30 мартдан Тошкент шаҳридаги халқ таълими бўлимлари мактаб ўқитувчиларига мажбуран пиёз сотишни бошлади. Мутасаддиларга кўра, шаҳар ҳокимлиги захирасидаги пиёз кўкариб¸ чирий бошлагани боис бозорда ўтмаганидан уни ўқитувчиларга сотиш йўлга қўйилган.
“Чириган пиёзни олдик”
Яккасарой тумани мактабларидан бири ўқитувчисининг Озодликка айтишича, кўкариб кетган пиёз ўқитувчиларга 10 килодан мажбурлаб сотилган.
“30 март куни бизнинг мактабга бир тоннадан зиёд пиёз беришди. Ўқитувчиларга шу пиёз 10 килодан бўлиб берилди. Ойлигимиз пластик картада бўлгани ҳолда¸ нақд пулда тўладик. Бир кило пиёзни 1000 сўмдан сотишди. Пиёзларнинг ҳаммаси кўкариб кетган. Овқатга ишлатишга умуман яроқсиз. Бу пиёзларни фақат экиш мумкин. Лекин домда яшасак, қаерга экамиз? Бу савол ҳеч кимни қизиқтирмади. Шу пулга бозордан сара пиёз харид қилиш мумкин. Бозорда ҳам пиёз 600-1200 сўмдан сотилаяпти”, деди исмини очиқламасликни сўраган ўқитувчи йигит.
Шу туманда яшовчи яна бир ўқитувчининг айтишича, чириган пиëзни олишни истамаганлардан ҳам пиёз пули ундирилган.
“Пиёзни чиригани учун олишни истамаган ўқитувчилардан ҳам “Элга келган тўй” деб, барибир пиёзнинг пулини олишди. Директор “чўнтагимдан тўламайман, сизлар учун, ким пиёзни уйига олиб кетишни хоҳламаса, пулини берсин” деди. Пули тўланиб, ташлаб кетилган пиёзлар фаррошларга бўлиб берилди”, деди яккасаройлик бошқа бир ўқитувчи.
Мактаб директори: Биз топшириқни бажараяпмиз
Яккасарой туманидаги мактаблардан бирининг директори Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, туман Халқ таълими бўлими томонидан 1500 кило пиёз берилгани ва уни зудлик билан ўқитувчиларга сотиш борасида топшириқ олганини маълум қилди.
“Пиёзни РайОнодан ўзимиз машина топиб бориб олиб келдик. РайОно ҳовлисига тонналаб тўкиб қўйишган. Ҳар бир мактабнинг катта- кичиклигига қараб, бўлиб беришди. Ўқитувчилар директорни ёмон кўраяпти. Лекин бу директорнинг ташаббуси эмаску! Бизга РайОнодан топширишди. Қандай бажармаймиз? Ҳозир берилган пиёзни сотиб бўлдик. Лекин яна берилади дейишди”, дейди исмини очиқламасликни сўраган мактаб директори.
Халқ таълими бўлими: Пиёзнинг иккинчи партияси келди!
Яккасарой туман Халқ таълими бўлимидан олинган маълумотга кўра, 3 апрель куни мактабларга тарқатиш учун яна 3 тонна пиёз олиб келинган.
“Биринчи партиясида 2 тонна 902 кило пиёз келганди. Уни тарқатиб бўлдик. Ҳозир яна 3 тонна пиёз келди. Бизга туман ҳокимлигидан топшириқ бўлди. Биз ҳам топшириқни бажараяпмиз. Бу битта бизнинг туманда эмас, пойтахт бўйича ҳамма туманлар пиёз тарқатаяпти”, деди Озодлик мухбири 3 апрель куни куннинг иккинчи ярмида гаплашган Яккасарой туман Халқ таълими бўлими ходими.
"Ҳокимлик пиëзни бюджет ташкилотларига тарқатиб¸ захира омборини тозаламоқчи!"
Пойтахтдаги туман ҳокимликларидан олинган маълумотга кўра, ўқитувчиларга мажбурий тарқатилаётган пиёз шаҳар ҳокимлиги захирасидаги пиёзлар бўлиб, улар шаҳар ҳокимининг оғзаки буйруғи билан мактабларга тарқатилаяпти.
Шаҳар ҳокимлигида ўтган йиғилишларидан бирида қатнашган тошкентлик тадбиркорга кўра, ҳокимлик захирасидаги пиёзни нафақат ўқитувчилар¸ балки бошқа бюджет ташкилотларига ҳам тарқатиш ҳақида буюрилган:
"Пиёз масаласи ўзи февраль ойидаги йиғилишлардан бошланди. Шаҳар ҳокими ўша пайтда захирадаги пиёзни Тошкентдаги бозорларда сотиш ҳақида топшириқ берганди. Бозорларда ўзи пиёз кўплиги боис шаҳар ҳокимлигининг пиёзи ўтмади. Чунки бозор нархидан қимматроқ сотишди. Шундан кейин март ойининг ўртасидан бошлаб, бюджет ташкилотларига тарқатиш ҳақида буюрди. Ҳозир мактаблардан ташқари касалхона ва боғчаларга ҳам пиёз тарқатиш бошланади. Ҳоким буни қаттиқ топширди" деди тошкентлик тадбиркор.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида президент Мирзиёев топшириғи билан 2018 йилнинг қиш-баҳор мавсуми учун 330 минг тонна озиқ-овқат захираси тайёрлаш лозимлиги айтилиб, бу вазифа “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси зиммасига юклатилган эди.
“Ўзбекозиқовқатзахира”нинг 3 апрель куни Озодлик боғланган мулозими президент топширган захирадаги озиқ-овқат бу маҳсулотларнинг йил давомида шаҳардаги ярмаркаларда сотилганини билдирди.
“Биз бозорларда ярмарка ташкил қилиб, ўша ерда сотаяпмиз. Ўқитувчиларга сотилаётган пиёзлар шаҳар ҳокимлиги захирасидаги пиёзлардир. Чунки улар ҳам алоҳида ўзлари озиқ-овқатни захирага ғамлайди. Ҳозир шу пиёзларни тарқатишаяпти. Ўзи ўтган йили пиёз ҳосили жуда мўл бўлган эди”, деди “Ўзбекозиқовқатзахира” расмийси.
Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси ва шаҳар ҳокимлигининг Озодлик бошланган расмийлари ўқитувчиларга мажбурий пиёз сотилаётгани ҳақидаги маълумотларга муносабат билдиришни истамади.
Ўтган ой вилоятларда ҳам маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ўқитувчи ва шифокорларни эски пиёзни бозор нархидан қимматга сотиб олишга мажбурлаш ҳолатлари кузатилди.