Андижон вилояти Асака туманида 9 мартда бошланган бир ойлик «Эко акция» деб номланган ҳашар доирасида маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган ва нафақа олувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда.
Ҳашарни ташкил қилиш ва унда қатнашишга мажбурланаëтган асакаликларнинг Озодликка хабар қилишича¸ туман янги ҳокими Иномжон Мамадалиев маҳалла раисларига ҳар куни ҳашарга камида 20 кишини олиб чиқишни буюрган. Бу топшириқни бажармаган маҳалла раисларига эса интизомий жазо чоралари кўрилмоқда.
Озодлик боғланган туман ҳокими ўринбосари бу хабарларни рад этишга уринди¸ айни пайтда ободонлаштириш бўлими масъули¸ уларни тасдиқлади.
"Бизни қулдек ишлатишаяпти. Айбимиз камбағал бўлганимизми?"
Асакада “Эко акция” ҳашарига 9 мартдан буён мажбуран олиб чиқилаётганлардан бири Озодлик билан суҳбатда тадбирда¸ асосан¸ давлатдан моддий ëрдам олувчи кам таъминланган оилалар вакиллари ишлаëтганини айтди:
- Мен Бирдамлик маҳалласиданман. 9 мартдан бери ҳар куни ҳашарга олиб чиқишади. “Ҳашарга чиқмасанглар болалар пули ва бошқа моддий ёрдамлардан маҳрум қиламиз”, деб айтишди. Шунинг учун ҳашарга чиқишга мажбур бўлаяпман. Бизнинг маҳалла Барака, Муқимий маҳалла фуқаролар йиғини билан биргаликда “УзАвтомоторс” йўлида ободонлаштириш ишларини олиб бораяпти. Ҳашарда қатнашаётганларнинг ҳаммаси менга ўхшаган давлатдан моддий ёрдам олувчилар. Юзга яқин одаммиз. Ҳаммамизни қулдай ишлатишаяпти. Айбимиз камбағал бўлганимизми?”
Маҳалла раиси: Ҳар бир маҳаллага 200-300 тадан кўчат сотиб олиш мажбурияти ҳам юкланган!
Озодлик Бирдамлик маҳалла раиси билан боғлана олмади. Бироқ бошқа бир маҳалла раиси исми сир тутилиши шарти билан туманга 4 март куни тайинланган янги ҳоким Иномжон Мамадалиев ўзларига “одамларни ҳашарга олиб чиқасан” деб қаттиқ босим кўрсатаётганини айтди:
- Масалан, Кужган, Маркаюз, Қурама, Бозорбоши, Озод маҳаллалари ҳашарга чиқмаётган эди. Ҳоким уларга қаттиқ огоҳлантириш берди. “Агар ҳашарга чиқмасанглар¸ интизомий чора кўраман, ишдан бўшатаман”, деб босим кўрсатаяпти. Мажбур бўлиб, одамларни ҳашарга олиб чиқаяпмиз. Бизнинг кучимиз етадигани кам таъминланган оилалар. Уларни ҳашарга олиб чиқиш учун “ҳашарга чиқмасанг¸ моддий ёрдамни бекор қиламиз”, деб айтаяпмиз, чунки бошқа иложимиз йўқ. Янги ҳоким Иномжон Мамадалиев ҳар куни ҳашарга ҳар битта маҳалла 20 кишини олиб чиқишини шарт қилиб қўйган. Ҳашар эса бир ой давом этади.
Суҳбатдошларнинг айтишларича, ҳар бир маҳаллага 200-300 тадан арча ва манзарали дарахтлар кўчатларини сотиб олиш мажбурияти ҳам юкланган. Маҳалла раисларидан бири Асакада янги ташкил этилган “Ёшлар боғи”ни ободонлаштириш учун ҳам ҳар куни ёшидан қатъий назар ҳар бир маҳаллага 10 нафардан ҳашарчи олиб чиқиш топширилганини ҳам айтди.
Ҳоким ўринбосари: Бизда мажбурий меҳнат йўқ!
4 март куни Асака туман ҳокими сифатида иш бошлаган Иномжон Мамадалиевнинг маҳаллалардан ҳашар деб аталаëтган бир ойлик тадбирга текин ишчи топиб бериш бўйича босим қилаëтгани ҳақидаги хабарларни ҳоким ўринбосари Икромжон Соипов рад этишга уринди:
- Йўқ, ҳеч ким ҳашарга мажбуран олиб чиқилмаяпти. Бизда мажбурий меҳнат йўқ. Ёшлар, аҳоли ўз ташаббуси билан чиқаяпти ҳашарга. Кўчатларни сотиб олишга мажбур қилишаяпти, деган гап ҳам асоссиз. Ободонлаштириш бўлими ҳаммани кўчатлар билан таъминлаяпти. Мен аниқ ишонч билан айта оламанки, кўчат сотиб олиш учун ҳеч кимга солиқ солинмаган. Ҳаммасини давлат ҳисобидан таъминлаяпмиз.
Айни пайтда туман ободонлаштириш бўлимининг Асака-Андижон йўналишидаги "ҳашар"да қатнашаëтган масъулларидан бири ўз исми очиқланмаслигини сўраб¸ маҳалла раислари ва ҳашарчилардан олинган маълумотларни тасдиқлади.
- Ободонлаштириш бўлими кўчатлар билан қисман таъминлаяпти. Бу кўчатларни ободонлаштириш бўлими ишчилари катта кўчалар бўйлаб экишаяпти. Ҳозиргача 2,5 мингта кўчат экдик. Аммо ҳар бир маҳаллага, мактаб ва бошқа ташкилотларга ҳам 200-300 тадан арча, манзарали ва мева дарахтлари кўчатларини сотиб олиб, экиш топширилган. Улар кўчатларни бозорлардан сотиб олиб келишаяпти. Уларни биз қабул қилиб олиб, ўша маҳаллалар ҳудудларига эктираяпмиз.
Асакада бундан аввал ҳар бир амалдорга солиқ солинган эди
Озодлик радиоси 4 март куни Асака туманида ободонлаштириш ишлари учун корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ўз ҳисобидан 50 тадан 500 тагача арча, мевали ва манзарали дарахт сотиб олишга мажбурланаётгани ҳақида хабар берган эди.
Мавзуга алоқадор "Эко ҳашар" доирасида бюджет ходимлари 1 миллион сўмга арча кўчати олишга мажбурланмоқдаЎшанда туман ҳокимлигининг исми сир қолишини истаган вакили Асакада нафақат корхона ва ташкилотлар, маҳалла қўмиталари, балки ҳокимлик ходимларининг ўзи ҳам ўз ёнларидан камида 1 миллион сўмлик арча ва манзарали дарахт кўчатлари сотиб олишга мажбурланаётганини тасдиқлаган эди.
4 март куни Бўстон (аввалги номи Бўз - таҳр.) туман ҳокими¸ асли асакалик Иномжон Мамадалиев Асакага ҳоким этиб тайинланди.