Жиззахнинг Зомин туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож икки аёл Хотин-қизлар қўмитаси собиқ раиси Элмира Боситхонова ва президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов шахсан ваъда қилган уй ва моддий ёрдамни ололмаяпти.
Давлат маслаҳатчиси Т . Худойбергановнинг ўтган йил декабрда Жиззахга сафарини ёритган ЎзА агентлиги бу аёллардан бири - зоминлик 40 яшар ногирон Ҳайитгул Олтмишовага уй ваъда қилинганини хабар қилганди.
Аёлларнинг иддао қилишича, Тошкентдан борган мулозимларнинг ваъдаларини бажаришни ўз зиммасига олган туман ҳокимлиги ҳануз уларнинг муаммоларини ҳал қилмаган.
Зоминнинг Халқобод маҳалласида яшайдиган иккинчи гуруҳ ногирони, 40 яшар Ҳайитгул Олтмишова 8 яшар қизини ёлғиз тарбия қилади.
Айтишича, у бошпанасиз - қариндошларининг уйида ижарада яшайди.
2 март куни Озодлик билан суҳбатда Олтмишова бошпана ва ногиронлигига лойиқ бир ишга муҳтожлигини айтди.
Айтишича, Олтмишова ёрдам сўраб маҳаллий ҳокимиятга кўп марта мурожаат қилган, бир неча бор Тошкентга борган, аммо муаммолари ҳал бўлмаган.
Бундан икки ой олдин - 2019 йилнинг декабрь ойида у Жиззахда сайёр қабул ўтказган президент давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов ҳамда собиқ Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова билан ҳам учрашганини билдирди.
Бу мулозимларнинг сайёр қабули ва қабуллар чоғида ногирон аёллар, хусусан Олтмишовага уй ваъда қилингани ҳақида ЎзА агентлиги хабар берган.
Олтмишованинг айтишича, ҳар икки мулозим унга ёрдам ваъда қилган ва туман ҳокимлигига тезлик билан бу аёлни уй-жой билан таъминлашни топширган:
- Турсунхон Худойбергенов менинг бир ўзимни қабул қилди. Мана мен сенга уй бераман, деди. Ҳокимларни уришди. Ундан олдин Элмира Боситхонова келди Зоминга. Аввал мен у кишининг Тошкентдаги идорасига ҳам боргандим. Ҳар гал бизнинг дардимизни эшитди, минг раҳмат. Ёрдам берамиз сизга синглим, деб кетди.
Олтмишованинг даъво қилишича, Тошкентдан борган мулозимлар олдида Зомин туман ҳокими уларни зудлик билан ижтимоий ҳимоя ва уй-жой билан таъминлашни ваъда қилган.
Аммо, орадан 2 ярим ой ўтиб ҳам муаммоси ҳал бўлмаган.
29 февраль - Зомин тумани ҳокими аҳолини қабул қиладиган куни ваъдалар ижросини сўраб, ҳокимиятга борган аёл яна қуруқ қўл билан қайтганини айтди:
- Менга 2020 йилда уй-жой бериладиганлар рўйхатига исмингиз киритилди, дейишди. Лекин, 2 ойдан бери қўлимга бирорта қоғоз беришмади. Турсунхон Худойберганов келганда ҳам қўлимга бирорта қоғоз беришмаганди. Мен 2018 йилдан бери мурожаат қиламан, лекин муаммоларим умуман ҳал бўлмапяти. Ҳозир яна уларнинг қуруқ ваъдасига ишонаманми?!
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Олтмишованинг айтишича, 2019 йилнинг 8 декабрида Зомин туманига борган собиқ Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова билан яна ўнлаб кам таъминланган, ногирон ёки боқувчиси бўлмаган аёллар учрашган.
Бу ҳақда ЎзА агентлиги берган расмий хабарга кўра, ўша кезда Хотин-қизлар қўмитасига раис бўлган, ҳозирда эса янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари бўлган Боситхонова Зоминда сайёр қабулда 75 фуқаронинг 120 га яқин мурожаатини тинглаган.
Айтилишича, вазир ўринбосари ўша заҳотиёқ тумандаги муассаса, корхона ва ташкилот раҳбарларига аниқ топшириқлар берган. Расмий хабарда муаммоларнинг аксарияти жойида ечимини топгани айтилган.
Олтмишованинг айтишича, орадан 5 кун ўтиб, 13-14 декабрь кунлари туманда сайёр қабул ўтказган президентнинг давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов унга уй берилишини ваъда қилган, туман ҳокимлиги эса бу ваъдани бажаришни зиммасига олган.
Давлат маслаҳатчисининг туманга сафарини ёритган ЎзА агентлиги Олтмишованинг уй ваъдасидан мамнунлиги ҳақида хабар қилганди.
