Шу йилнинг 5 февраль куни Пекиндаги Қишки олимпиада ўйинлари расмий очилиш маросимида қатнашган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбари Си Цзинпин билан савдо-иқтисодий алоқаларга доир беш йиллик ҳамкорлик дастурини имзолади.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ва Хитойнинг Синхуа агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон Хитойнинг камбағаллик ва коррупцияга қарши кураш тажрибасини ўрганиш ва жорий қилишни режаламоқда.
"Хитой модели"
Хитой 2021 йил якунларига қадар Ўзбекистоннинг биринчи йирик савдо ҳамкори эди. Ўтган йили Россия охирги уч йилда биринчи марта ташқи савдо кўрсаткичлари бўйича Хитойдан ўзиб кетган.
Айни пайтда Пекин билан товар айирбошлаш 2021 йил якунига кўра рекорд кўрсаткичга етгани айтилади. Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган жами инвестициялар ҳажми 9 миллиард долларни ташкил этган.
Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш борасида Хитой билан ҳамкорлик қилиш режаси ҳақида илк бор 2020 йил сентябрида гапирилган.
“Камбағалликни қисқартириш юзасидан ҳамкорликни кенгайтириш” мавзусидаги халқаро видеоконференцияда камбағалликни қисқартириш соҳасида Хитой тажрибасини ўрганиш мақсадида вазирликлар ва идоралар ходимлари учун хизмат сафарларини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинганди.
Ўзбекистон ҳукумати хитойликларнинг бу соҳадаги малакасини ўрганиш мақсадида ҳатто маслаҳатчи-экспертни таклиф қилишини билдирган.
Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги камбағалликни расман 2016 йилда, Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг тан олган. Бунга қадар камбағаллик расмий статистикада акс этмаган, аммо Жаҳон Банки ҳисоб-китобларига кўра, 2016 йил сентябрь ҳолатига мамлакат аҳолисининг 13.7 фоизи камбағаллик даражасидан паст яшаб келган. Бу кўрсаткич 2001 йилдаги 30 фоизни ташкил этган.
2020 йил августида имзоланган президентнинг “Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Республика аҳолисининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллион киши камбағаллик даражасида кун кечираётгани айтилган.
Мавзуга алоқадор Хитой пандемия босими остида "Бир макон-бир йўл"нинг янги даврига тайёрланмоқда“Хитой орзуси” ёки "ўрта фаровон жамият"
Охирги йигирма йилда Хитой "ўрта фаровон жамият"ни (Сяоканг жамияти) қуришга катта куч ва маблағ сарфлади.
Си Цзинпин томонидан “Хитой орзуси” деб номланган бу сиёсат режасига кўра, мамлакатда қашшоқликка қарши курашишда қишлоқ аҳолисига манзилли ёрдам кўрсатиш алоҳида ўрин тутади.
Ҳар йили ҳар бир хитойликка давлат томонидан уй шароитларини яхшилаш, сув-свет ўказиш учун 100 минг юань бериб турилиши қонунан белгиланди. Шунингдек, қишлоқ аҳолисининг камбағал қатламига кооперативларга ўхшаш бирлашмаларни тузиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши, ҳукумат эса одамларга соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий муҳофаза ва бошқа қатор мажбуриятларни таъминлаб беришни ўз зиммасига олди.
Расмий маълумотларга кўра, жадал суръатлар билан ривожланиш қарийб 1,5 миллиардли Хитойда аҳоли қашшоқлигини 8 фоизгача камайтиришга имкон берган. Бу мамлакатни бошқариб келаётган коммунистлар 2022 йилда қашшоқликни буткул тугатишга ваъда ҳам берган.
Москвадаги Карнеги маркази консультанти, хитойшунос эксперт Темур Умаров камбағаллик ва коррупцияга қарши курашда Ўзбекистон ва Хитойнинг ривожланиш тарихидаги ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олиниши кераклигини айтади.
- Мирзиёев бир неча маротаба Хитойнинг камбағалликка қарши курашдаги тажрибаси муҳимлигини таъкидлаган. Бошқа томондан, ўзбек ҳукумати Хитойдан нусха кўчириб, Ўзбекистоннинг ўзида тараққиёт моделини самарали жорий этади, деган фикрдан ҳам йироқман. Бунинг иложи йўқ. Хитойда вазият бироз бошқача бўлган. Хитойнинг аҳолиси катталиги, давлат тузилиши ва бошқаруви ўзгачалиги, иқтисодиёт мутлақо бошқа механизмлар билан ишлаши, бу мамлакатда коррупция ва қашшоқликка қарши мутлақо бошқа йўллар билан кураш олиб борилиши ҳисобга олиниши лозим. Хитойда “коррупцияга қарши кураш” шиори остида Си Цзинпин, энг аввало Компартиядаги ўз сиёсий рақибларини йўқ қилди. Буни “муваффақиятли сиёсий кампания” деб аташ ҳам нотўғри. Чунки бу мамлакатда коррупцияга қанчалик барҳам берилгани савол остида.
