзимбетовни прокуратурага олиб бориб, ўзига ўт қўйгани борасида тушунтириш хати олган.

- Тўрткўл туман прокуратураси шу пайтгача ўрганганида, бундан бир йил аввал ўрганар эди. Мен бир йилдан буён шу можаро бўйича юрибман. Бормаган ерларим қолмади. Тўрткўлда органда, ҳокимиятда уларга қарши чиққан одамни ер билан яксон қилиб ташлайди булар. Буларнинг қўлидан ҳар бало келади. Жуда бўлмаганда мени ўзимни ноҳақ туҳмат қилиб, қамаб юбориш ҳам келади. Ўзимга қарши жазо қўллаши ҳам мумкин. Асоссиз айб қўйиб, қамаб юбориши мумкин. Менинг орқамда ҳеч кимим йўқ, дейди Ниёзимбетов.

Ҳозирда Аҳмад отасининг уйида даволанишни давом эттираяпти. Унинг айтишича, уйини бузиш масаласи ҳозирча тўхтатилган.

Аҳмад: Уйим қонуний, ҳужжатларим бор

Аҳмад икки қизнинг отаси. Ҳозирда рафиқаси тўққиз ойлик ҳомиладор. Урганч давлат университетининг “жисмоний тарбия” факультетини тамомлаган, олий маълумотли Аҳмад Ниёзимбетов иш йўқлиги сабаб мардикорлик қилиб оиласини боқаётганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, ҳокимлик ноқонуний деяётган уйни ўзи укалари билан биргаликда қуриб битказган ва қўлида уйга тегишли ҳамма ҳужжатлари бор:

- Отам Ниёзимбетов Ботирнинг номига суд қарори чиққанмиш. “Ноқонуний уй қурган” деган қарор. Шу қарор бўйича булар менинг уйимни бузмоқчи. Лекин бу уй меники, отамники эмас. Уй ўзимнинг номимда. Уй бўйича кадастр ҳужжатларим, аукционда ютиб олган ҳужжатларим бор. Қўшимча 4 сотих ер майдони бор, унинг ҳам кадастр ҳужжати бор, ҳаммасининг солиқларини тўлаб ўтирибман,- дейди Ниёзимбетов.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзига ўт қўйган тўрткўллик йигит билан суҳбат

​Ҳокимлик: Аҳмаднинг уйи ноқонуний қурилган

Тўрткўл тумани ҳокимининг ўринбосари Азимбай Сапаевнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Аҳмад Ниёзимбетовнинг уйи қонуний қурилгани суд орқали тасдиқланган:

- Унинг кадастр ҳужжатлари бўлгани билан, кимлардир уни олдин ноқонуний берганда. Ҳужжатлари судга берилган, суд қарор чиқарган. Ўша пайтда у ҳужжатлар ноқонуний берилган. Қарорлар аслига тўғри деб берилган, лекин қарорнинг основанияси йўқ. Ҳеч қаерда регистрацияда йўқ. Олдинги бўлган ҳокимлар пулини олиб, қўл қўйиб бериб юборган,- дейди Сапаев.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ҳокимлик: Аҳмаднинг уйи ноқонуний қурилган

Тўрткўлда жами 500 одамнинг уйи бузилади

Тўрткўл ҳокими ўринбосари Азимбой Сапаевнинг айтишича, Тўрткўлда битта Аҳмад эмас, жами 500 кишининг уйи ноқонуний қурилгани сабаб бузиб ташланади:

- Бир уники эмас, кўпчиликники бузилади. 500га яқин уй. Ҳаммаси буйича суд қарори бор. Ҳозир суд ижроси бошланаяпти,- деди Азимбой Сапаев.

Сапаевга кўра, уйи ноқонуний деб топилган тўрткўлликлар олдинги ҳоким устидан шикоят қилмагани боис, ҳозирча фақат уй эгалари жазоланмоқда.