"Улар туман раҳбарларига янги қурилаётган уйлардан бирини менга ажратиш бўйича топшириқ берди. Бошланғич тўлови тўлаб бериладиган бўлди. Давлатимизнинг бу яхшилигини умрбод ёддан чиқармайман. Жойларда одамларнинг эҳтиёжларини ўрганиб, уларни ҳал этишни йўлга қўйган Президентимизга мингдан минг раҳмат", деб хабар қилган эди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Агентлик президент давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов оммавий сайёр қабулда ҳам "246 фуқаронинг мурожаатини тинглагани, бу мурожаатларнинг 434 таси жойида ҳал этилгани"ни хабар қилганди.
Аммо, Олтмишованинг 2 март куни айтишича, ҳатто Тошкентдан борган мулозимлар ҳузурида берилган ваъдаларни тасдиқловчи бирорта ҳужжатни қўлига олмаган.
- Қўлимга бир парча қоғоз беришмади ҳали. Менга ўхшаган аёллар жуда кўп туманда. Шанба куни Зомин туман ҳокимининг қабулида 30тача аёл бор эди. Кўпчилиги Боситхонова, Худойберганов билан учрашган. Лекин, бирортасини муаммосини ҳал қилиб беришгани йўқ ҳалиям, - деби шикоят қилди Олтмишова.
Озодлик Олтмишова каби сайёр қабулга Тошкентдан борган мулозимларнинг ваъдасига ишонган яна бир ногирон аёл билан ҳам гаплашди.
Бу 29 февраль куни Зомин тумани ҳокими қабулига борган ўнлаб аёлдан бири - Зомин туманидаги "Шароф Рашидов" маҳалла фуқаролар йиғинида яшайдиган биринчи гуруҳ ногирони, 38 яшар Дилноза Маматқуловадир.
Айтишича, бу аёлнинг кўзлари умуман кўрмайди - мустақил ҳаракатлана олмайди, ягона боқувчиси бўлган турмуш ўртоғи эса хаста.
У 2-3 йилдан бери ҳокимликдан чала битган уйининг таъмирида ёрдам ва моддий ёрдам пули сўраб, ололмаётганини айтади.
- Шанба куни ҳокимнинг қабулига бордим. Ҳақиқатни айтаман, яна ёрдам ўрнига ҳақорат эшитиб чиқдим. Зомин туманида ҳақиқат йўқ. Ногиронларга ҳурмат йўқ. Муомала маданияти йўқ. Аслида, мен хўжайним билан 6 сотих ер олиб, ўша ерда амаллаб бир уй қурганмиз. Аммо, пол ўрнида шағал ётибди, потологи ҳам йўқ. Ногирон яшайдиган шароит йўқ уйимда. 2-3 йилдан бери шу уйни таъмирига ёрдам сўрадим ва маҳалладан моддий ёрдам пули сўрадим, аммо беришмаяпти, - дейди Дилноза Маматқулова 2 март куни Озодлик билан суҳбатда.
Озодлик бу икки аёл шикоятига изоҳ сўраб, туман ҳокими Алишер Абдуғаниев қабулхонасига қайта-қайта қўнғироқ қилди, аммо ҳоким билан боғланишга муваффақ бўлмади.
Ҳокимнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Нодира Файзиева эса шанба куни ҳоким қабулига бир неча норози аёл келгани, уларга ёрдам берилаётганини таъкидлади.
Аммо, бу мулозим Озодликка расман интервью бермаслиги, шунингдек саволларга телефон орқали жавоб бермаслигини айтиш билан чекланди.
Зомин туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллардан аввал ҳам Озодликка шикоятлар келган.
Жумладан, Жиззах вилояти Зомин туман тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган 30 дан ортиқ ҳамшира, санитарка ва диспетчер аёл ёппасига ишдан бўшатилаётганидан шикоят қилганди. Уларнинг аксарияти боқувчиси йўқлиги, ёш болалари бўлган ёлғиз она ёки оиласининг ягона боқувчиси эканини айтишганди.
Бу мурожаат Озодликда ёритилгач, туманда суриштирув бўлган ва аёлларнинг аксарияти иш билан қайта таъминланганди.
Жиззахнинг Зомин тумани - Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев туғилиб-ўсган тумандир. Хусусан, 2 март куни Озодликка шикоят қилган Олтмишова яшайдиган "Халқобод" маҳалласида президент улғайган.
Озодликка боғланган аксар шикоятчилар, шу боис, ушбу туманга Тошкентнинг эътибори кучли экани ва айни пайтда, тумандаги шикоятчи аҳоли Тошкентга арзини чиқаришда маҳаллий раҳбариятнинг оғир босимига учрашини айтиб келади.