Шу йилнинг ноябрь ойида Тожикистон ими-жимида Хитой хавфсизлик кучлари билан ўз ҳудудида мунтазам равишда терроризмга қарши машғулот ўтказиш бўйича келишув имзолади.
Тожикистон ва Хитой ҳарбийлари учун қўшма машғулот янгилик эмас – 2015 йилдан бери икки мамлакат ҳарбийлари уч марта қўшма машғулотлар ўтказган.
Аммо ноябрь ойи охирида эришилган келишув икки давлат ўртасида ўсиб бораётган ҳарбий ҳамкорликни расмийлаштиради ва Пекиннинг Тожикистон ва унинг қўшниларига нисбатан кенгайиб бораётган режаларидан далолат беради, деб ёзмоқда Озодлик таҳлилчиси Рид Стэндиш.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Россия февраль ойида Украинага бостириб кирганидан кейин Марказий Осиёда геосиёсий хавотир пайдо бўлди ва кучлар мувозанати ҳақидаги узоқ йиллик тахминлар издан чиқди. Уларнинг айтишича, Тожикистон – Хитой келишуви Марказий Осиё давлатлари анъанавий иттифоқчи бўлмиш Москвадан узоқлашиш учун ташлаган навбатдаги кичик қадамдир.
Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси ташкилоти ходими Темур Умаров Озодлик билан суҳбатда:
«Душанбе Россияга қарамликни озайтириш учун Хитой билан шундай йўл тутяпти. Асосий савол бу Россия маъқулми ёки йўқлигидадир», - деди.
Москвага қарши халқаро санкциялар ҳамда Украинадаги уруш туфайли Россиянинг Марказий Осиёдаги иқтисодий таъсири озайиб бормоқда. Шу боис Марказий Осиё етакчилари, хусусан, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон янги ҳамкорларни йўлга йўйишга ҳамда бошқа мамлакатлар билан эскидан мавжуд муносабатларни чуқурлаштиришга интилишмоқда.
Натижада Европа билан дипломатик алоқа ўрнатиш учун бир неча чора кўрилди. Жумладан, октябрь ойида Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель, ноябрь ойида эса Европа Иттифоқи ташқи сиёсати раҳбари Жосеп Боррель Марказий Осиёга ташриф буюрди. Тоқаев ҳам, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ноябрь ойида Франция президенти Эммануэль Макрон билан алоҳида учрашиш учун Парижга борди.
Марказий Осиё мамлакатлари Ғарб мамлакатларидан ташқари Туркия, Яқин Шарқ ва, муҳими, Хитой билан алоқаларни мустаҳкамлашга бел боғлаган.
Сентябрь ойида Хитой раҳбари Си Цзиньпин COVID-19 пандемиясидан кейинги илк хорижий сафари давомида дастлаб Қозоғистонга, ундан нари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга борди. Цзиньпин Ўзбекистонда хўрлангани кўриниб турган Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Бу икки раҳбарнинг Москва Украинага бостириб кирганидан кейинги илк юзма-юз учрашуви бўлди.
«Бу нафақат Европа, Туркия ва Эрон каби ўйинчилар учун, балки диверсификация қилмоқчи бўлган Марказий Осиё давлатлари учун ҳам имкониятдир», - деди Умаров.
«Аммо [Марказий Осиё] ҳамон қалтис вазиятда. Минтақа ҳеч қачон ҳозиргидек икки ўт орасида бўлмаган».
"Қизил чизиқлар"
Умаровнинг сўзларига кўра, минтақа ҳозирда Россия билан тарихий алоқаларини узиш истаги билан Москванинг шиддатли жавоби олдини олиш ўртасида баланс топишга ҳаракат қилмоқда.
«Қизил чизиқлар доимий равишда ўзгариб туради, лекин Россия учун асосийси Ғарб ҳарбийлари минтақага қайтиши олдини олишдир. Россия Марказий Осиё Ғарбга юзланишини истамайди», - деди у.
Кузатувчиларнинг фикрича, айнан шу сабабдан Марказий Осиё Хитой билан билан имзолаган келишувлар Россия учун мақбулроқдир. Бунга Тожикистон яқинда Хитой билан имзоланган келишув мисол бўла олади.
Хитойнинг Марказий Осиёдаги иқтисодий таъсири ўнлаб йиллардан бери ўсиб келади. Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатлар Пекиндан миллиардлаб доллар қарздордир.
