Иккинчи муддат ва Учинчи Ренессанс. Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига янги вазифа юклади

"Янги Ўзбекистонни бирга қурамиз!" деган улкан шиор Совет даврида қурилган эски уйларни тўсиб турибди. Чиноз шаҳри, 2021, 19 июль.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 июлда имзолаган қарори билан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига "Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон" ғоясини кенг тарғиб қилиш вазифасини юклади.

Айни қарор билан амалда марказ Учинчи Ренессанс марказига айланмоқда. Дастлаб Ислом маданияти марказий номи билан ташкил этилган марказни президент Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрида Ислом цивилизацияси маркази деб аташни таклиф қилган эди.

Сўнгги ўзгариш амалдаги президент Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган президент сайловлари арафасида юз бермоқда.

Ислом цивилизацияси маркази вакилининг Озодликка билдиришича, Марказ ўз олдига қўйилган биринчи босқич вазифаларини бажариб бўлди, Президентнинг 16 июлдаги қарори билан эса, муассаса олдига навбатдаги вазифалар қўйилди.

Президентнинг бундан уч йил олдинги қарори билан тузилиб, шу пайтгача мамлакатнинг “кечаги куни” билан шуғулланиб келган Марказ бундан буён Ўзбекистоннинг “бугун”и ва “эртанги куни” билан шуғулланадиган бўлди.

Мавзуга алоқадор OzodTarmoq: Учинчи Ренессансда ўлим

Президент Мирзиёев "Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон" ҳақида илк бор бундан бир йил муқаддам Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида гапирган эди.

Айрим таҳлилчилар фикрича, Ислом цивилизацияси маркази олдига қўйилган вазилар у ёқда турсин, бундай муассасанинг Ҳукумат таркибида бўлишининг ўзиёқ мамлакат Конституциясига зиддир.

Ўтган йилги нутқ

Президент Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишлаб, 2020 йилнинг 31 августида ўтказилган тантанали йиғилишда қилган нутқида “жаҳон «Янги Ўзбекистон» иборасини тилга олаётгани”ни айтиб, “Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётганини” иддао қилган.

Ўтган бир йил ичида “Янги Ўзбекистон” университети ташкил қилинди, “Янги Ўзбекистон” боғи қурилиши бошланди.

“Янги Ўзбекистон” газетаси ҳам бор. Фақат у Президентнинг Учинчи Ренессанс ҳақидаги гапидан олдинроқ – 2020 йилнинг бошида таъсис этилган эди.

Нутқ қарорга айланди

Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида Президент яна бир қарори билан Ислом цивилизацияси марказига "Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон" ғоясини кенг тарғиб қилиш; мамлакатнинг янги даврдаги ютуқларини кенг жамоатчиликка етказиш; моддий-маданий мерос ва ислом дини билан боғлиқ анъаналарни тарғиб қилиш вазифаларини юклади.

Марказнинг бир қатор бошқа вазифалари ҳам борки, улар билан мана бу жойда батафсил танишишингиз мумкин.

"Биринчи ва Иккинчи Ренессанс"лар

Президентнинг 16 июлдаги қарори билан Марказ фаолиятида нималар ўзгради? Озодликнинг бу саволига Ислом цивилизацияси маркази Халқаро алоқалар бўлими мудири Саидкомил Холхўжаев бундай жавоб берди:

“Президентнинг бу қарори Марказимиз фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган. Қарор йўналишимизни бошқа йўналишга буриб юборишга қаратилмаган. Марказимизнинг шу пайтгача бўлган фаолиятига оид Президентимизнинг олдинги қарорида олдимизга 11 та вазифа қўйилган эди. Бу вазифаларнинг асосийси мамлакатимиз жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми ва бешиги сифатида ва Ислом маданиятининг маркази бўлиб келганини илмий асосда ўрганиш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш бўйича илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш юклатилган эди. Бу иш бугунга келиб бажарилди”.

Марказ вакили Саидкомил Холхўжаев айтаётган вазифалар билан мана бу жойда батафсил таниши мумкин:

Мавзуга алоқадор Мирзиëев Конституцияда тақиқланган ягона мафкурани яратиш учун бюджетдан 120 млрд ажратди

Ислом цивилизацияси маркази вакилининг Озодликка айтишича, Марказ биноси шу кунда битиш арафасида турибди.

40 киши ишлайдиган Марказ, Саидкомил Холхўжаевнинг айтишича, шу кунда ўз олдига қўйилган вазифаларнинг иккинчи босқичини бошлаш арафасида турибди, бу босқичда вазифалар яна 11 тага кенгайди, Марказга яна қўшимча илмий ходимлар ишга олиниши кутилмоқда.

“Ўтган вақт ичида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжатга эга бўлдик ва уни бир йилдан кейин очиладиган музейимизда намойиш қиламиз”, деди Саидкомил Холхўжаев.

“Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат” қандай ҳужжат эканлигини Марказ вакили ҳозирча очиқламади.

Саидкомил Холҳўжаевнинг айтишича, “Биринчи Ренессанс Исломнинг олтин даври IX – XIII асрлар бўлса, Иккинчи Ренессанс Темурийлар давридир”.

(Озодлик “Ренессанс” тушунчаси масаласида Марказ вакили билан баҳсга киришиб ўтирмади. “Ренессанс” сўзи остида одатда Европа маданияти тарихининг XIV – XVI асрлар орасидаги даври тушунилади. Марказ вакили ҳам “Мен бу ерда фақат Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ ренессанс ҳақида гапиряпман”, деди)

Саидкомил Холхўжаевнинг айтишича, Марказ тузилганидан буён ўтган уч йил ичида унинг мутахассислари Биринчи ва Иккинчи Ренессанс туфайли ривожланишда халқнинг ўрни қандай, давлатнинг ўрни қандай деган саволларни илмий асосда ўрганиб чиқдилар.

