Сўнгги жума ва шанба кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида яна кучли ёмғир ёғди.
Жорий йил баҳорида Ўзбекистонда 3-4 марта кучли ёмғир ёғиши ва сел келиши кузатилди.
Расмий маълумотга кўра, ўтган йилга нисбатан бу йилги баҳорда ёғингарчилик миқдори 3 баробаргача кўп бўлган.
Деҳқон-фермерларнинг айтишича, айрим ҳудудларда кучли ёғингарчилик оқибатида қишлоқ ҳўжалик экинларига жиддий зарар етган.
Жумладан, айрим фермерлар ғўзани қайтадан эккан ва пахта ҳосили ўтган йилга нисбатан қарйиб 1 ойга кечикиши тахмин қилинмоқда.
Боғбонлар гилос ва ўриклар меваси жиддий зарарланганини айтаяпти.
Айни пайтда сувсизлик муаммоси мавжуд чўл ҳудудларида ёғингарчилик кўп бўлгани деҳқончиликка қўл келган.
“Яна дўл ёғди”
18 май куни Бухоро вилояти Жондор туманида кучли ёмғир ёғди.
“Жондор туманида ёққан дўл қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар келтирди”, дея хабар йўллаган жондорлик манба сув остида қолган далалар акс этан видеони ҳам Озодликка йўллади.
Фавқуллодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра эса, кейинги кунларда ёққан ёмғир натижасида ҳеч қандай зарар кўрилмаган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Пахта қайтадан экилди, ҳосил 1 ойга кечикади”
Апрель ойида кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида айрим ҳудудлардаги пахта далалари жиддий зарар кўрган ва фермерлар чигитни қайта экишга мажбур қолган.
Шулардан бири, янгийўллик фермер 10 гектардан зиёд ерига чигитни қайта экиб, 10 миллион сўм зарар кўрганини айтди:
“Селдан кейин пахтани бузиб, қайтадан экдик. Бузиб-экишга кетган ҳаражат фермернинг зиммасида. 1 кило уруғ 10 минг сўм. Гектарига 50 килодан уруғ кетди. 10 гектарга 500 кило уруғ кетади. Жами 5 миллион сўмдан зиёд уруғнинг ўзига кетди. Солярка ва техника ҳаражатлари ҳам 5 миллионча бўлди. Жами 10 миллион сўм зарар кўрдим. Янгийўлдаги 80 фоиз пахта даласи бузилиб, қайтадан экилди”.
Янгийўллик фермернинг айтишича, чигит қайта экилгани оқибатида пахта ҳосили қарйиб 1 ойга кечикиши кутилмоқда.
“Ҳозир ниҳолларимиз жуда ёш. Агар куз кеч келса, бир амаллаймиз. Лекин куз эрта келса, пахта пишиб етилмаслик хавфи катта”.
“Буғдой жиддий зарар кўрмади, лекин касаллик тушди”
Ғаллачилик билан шуғулланувчи фермерлардан олинган маълумотга кўра, кучли ёғингарчилик ғаллага зарар қилмаган, бироқ айрим ҳудудларда ёмғирдан сўнг ғаллада касаллик пайдо бўлгани кузатилган.
“Айрим жойларда буғдойга занг касаллиги тушди. Касаллик ҳамма жойда эмас, лекин айрим фермерлар даласида касаллик сезилди”.
“Ўрик деярли қолмади”
Боғдорчилик билан шуғулланувчи фермерларнинг айтишича, кучли ёғингарчиликдан, асосан, ўрик дарахтлари зарар кўрган:
“Сел бўлган пайти ўриклар гуллаб бўлиб, мева туккан пайти эди. Кучли сел ўрикларнинг мевасини тўкиб ташлади. Айрим ўрик дарахтларида деярли мева қолмаган. Ўрик мевасининг фақат учдан бир қисмигина қолди. Кейин қолганига ҳам касаллик тушди. Шира босаяпти. Барглари қовжираб қолаяпти”, деди самарқандлик боғбон-фермер.
“Гилос ҳам зарарланди”
Боғбонларга кўра, кучли ёғингарчилик гилос дарахтларига ҳам жиддий шикаст етказган.
“Ҳар йили гилос баргидан ҳам кўп мева соларди. Ҳозир деярли гилос қолмаган. Кейин касал ҳам тушган”, деди ангренлик фермер.
Телеграмдаги “Боғдорчилик илми (Садоводство)” саҳифасида Тошкент вилоятидаги гилос дарахтларининг деярли барчаси жиддий зарарлангани қайд қилинган.
“Эртапишар гилоснинг ёғингарчиликдан кейинги ҳолати” дея эълон қилинган суратда гилос мевасининг чириётгани кўринади.