Темур Умаровга кўра, Хитойда қашшоқлик чегараси жон бошига кунига 6,33 юанни ташкил қилади ва бу миқдор 1 АҚШ долларига тўғри келади. Бу умум қабул қилинган меъёрлардан деярли икки баробар камдир.
- Албатта, бу меъёрларни туширсангиз, сизнинг камбағалликка қарши курашингиз самарали кўриниб кетади! Аммо реаллик бошқача. Менимча, Хитойнинг бу тажрибасини идеаллаштириш керакмас. Аҳоли даромадларини ошириш учун заҳиралар ва маблағларни жамиятда тенг тақсимлашни таъминлаш, иш ўринларини яратиш лозим. Бироқ ҳокимият тепасида турган одамларга қарашли бир нечта монополия бошқарувида бўлган Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ўстириш бошқалар учун фойдасиз бўлиб қолмоқда.
Мавзуга алоқадор Ўзбекистонда аҳолининг камида 4 миллиони қашшоқ экани расман тан олиндиКоррупцияга қарши кураш
Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари университети (SOAS) нинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси, сиёсатшунос Алишер Илҳомов фикрича, Ўзбекистонда камбағаллик ва қашшоқликни тугатиш учун, биринчи навбатда коррупцияга қарши самарали курашни йўлга қўйиш лозим. Таҳлилчи коррупцияга қарши курашда Хитой тажрибасидан фойдаланиш Ўзбекистон учун самарали бўлишига жиддий шубҳа билдирди.
- Хитойда коррупцияга қарши жазони кучайтириш усуллари билан курашиб келинади. Бундай усул, одатда, оддий аҳоли томонидан қўллаб-қувватланади. “Қамаш керак, отиш керак!” деган хитойча риторика Ғарб мамлакатларининг “демократик жамоатчилик институтларини яратиш орқали коррупцияни йўқ қилиш” услубидан кескин фарқ қилади, албатта: Европа жазони кучайтириш эмас, балки барча учун бир хил ишловчи қонун олдида жазонинг муқаррарлигини таъминлаш йўли билан борди. Ўзбекистон негадир ҳокимият бўлиниши, сиёсий мувозанат сақлаш ва бошқа самаралироқ усуллардан воз кечиб, Хитой йўлини танламоқда. Амалда юқори доиралар манфаатлари қонунлардан устун турибди.
Айни пайтда, Алишер Илҳомовга кўра, қашшоқликка қарши курашда Ўзбекистон Хитойдан ўрганадиган жиҳатлар бор.
- Дэн Сяопин модели асосида мамлакат иқтисодий тараққиётга эришди, аҳоли фаровонлиги ошди. Бошида Ғарбдан, бошқа мамлакатлардан кўчирмачилик билан шуғулланган Хитой бугунги кунда кўплаб параметрлар бўйича бошқа мамлакатларни ортда қолдирди: сунъий интеллект, энг янги технологиялар. Бу кўчирмачилик бошида ички бозорни зарурий товарлар билан тўлдириш ва одамларни иш билан таъминлашга қаратилган эди. Янги иқтисодий тараққиёт босқичига кўтарилган давлат ҳозир бутун дунё билан рақобатлашиш қудратига эга бўлди.
Илҳомовнинг фикрича, Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётга эришиш учун жадалроқ ислоҳотлар зарур.
- Ҳозирча Ўзбекистондаги иқтисодий муаммолар меҳнат миграцияси ҳисобигагина ҳал этилиб турибди. Иқтисодий либераллашув, хусусий мулк дахлсизлиги, мустақил суд тизими ва ижтимоий тенглик таъминланмагунча қамбағаллик муаммоси бартараф этилмайди, - дейди Алишер Илҳомов.
Жаҳон Банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда жон бошига Ялпи ички маҳсулот ҳажми 1685 АҚШ долларини ташкил этган. Бу рақам қўшни Қозоғистондаги кўрсаткичдан (10963) олти баробарга кам.
Жаҳон Банки 2019 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни дунёнинг энг қашшоқ 10 давлати рўйхатида ўнинчи ўринга қўйган эди. Ўзбекистонда ишлайдиганларнинг 19,7 фоизининг кунлик минимал харажатлари Жаҳон Банки белгилаган миқдор – 1,9 доллардан кам.