“Иккинчи босқичда биз бу билимларни одамларга етказишни бошлаймиз ва шу меросимизга таяниб, “келинглар, Учинчи Ренесссансга қадам қўяйлик”, деган ғояни тарғиб қиламиз. Ислом цивилизацияси маркази маърифатли исломга таянадиган “мотиватор” муассасадир”, деди Саидкомил Холхўжаев.

Ислом цивилизацияси маркази шу пайтгача мамлакатнинг “кечаги куни” билан шуғулланиб келди. Президентнинг 16 июлдаги қарорига биноан Марказ бундан буён Ўзбекистоннинг “бугун”и ва “эртанги куни” билан шуғулланаши лозим. Шундан келиб чиқиб, Сиз ишлаётган Марказни Ўзбекистоннинг “Пропаганда маркази” дейиш мумкинми?

Бу саволга Ислом цивилизацияси маркази Халқаро алоқалар бўлими мудири Саидкомил Холхўжаев бундай жавоб берди:

“Марказимизга аниқ бир ғоя берилган. Аниқ бир ғояни пропаганда қилиш, тарғиб қилиш вазифаси берилган. Бу Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон ғояси. Бу биз Учинчи Ренессанс даврига кириб бўлдик, ривожланиб бўлдик, дегани эмас, балки юксалишимиз учун қадам қўяйлик, ривожланиш пойдеворини яратайлик, бунинг учун биргаликда ҳаракат қилайлик, деган ғоядир. Бу Ўзбекистонни тарғиб қилиш ғояси эмас, балки юксалишга бўлган қизиқишни парваришлаш ғоясидир”.

"Давлат мафкураси"

Президентнинг 16 июлдаги қарори мамлакат асосий қонуни - коснтитуцияга зидлиги ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмоқда. Блогер Хуршид Йўлдошев аввало Ислом цивилизацияси маркази мавжудлигининг ўзиёқ "Виждон эркинлиги тўғрисида"ги қонуннинг 5-моддасига зид, деб ҳисоблайди.

5-моддада "Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар йўл қўйилмайди" дейилган. Ҳукумат таркибида бундай марказ борлигининг ўзи қонунга зид эмасми?" деб ёзди блогер.

Хуршид Йщлдошевнинг фикрича, Марказ олдида "Учинчи Ренессанс - Янги Ўзбекистон" ғоясини тарғиб қилиш вазифаси эса, мамлакат Конституциясининг 12-моддасига зид.

12- моддада "Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас", дейилган.

Конституцияда шундай меъёр бўлишига қарамай, жорий йил январида президент Мирзиёев маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича Тошкентда ўтказилган селектор йиғилишида президент янги мафкурани давлат бюджетидан молиялаш ҳақида ҳам топшириқ берган эди.

Президент матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра¸ “Янги Ўзбекистон мафкурасини ишлаб чиқиш учун тузилажак янги ташкилотга маблағ ажратилган”.

“Миллий ғоя тарғиботи учун «Ижод» жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилади. Бу жамғармага 120 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағнинг 90 миллиард сўми ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга, 20 миллиард сўми Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга, 10 миллиард сўми мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишгайўналтирилади”, дейилган расмий хабарда.

Каримовнинг 5 тамойили ўрнига Мирзиёевнинг 5 ташаббуси

Тошкент вилоят, Чиноз туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган 38 яшар ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчисининг Озодликка айтишича, шу пайтгача Президентнинг 5 ташаббуси ўқувчилар орасида тарғибот ўтказишнинг асосий воситаси бўлиб келаётган эди:

“Мактабимизнинг пештоқидан тортиб, деярли ҳар бир синф хонасида ўша 5 ташаббус акс этган. Адабиёт хонасида адабиётга доир ташаббус, компьютер хонасида информацион технологияларга оид ташаббус...”, деди исми айтилмасилигини сўраган ўқитувчи.

Президент Мирзиёевнинг 5 ташаббуси

Афтидан, янги ўқув йилидан бошлаб барча ўқув юртлари, шу жумладан мактаблар ўқувчиларни бино пештоқидаги “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” деган шиор билан кутиб олади.

2019 йилнинг 19 мартида Ўзбекистон президенти ёшларга бўлган эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишга оид беш ташаббус ҳақида гапирган эди.

Ўшандан сўнг бутун мамлакат бўйлаб беш ташаббусни “Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш” тадбирларида тарғиб қилиш бошланган эди.

Бундай тадбирлар Ислом Каримов даври учун ҳам хос бўлган, у даврда ҳозиргидай “5 ташаббус” эмас, “5 тамойил” удумда эди.

Биринчи президент 1993 йилда эълон қилинган «Ўзбекистон - бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига xос йўли» асарида туб иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг 5 тамойилига асосланган “Ўзбек модели” ҳақида ёзган эди. Ислом Каримов вафотидан кейин бу тамойиллар унутилди.

2019 йилнинг 25 августида собиқ ташқи ишлар вазири ва жорий Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев "Ўзбек модели" "нотўғри сиёсат бўлганини" айтган эди.

"Кўп йиллар биз аста-секин, ўзбек модели... деб юрдик. Бу - нотўғри бўлган сиёсат. Мана бугун бу тўғриланмоқда", - дея Сафоевнинг Сенатдаги чиқишидан иқтибос келтирган Кун.уз нашри.