Тошкент Хитойни Қирғизистон орқали Ўзбекистон билан боғловчи темир йўл қурилиши бўйича шартнома имзолаш режаларини тасдиқлади. Бу лойиҳа чорак асрдан бери амалга ошмай келади.
Eurasia.net нашрининг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати Россияни четлаб ўтувчи ушбу йўл орқали Туркия ва Европа билан транспорт ва савдо алоқаларини яхшилашни кўзламоқда.
Бу орада Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Кавказдаги йирик инфратузилма лойиҳаси – Зангезур коридорини Тошкент ҳам қўллашини изҳор қилди. Озарбайжоннинг асосий ҳудуди ва унинг эксклави Нахчиванни Зангезур коридори орқали боғлаш ташаббусини Туркия ва Озарбайжон қўллаб келади.
Мавзуга алоқадор Украинадаги уруш Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” лойиҳасини ўзгартириб юборди«Ўзбекистон Осиёдан Европага энг қисқа қуруқликдаги йўлни таъминлаши мумкин бўлган Зангезур коридори тикланишидан манфаатдор», — дея Норовнинг 2 август куни Тошкентда Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон вакиллари қатнашган йиғиндаги нутқидан иқтибос келтирмоқда Eurasia.net нашри.
«Биз ишонамизки, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлининг [Кавказ инфратузилмаси билан боғланиши] мамлакатларимиз ўртасида ягона транспорт тармоғини яратади ҳамда Хитой ва Европа ўртасидаги савдо географиясини кенгайтиради», — деган Норов.
Зангезур коридори лойиҳаси амалга оширилса, Озарбайжон Арманистон, Эрон ва Туркия ўраб турувчи Нахчиван анклавига қуруқлик орқали уланади.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев лойиҳа Туркия ва Озарбайжон ўртасида узлуксиз қуруқлик алоқасини ўрнатиб, «бутун туркий дунёни бирлаштиришини» айтиб келади. Туркия бу лойиҳани қўллашини изҳор қилган.
Ереван 2020 йилда Озарбайжон билан 44 кун давом этган урушдан сўнг имзоланган оташкесимда бундай йўл қурилишига рози бўлган бўлса-да, Озарбайжон томони бу йўлни «коридор» деб атаётгани хавотир келтириб чиқармоқда.
Норовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Озарбайжонни Туркия билан боғлайдиган яна бир транспорт йўли: Боку–Тбилиси–Карс темирйўлидан ҳам фойдаланишга тайёр.
Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари сингари Ўзбекистон ҳам ғарбга Россия орқали ўтувчи йўлларга альтернатива изламоқда, чунки Москванинг Украинага бостириб кириши ортидан жорий қилинган халқаро санкциялар Европага Россия орқали юк юборишни мушкуллаштирди.
Тошкент Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини ушбу режанинг бир қисми деб билади, сабаби лойиҳа Пекинга Марказий Осиёга альтернатив темир йўл йўналишини беради. Айни дамда мавжуд темир йўл алоқалари Қозоғистон орқали ўтади.
Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси чорак аср давомида муҳокама қилиб келинади. Афтидан, Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан лойиҳага кўпроқ эътибор қаратила бошланган.
Норовнинг сўзларига кўра, айни дамда техник-иқтисодий асослаш устида «фаол иш олиб борилмоқда». Июнь ойида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И июнь ойида ТИАни имкон қадар тезроқ якунлаш кераклигини таъкидлади.
Қирғизистон ҳукумати қурилиш шу йилнинг кузида бошланишига қатъий ишонтирмоқда, аммо бунинг учун ТИА жуда тез суръатда якунланиши керак бўлади.
Темир йўл лойиҳаси харажатларини ким қоплаши номаълумлигича қолмоқда. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли 8 миллиард долларга тушади.
Хитойда маблағ энг кўп бўлиши мумкин, аммо Пекин барча харажатларни ўзи қоплашни истамаслигини маълум қилган.