Қирғизистон-Россия Славян университетининг йигирмадан ортиқ профессорлари ва ўқитувчилари, жумладан, университет ректори ишдан олинди. Расман уларнинг ишдан олиниши сабаблари жамоатчиликка ошкор этилмади. Аммо профессорлар ва айрим ўқитувчилар Россия нашрлари уларни “русофоблик” да айблаб чиққани ортидан ишдан олишлар бошланганни айтмоқда.
Александр Карцев 25 йилдан бери Қирғизистон-Россия Славян университетининг журналистика факультетини бошқариб келган. Бир ҳафта олдин фанлар доктори, профессор Карцевга университет ректорати ишдан бўшатилганини маълум қилган. Нима учун деган саволни ректорат жавобсиз қолдирган.
“Менга бу “юқори”дан келган буйруқ деб айтишди. “Юқори”ни ҳам эртаси куни ишдан олишди. Мен ректорнинг олдига кириб: “Қайси айбим учун”, деб сўрасам, ректор “мени қайси айбим учун ишдан бўшатишди”, деб саволимга савол билан жавоб берди",- деди Александр Карцев.
Қирғизистон-Россия Славян университетининг профессор ўқитувчилари таркибини тозалаш ректорни лавозимидан бўшатишдан бошланди. Владимир Нефадьев университетга очилганидан бери, яъни деярли 30 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётган эди. Унинг нега ишдан олингани тўғрисида ҳеч қандай расмий маълумот берилмади.
Оммавий ахборот воситаларида “университет кекса ёшдаги профессорлар билан хайрлашмоқда”, деган тахмин пайдо бўлди. Чунки Карцев 77, Нефадьев эса 76 ёшда. Аммо университет матбуот хизмати бу таҳминларни рад этди:
“Айрим оммавий ахборот воситаларида пенсия ёшидаги ходимларнинг ишдан бўшатилаётганига оид маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди”
Университет матбуот хизмати бундан бошқа ҳеч қандай тушунтириш бермади. Айни пайтда Университетдаги кадр ўзгаришлари ва бунинг сабаблари тўғрисида Россиянинг Марказий Осиёдаги воқеаларни ёритувчи “Стан радар” нашри батафсил маълумотларни эълон қила бошлади. “Стан радар” сайтида университет ходимларини қораловчи қатор мақолалар эълон қилинди.
Мақолаларда иддао қилинишича, Россия солиқ тўловчилари томонидан молиялаштириладиган Қирғизистон-Россия Славян университетида ректорнинг бефарқлиги ортидан “русофоблар қўрғони пайдо бўлган”.
“Мени русофоб дейишмоқда. Русофоб нима дегани ўзи? Бу менинг урушдан норозилигимми? Албатта, мен урушдан норози бўламан. Чунки ҳар қандай уруш генофонднинг йўқ бўлишидир. Бугун айни мана шу ҳолат юз бермоқда. Россия генофонди ҳам, Украина генофонди ҳам йўқ қилинмоқда”, - деди профессор Александр Карцев.
“Стан радар” нашри Қирғизистонда таниқли врач ва шоир, университетнинг тиббиёт факультети декани Анес Зарифянни ҳам русобоблар қаторида тилга олган. У ҳам ижтимоий тармоқларда Россиянинг Украинага босқинига қарши ўз фикрларини тарқатган эди. Зарифян ҳам ишдан бўшатиладиган профессорлар рўйхатидан жой олди.
“Менинг шарҳларим, шеърларим, ва узоқ йиллар давомида айтиб келган бошқа фикрларим менинг шахсий позициямдир. Мен ҳеч ким шахсни шахсий фикрга, шахсий позицияга, шахсий талқинга ва шахсий хулосага эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қила олмайди, деб ҳисоблайман”,-деди Анес Зарифян.
Қирғизистон-Россия Славян университети ўқитувчиларидан яна 20 нафари ишдан бўшатилиши кутилмоқда. Улар орасида журналист ва педагог Дмитрий Ложников ҳам бор. У журналистика факультетида талабаларга пропагандани объектив маълумотдан ажратиш сирларини ўргатган эди.
“Журналистика кафедраси учун ва журналистика ўқитувчиси сифатида мен учун Россиянинг Украинага уруш очгани мавзусини муҳокама қилиш айни бугунги кун учун долзарбдир. Конфликтнинг ҳар икки томонидаги журналистлар қандай ишлаяпти, учинчи томондаги журналистларнинг муносабати қандай бўлиши лозим деган саволларга жавоб қидиришимиз керак. Биз журналистика ўқитувчиси сифатида бу нарсани талабаларга тушунтиришга мажбурмиз. Биз Қирғизистонда яшаяпмиз ва Россия пропагандаси нима эканини яхши тушунамиз”, -деди Дмитрий Ложников.
Қирғизистон-Россия Славян университетидаги зиддият эндигина бошланиб, вазият янада кескинлашиши мумкинлиги таҳмин қилинмоқда. Чунки профеесорлар билан бир қаторда кўплаб ёш ўқитувчиларга ҳам ишдан кетишлари кутилмоқда. Улар ҳозирча журналистларга ошкора маълумот беришдан тийилмоқда.