Пекин сўнгги йилларда минтақа билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш йўлида чора кўрди. Тожикистон Пекиннинг ушбу ҳаракатларининг қоқ марказида бўлиб келади. Хитой ўзининг ғарбий Шинжон вилояти билан чегарадош Афғонистон, Покистон ва Тожикистондан терроризм тарқалишидан узоқ йиллардан бери хавотирда.
Тожикистон буни расман инкор этса-да, Хитой хавфсизлик кучлари тожикистонлик ҳамкасблари билан тожик-афғон чегарасида хавфсизлик базасини бошқариб келади. Пекин, шунингдек, собиқ совет даврида қурилган чегара постларини таъмирламоқда ва Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси бўйлаб янги чегара назорати пунктларини қурмоқда.
2021 йилнинг октябрь ойида Душанбе Хитой Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида тезкор жавоб бериш махсус бўлинмаси учун маблағ ажратишини ва янги иншоотлар қуришини эълон қилди.
Ноябрда имзоланган келишувга кўра, Хитой ва Тожикистон кучлари ҳар икки йилда бир марта терроризмга қарши кураш бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва маҳоратини ошириш мақсадида қўшма машғулот ўтказади. Келишувда матнида эътироф этилишича, машғулотлар вақти, жойи ва кўлами сир сақланади.
Вильсон марказининг Хитой ва АҚШ бўйича Киссинжер институти ходими Брэдли Жардин Озодликка берган интервьюсида:
«Евросиёда Хитой йирик банк, Россия хавфсизлик кафолатчиси вазифасини бажаради, деган қараш эскириб қолганига анча бўлди», - деди.
Пекиннинг минтақадаги хавфсизлик фаолияти кенгайишда давом этаётган бўлса-да, унинг кўлами нисбатан чекланганлигича қолмоқда. Шунингдек, Хитой кўраётган чоралар Россиянинг Марказий Осиёдаги хавфсизлик манфаатларига зид эмас.
«Россиядан фарқли ўлароқ, Хитой ўқув машғулотлари одатда кичикроқ миқёсда ўтказилади, уларда ички хавфсизлик хизматлари тоғларда террор ҳужайраларига рейд уюштиради ёки Шинжондаги шаҳарларга ҳужум қилаётган радикалларга қарши курашади», - деди Жардин.
«Бу Хитойнинг минтақадаги ташқи сиёсати нақадар ички эҳтиёжларга таянишини кўрсатади».
Пекиннинг қарашлари
Хитой Марказий Осиёда сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий таъсирини кучайтириш имониятига эга бўлса-да, Пекин ҳар доим ҳам ўз мақсадларига Москва зиёнига эришмайди.
«Менимча, Марказий Осиёда хавфсизлик масаласига келганда, Россия ва Хитой ўртасидаги потенциал рақобатга кўпинча ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратилади», - деди Умаров.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Пекин ва Москва февраль ойида ўзаро ҳамкорлик давом этишини айтиб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар давом этишини яна бир бор тасдиқлади. Бу алоқалар учун Украинадаги уруш синов бўлди. Афтидан, Россия ва Хитойнинг Ғарбга бўлган умумий адовати туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга путур етмади.
«Россия Хитойнинг хавфсизлик соҳасида кучайиб бораётган фаолиятини қабул қилиши мумкин. Кремль кўп жиҳатдан бу ўз назорати остида бўлмаган, содир бўлиши муқаррар бўлган жараён эканлигини тушунади», - дея қўшимча қилди Умаров.
Лондон қироллик бирлашган хизматлар институти ва Сингапурдаги С. Ражаратнам халқаро тадқиқотлар мактабининг катта илмий ходими Раффаэлло Пантуччининг сўзларига кўра, Украинадаги уруш Марказий Осиё давлатларига кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятини берган бўлса-да, Москва босқини Пекиннинг Марказий Осиё бўйича сиёсатини ҳамда Россия билан муносабатларини ўзгартиргани йўқ.
«Бу йил катта ўзгаришлар йили бўлди, аммо Хитой назаридан қараганда вазият унчалик ўзгармади. Тожикистоннинг Афғонистон билан назорат қилиш мушкул бўлган чегараси Хитой учун доимий хавотир манбаи бўлиб келган ва ушбу муаммо бўлган Хитой ўзи шуғулланмоқчи», - деди у.