Дачник.уз хабарига кўра, гилос барглари тўкилиб тушиб, дарахтлар баргсиз қолган.
“Тошкент вилоятида гилослар оммавий касалланган. Катта ҳосил бўлмаслиги мумкин. Красногорск, Паркент, Ғазалкент – ҳамма жойда бир хил вазият. Фақат Тўйтепадан яхши хабар келди – уларда гилослар билан боғлиқ вазият жойида. Яна Фағона водийси гилосига умид бор”, дейилади Дачник.уз хабарида.
Ўтган ҳафта Қўйлиқ бозорида гилоснинг бир килоси 20000-30000 сўмдан сотилган.
“Ҳашаротлар кўпайди”
Фермерлар билан суҳбатдан маълум бўлишича, жорий йил далада зараркуранда ҳашаротлар ўтган йилга нисбатан кўпроқ бўлаяпти.
“Қиш қуруқ келгани учун ҳашаротлар ўтган йилгига нисбатан икки баробар кўп бўлаяпти. Ёмғирдан кейин улар ёппасига экинларга ҳужум қилаяпти. Масалан, ғўза ниҳоллари ҳали ёш бўлгани учун уларни ёппасига кемириб ташлаяпти. Ҳеч нарса ёрдам бермаяпти”.
Расмий маълумотга кўра, жорий баҳорда ёғингарчилик миқдори ўтган йилларга нисбатан 1,5- 2 баробар, айрим ҳудудларда 3 баробаргача кўп бўлганлиги сабабли тупроқ намлиги кескин ошиб кетган.
“Об-ҳаво ноқулай ва серёғин келган йилларда пахта етиштириш анча қийинлашган ва кутилмаган жиддий муаммолар юзага келган. Хусусан, намлик меъёридан юқори бўлган майдонларда қатқалоқ юзага келиши, ғўза ниҳоллари нимжон униб чиқиб, касалликларга тез чалинувчан ва зараркунандаларнинг зарарли таъсири юқори бўлиши кузатилган”, дейди қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Тешаев Тошкентдаги тадбирда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Томорқаларга қайта экин экилди”
Апрель ойида кучли ёмғир ёғиши ва сел келиши оқибатида Самарқанд, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарёнинг айрим қишлоқлар аҳолисининг томорқалари катта талафот кўргани хабар қилинганди.
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида яшовчи манбаларга кўра, томорқаси сув остида қолган хонадонларнинг аксари томорқасига қайтадан экин экишга мажбур қолган.
“Бизнинг томорқани сув босмади. Лекин помидорларимиз синиб қолди. Шунинг учун бозордан қайта кўчат олиб келиб, экдим. Лекин қўшни маҳаллада томорқасини сув босганлар ҳамма нарсани қайтадан экишди”.
“Узумзорлар зарар кўрмади”
Боғдорчилик билан шуғулланувчи бухоролик фермернинг айтишича, унинг узумзорлари бу йилги ёғингарчиликдан омон қолган.
“Боиси мен об-ҳавони кузатиб турдим. Ёғингарчилик бўлишини билгач, токларимни очмадим. Биринчи кучли ёғингарчилик бўлган пайти токларим кўмилган ҳолда эди. Ёмғирдан кейин очдим. Яна икки марта кучли ёғингарчилик бўлди. Лекин ток эндигина очилгани учун уларга ёмғир зарар қилмади, аксинча фойда қилди. Томорқадаги экинларни ҳам кечроқ экканим учун зарар кўрмадик”.
“Ёғингарчилик фойда қилди”
Чўл ҳудудларида яшовчи фермерлар ва оддий аҳоли вакилларига кўра, жорий баҳорда ёғингарчилик кўп бўлгани ҳосилга фойда қилган.
“Ёғингарчилик кўп бўлгани яхши бўлди. Бизнинг Муборак туманимиз чўл зонаси бўлгани учун сувсизлик муаммоси бор. Қанча кўп ёмғир ёғса ҳам, тупроққа сингиб кетади. Ёғингарчилик кўп бўлгани сув муаммосини камайтирди. 12 сотих томорқамизга помидор, картошка, бодринг каби 9 хил нарса экдим. Ҳаммаси яхши ўсаяпти”.
Расман: Сув мўл бўлади
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 8 апрель куни тарқатган маълумотга кўра, Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах ва Сурхондарёнинг айрим қишлоқларида баҳор пайти бир ойда ёғадиган ёғин миқдори бир неча соат ичида ёққан.
Расмийларга кўра, жорий йил ёғингарчилик кўп бўлгани сув муаммосини бартараф этишда қўл келмоқда.
Ўтган ой Халқаро Пресс клубда ўтган тадбирда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Тешаев жорий йил ёғингарчилик мўл бўлгани сабаб сув омборларида етарлича сув йиғилганини таъкидлаган эди.